среда, 10 марта 2021 г.

 БИЗ ШУНДАЙ ВАТАНДА ЯШАЯПМИЗ

Атрофимдаги нарсаларнинг номларини онам, яқинларим ёрдамида кашф этиб бошлаганимда шунча номини қандай ёдимда сақлаб юрарканман, деб ўйлардим. Яқинларим саволларимга шундай жавоб берарди ёки сўрамаганларим ҳақида ўзлари тушунтирарди: Пиёлачой ичиладиган идишча; Машинаманзилга бир зумда элтиб қўювчи техника; Сувҳаёт манбаи; Ҳаводан нафас оламиз; Капалак учиб юрган гулга ўхшаса ҳам жони бор ҳашорот; Оёқ босиб турган жойимиз ер. Кўзимизга кўринадиган ва кўринмайдиган нарсаларга ном қўйишда давом этардим.

Тиниқ сувга ўхшаган осмонда сузиб юрган оппоқ булутлар менга таниш бўлган ҳамма нарсага айланишини узоқ кузатиб ўтиришна яхши кўрардим. Кейинчалик оёқ босаётган еримнинг номи вазифасига қараб (онамдан сўраганимда ер ҳаммага тегишли жуда катта маконлигини, унинг устидаги нарсалар барча учун умумий ёки бир кишига тегишли бўлишига қараб турли вазифаларни бажаришини билиб олган эдим) ўзгариб боришини англадим: ҳовлимизнинг ичидауйимиз”, ташқаридайўл”, “кўча”, қўшнимизнинг уйига ўтганимдаРушаналарнинг уйи”, ўзим тенги болалар билан борадиган жойимдабоғча”…

Бир гал қариндошларимиз бобомнинг туғилган кунида гурунглашиб ўтиришаркан, “фалончи ватанига қайтибди”,  “фалончи бир ватан қурибди-бир ватан қурибди”, “фалончи ватанини обод қилиб қўйибди” деб кимларнидир мақташди. Бир чеккада даврадаги гапларга қулоқ тутиб ўтирарканман, айтилаётган нарсаларни кўз олдимга келтириб, тасаввуримда жонлантириб борардим. Ватан сўзини биринчи марта эшитишим эди, уни тасаввуримга келтиролмадим. Ватан нималигини ўша ерда сўрашга тортиндим, онам катталар гаплашаётганда кичиклар гапни бўлмаслиги кераклигини кўп уқтирар эдилар. Уйга қайтгач онамдан ватан нима эканлигини сўрадим. Онам менинг юзимдан ўпиб, шу ўпич ватан, деди. Айвондаги қалдирғочни, инини, инда бизга қараб кўзларини мўлтиратаётган полапонларини кўрсатиб бу уларнинг ватани эканлигини айтди. Ҳовлимиз, биз оёқ қўйиб турган ер, гулзоримиз, акам, уйимизнинг бизнинг ватанимиз эканлигини тушунтирдилар. Ватаннинг кўриниши битта нарсада тугал бўлмаслигини, уни ҳис қилиб таниш кераклигини ўша куни билиб олдим. Кўм-кўк осмон, ям-яшил боғимиз, ариғимизда оқаётган тиниқ сув, юзимни силаётган майин шамол ватан бўлиб туюла бошлади. Ҳар куни ватаннинг янги кўринишларини топиш завқида атрофга боқадиган бўлдим.

Биринчи синфга борганимда устозимиз дунё харитасидан чегара кўрсатиб, бу бизнинг ватанимиз Ўзбекистон, дедилар. Ватанни ва ота-онани танлаш бизга боғлиқ эмаслигини, у тақдиримизга Худо томонидан битилишини айтди. “Бизнинг юртимиз жаннатмакон юрт. Дунёда шундай мамлакатлар борки, тўрт фасли бизникига ўхшамайди, фуқаролари табиат ҳодисаларини тўлиқ кўрмайди, тоза ичимлик суви муаммо, одамларига меҳр туйғуси бегона…”. Устозим бу гапларни  айтар экан менинг хаёлимдан яхшиям Худо мени шу ватанда, ота-онамга фарзанд қилиб дунёга юборган деган ўй-хаёл ўтди. Менинг ватан ҳақидаги тасаввурим кундан-кун каттариб бораверди. Синфдошларим, устозим, мактабим, синф хонам – ҳаммаси ватан бўлиб туюла бошлади. Ичимда ватан деган улкан меҳр ҳар лаҳзамни безовта этадиган, соғинчга тўлдирадиган бўлди. Уйга келсам синфдошларим ва устозимни соғинаман, мактабга борсам онамни соғинаман. Ҳар лаҳзамда ватан борлигини ҳис қиламан. Ариқда тўлиб оқаётган сувга қараб ойнаи жаҳонда кўрганим озғин, қора танли боланинг шўрхок ерни ковлаб, косалаб сув олаётганини эслайман. Унга шу сувдан бир челак узатгим келади. Обод, фаровон ватанда улғаяётганимга тақдиримдан миннатдор бўламан. Ўша қора танли бола ва мени тўкис ҳаёт билан сийлаган зот олдида қарздорлик, қандайдир масъулият туйғусини ҳис этаман. Эртанги кунларимни соғиниб, бугунги кунларимни яшай бошлайман. Ватанимга энг керак, фидойи фарзанд бўлиш, инсониятга яхшилик қилиш, наъф берадиган каспи-кор эгаси бўлиш орзуси ҳар лаҳзамни ошиқтиради.

