Одам савдоси инсон
қадр-қимматига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан
бири бўлиб, унинг чегара танламаслиги, асосан ёшлар ва аёлларни домига
тортаётгани барчада бирдек ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Афсуски, юртдошларимиз
орасида ҳам пул, бойлик учун ана шундай жиноятларга қўл ураётганлар йўқ эмас.
Улар гўзал ҳаёт, сердаромад иш ваъда қилиб, ишонувчан ва мавжуд қонун
қоидалардан бехабар юртдошларимизни ўз тўрларига илинтиришаяпти. Мутасадди
идоралар, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан доимий огоҳлантиришлар кўрилаётган
чора-тадбирларга қарамай, фирибгарлар алдовига гув тушиб, бегона юртларда
саргардон бўлаётганлар хануз учраб турибди.
Мамлакатимизда одам савдоси жиноятининг олдини олиш ва унга
қарши курашиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, одам
савдосига барҳам беришнинг норматив – ҳуқуқий базаси шакллантирилди.
Республикамизда инсон ҳуқуқлари бўйича жирканч иллатга қарши курашиш ва
уларнинг қурбонларини ҳимоя қилишга оид қарийб 100 га яқин халқаро хужжатга
қўшилди. Шу билан бирга, хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу
жумладан одам савдоси жиноятларининг хавфли кўринишларига қарши кураш бўйича
ҳам кўплаб шартнома ва келишувлар имзоланди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,
Республикамиз миқёсида одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг оқибатлари
ҳақида аҳолини хабардор этиш мақсадида жойларда кенг қамровли тарғибот
тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Шунингдек чегара ҳудудларда ва жамоат жойларда
одам савдоси жиноятларидан огоҳ этувчи кўргазмали тарғибот ва ташвиқот
воситаларини ўрнатиш ҳамда тарқатишга алоҳида эътибор берилган.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда одам савдосига қарши
курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг, балки ўз юртига,
халқига, оиласига ва яқинларининг ҳаёти ҳамда келажагига бефарқ бўлмаган ҳар
бир ватандошимизнинг олдида турган масъулиятли вазифаларидан биридир. Мазкур
иллатга қарши курашиш эса фуқароларнинг ҳамиша хушёр ва огоҳ бўлишини тақозо
этади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий