Атрофимдаги нарсаларнинг номларини онам, яқинларим ёрдамида кашф этиб бошлаганимда шунча номини қандай ёдимда сақлаб юрарканман, деб ўйлардим. Яқинларим саволларимга шундай жавоб берарди ёки сўрамаганларим ҳақида ўзлари тушунтирарди: Пиёла – чой ичиладиган идишча; Машина – манзилга бир зумда элтиб қўювчи техника; Сув – ҳаёт манбаи; Ҳаводан нафас оламиз; Капалак учиб юрган гулга ўхшаса ҳам жони бор ҳашорот; Оёқ босиб турган жойимиз ер. Кўзимизга кўринадиган ва кўринмайдиган нарсаларга ном қўйишда давом этардим.
Тиниқ сувга ўхшаган осмонда сузиб юрган оппоқ булутлар менга таниш бўлган ҳамма нарсага айланишини узоқ кузатиб ўтиришна яхши кўрардим. Кейинчалик оёқ босаётган еримнинг номи вазифасига қараб (онамдан сўраганимда ер ҳаммага тегишли жуда катта маконлигини, унинг устидаги нарсалар барча учун умумий ёки бир кишига тегишли бўлишига қараб турли вазифаларни бажаришини билиб олган эдим) ўзгариб боришини англадим: ҳовлимизнинг ичида “уйимиз”, ташқарида “йўл”, “кўча”, қўшнимизнинг уйига ўтганимда “Рушаналарнинг уйи”, ўзим тенги болалар билан борадиган жойимда “боғча”…