***

Ўзбекистон – катта имкониятлар эшиги. Бунда тақдирини ватан тақдири билан боғлаган ҳар бир ўғил-қиз орзусидаги манзилга, чўққига етади. Ватанимнинг нигоҳидан, ғамхўрлигидан ҳеч қайси фарзанди четда қолмаслигини доим ҳис қилиб келганман. Мактабдаги ўқувчилик йилларимдан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билимга, комилликка бўлган интилишини рағбатлантириш мақсадида ўтказиладиган танловларнинг фаол қатнашчиси бўлганман. Бу танлов, тадбирлардаги иштирокимни вазифам, бурчим деб билганман. Билимлар синови, “Нафосат”, “Сиз қонунни биласизми” каби бир қатор танловларда иштирок этган тенгдошларим билан кейинчалик “Келажак овози”, “Юрт келажаги” номли иқтидорли ёшлар республика танловларида ҳам учрашадиган бўлдим. Дўстона алоқалар ўрнатдик ва бир-биримизнинг фаолиятимиз, орзу-интилишларимиз билан танишлигимиз бизга, бугундаги ҳаракатларимизга янада илҳом, шижоат бағишлайдиган бўлди. Бугун бу танишларимнинг барчаси жамиятимизнинг турли жабҳаларида ўз қобилияти ва касбидан келиб чиқиб фаолият олиб бормоқда. Уларнинг ҳам ватанга бўлган меҳри, миллат келажаги учун ўзини масъул деб билиши мендаги эътиқод туйғусидан кам эмаслигига ишонаман.

Фаолиятим тақозосидан доим жамият билан ҳамнафасман. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир фуқаросининг келажагини қамраб олишга қаратилган. Ватанимдаги ўзгаришлар, яратилаётган имкониятлар, шароитлар, тарғиботларнинг гувоҳи, кузатувчиси, қўлимдан келгунча ижрочиси бўлиб, фарзандлик бурчим ва бахтимдан қувонаман.

Кейинги йилларда анъана тусини олаётган ёш китобхон республика танловининг уч хил ёш доирасида ташкил этилгани китобхонлик тарғиботида катта янгилик бўлди. Китоб ўқиш, ҳатто айб саналган пайтлар ҳам бўлганини инкор этолмаймиз. Айниқса, қишлоқларда китоб ўқиш инсондаги камчилик, нуқсон бўлиб кўринарли даражага етган эди. Китобхон фарзандидан, бунинг устига у фарзанд қиз бола бўлса, ота-оналар уялишган. Бугун китоб ўқиган қиз отасига Спарк совға қиляпти. Китобдан катта тарбиячи йўқлигига тарих ва буюк сиймоларнинг қолдирган мерослари гувоҳлик беради. Ватан катта оиламиз, юртбошимиз катта оиланинг отаси экан, фарзандлари китобхонлиги учун рағбатлантирилар экан, китоблардан кўнгилларга кираётган ёғдулар улкан қуёшларга айланиши шубҳасиз.

Дунё майдонларида ҳукм сураётган об-ҳаво инсониятнинг асл қиёфасига раҳна солаётгани қалб кўзи очиқ ҳар бир инсонни ташвишга солади. Келажак эгаларини миллий минталитетимиз, мафкурамиз, ўзлигимиз руҳида олиб қолиш энг муҳим вазифалардан бири. Шу боис президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларни қамраб олишга қаратилди. Ушбу 5 ташаббус ижросини таъминлаш, тарғиботини самарали ташкил қилиш мақсадида жойларда ўтказилган тадбирларда фаол иштирок этдим. Спортга, мусиқа, адабиёт, санъат, китоб, касбга йўналтирилган қалб инсон қиёфасини аниқ туйғулар билан кўради ва шу даъвода бўлади.

Ҳар қайси соҳада ёшларимиз, умуман, ватандаошларим эришаётган ютуқлар юртимиздаги тинчлик, яратилаётган шарт-шароит, имкониятлар, олиб борилаётган ислоҳотлар мевасидир.

Мен ҳозир Термиз давлат университетининг магистрантиман. Бакалвр босқичида ҳам шу даргоҳда таълим олдим. Талабаликнинг олтин даврида ҳам маънавий, ҳам моддий  қўллаб-қувватловни яққол сезиб турдим. Ҳозир ҳам ватан номли катта куч қўлимдан тутиб, етаклаб юрганини олдинга қадам ташлаётган ҳар лаҳзамда ҳис қиламан.

Давлатдан имтиёзли кредит олиб, бугун катта тадбиркорликни йўлга қўйган дўстларим, танишларимнинг кўнглидан нима ўтишини билмайман, аммо улар учун менинг кўнглимда ватанга, она тупроққа бўлган ихлос жўшади. Ватанда отадек ғамхўрликни, онадек жонкуярликни кўраман. Фарзандлик бурчимни эса шараф деб биламан.

Она – миллат тарбиячиси. Аёли қадрланган жамият жаннатга тенг. Кейинги йилларда қизлар, аёллар мавзусида қабул қилинаётган турли қарор ва фармонлар миллат оналарининг тақдирида янги саҳифалар очди, очмоқда.

Автобус, таксида кетарканман, йўлдошларимнинг суҳбати мавзусидан илҳом оламан. Эртанги куни ҳақида режалари, орзулари менга ҳам ёруғлик бағишлайди. Осмони мусаффо, тинч, фаровон ватанда одамлар эртасини шундай режалаштиради, келажагини ўзлари қуради.

Физика дарсида устозимиз ернинг юмалоқ эканлигини, инсонлар, жисмлар ернинг тортишиш кучи эвазига осмонга сочилиб кетмаётганлигини айтганида 24 нафар ўқувчи бирдек ҳайратланганмиз. Ер шарининг шу ҳолатини узоқдан, тўлиқ кўришни истаганмиз, шунда бу тасаввурга сиғмас манзарага ишончимиз комил бўладигандек. Ўқиб-ўрганишларимиз, ҳаётий тажрибалар натижасида бугун илм-фаннинг ихтиролари, имкониятлари, табиат қонуниятларига сўзсиз ишонамиз. Ватанга бўлган меҳр ҳар биримизни ернинг тортишиш кучидан кам бўлмаган куч билан аждодларимиз, тарихимиз, тупроғимизга боғлаб, туташтириб турибди. Жамиятдаги жараёнларни, инсонларни, амалларини кузатиб ер шарининг ўзидаги жисмларни тортишиш кучи билан тутиб турган умумий  кўринишдаги ҳолат манзарасини тўлиғича кўргандек бўламан.

Оёғимиз турган замин дунё бўйлаб кенгайиб борар экан, чегаралар, иқлим, удумлар, элатлар,  тиллар ва маълум қисмлардаги вазифалар ўзгариб боради. Фақат, биз кашф этган умумий туйғуларимизни, қадриятларимизни шу ватан билан таниймиз, шу заминда муқаддас биламиз. Ичимдаги ватан Ўзбекистон бағрида мен билан улғайиб боряпти. Илдизларим кундан-кун аждодларимга бориб мустаҳкам туташаётганини томирларимда оқаётган қон билан, орзуларимни эркалаётган туйғулар билан ҳис қиламан. Устозларим, яқинларим, дўстларим, мен ҳурмат қиладиган шахслар – ҳар бир қалбда Ўзбекистоннинг ўзгача қиёфасини кўраман.

***

Бугун мен ҳам устозман. Магистратура босқичида ўқишни давом эттириш билан бир қаторда мактабда ўқувчиларга дарс беряпман. Кулиб турган кўзларга, меҳр тўла нигоҳларга боқарканман, улар ҳам менга ватанга айланиб кўринади. Ручка тутган қўллари билан ҳаяжонланиб ватанга қараб тургандай. Улар ҳам келажакда ўз қўллари, қалби билан юрагида ватаннинг нурли чизгиларига сайқал беради. Ўзбекистон уларнинг ҳам қўлларидан тутиб, орзулари томон етаклаб боради. Биз шундай ватанда яшаяпмиз.

Ёшлигимда оёқ қўйиб турган еримиз умумий ёки бир кишига тегишлилигига қараб ҳар хил вазифаларни бажаришини катталар ёрдамида билиб олгандим. Бугун Ўзбекистон деган ном бизнинг муштарак манзилимиз, маконимиз эканини ич-ичимдан англайман. Унинг сарҳади дунёни англаганим сари кенгайиб боряпти. Бу иқрорни ҳали яна кашф қилиб, улғайтиб бориш завқи билан ҳаётимни, умримни бир иморат каби гўзал туйғулар, аъмоллар билан ганжлаб қуриб боряпман. Ватанни англаш, бутун бўй-басти билан кўриш бир дарё умрни яшашга арзийди.

 Инобат КАРИМОВА, ТерДУ магистранти

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...