26 июн Халқаро наркотик моддаларни
суиистеъмол қилиш ва
уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни
Умрини
қоронғулик қаърига отганлар
Инсон ҳаётига хавф солувчи ва
турли жиноятларга йўл очувчи гиёҳвандликка қарши кураш долзарб аҳамият касб
этмоқда. Наркобизнесга қарши курашда БМТнинг Гиёҳвандлик воситалар ва психотроп
моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси муҳим ўрин
тутади. Мазкур Конвенсияга аъзо давлатлар қабул қилган резолютсияга мувофиқ,
1987 йилдан бошлаб ҳар йили 26 июн Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол
қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни сифатида нишонланади.
Маълумки бугунги
кунда дунё миқёсида гиёҳвандлик гирдобига мубтало бўлаётганлар сони йил сайин
кўпайиб бормоқда. Бу иллат замонавий ҳаётнинг энг хавфли кўринишларидан бири
ҳисобланиб, дунёҳамжамиятини ташвишга
солаётган масала ҳисобланади. Гиёҳвандликка қарши кураш доирасида гиёҳванд
моддаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйиш бўйича қатор самарали ишлар олиб
борилмоқда. Жумладан, трансмиллий гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашда
халқаро хуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари, Интерпол, Европол, Жаҳон Божхона
ташкилоти каби нуфузли ташкилотлар ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боришмоқда.
Халқаро экспертларнинг фикрича, гиёҳванд моддалар ноконуний савдо айланмаси бир
йилда 300 миллиард доллардан 800 миллиард долларни ташкил қилар экан. Бундан кўриниб
турибдики, қанчадан-қанча маблағ, бу заҳри қотил орқасидан айланади.
Гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган
жиноятчилик Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатларининг иқтисодий, сиёсий
барқарорлигига катта хавф солмоқда. Натижада 15 ёшдан 64 ёшгача бўлганлар
орасида қайд этилган ўлимларнинг 1,3 % айнан гиёҳвандлик оқибатида юз берар
экан. Бу эса бир йилда 21 минг кишининг ёстиғини қуриши эканлигини кўрсатади.
Энг ачинарлиси, Европада гиёҳвандлик оқибатида ҳалок бўлаётганларнинг ўртача
ёши 35 ёшни, бу кўрсаткич Ўзбекистонда асосан 25-45 ёшни ташкил этади.
Бугунги кунга келиб гиёҳванд моддаларни
истеъмол қилиш билан боғлиқ хасталикларга учраганлар сони дунё бўйича 29
миллиондан ошиб кетганлиги ҳам бу иллат нақадар хавфли эканлигидан далолатдир.
Бангифурушлик ва гиёҳванд моддалар истеъмоли сўзсиз аҳоли соғлиғи ва жамоат
хавфсизлигига ҳам таҳдид сифатида эътироф этилади. Жумладан, бангифурушларни даволаш
учун катта миқдорда маблағлар сарфланади. Бу маблағлар эса давлат бюджетидан
ажратилади. Уларни даволаш учун бир йилда ўртача 35 миллиард доллард
сарфланади. Мустақил Ўзбекистонимизда ҳам бу жирканч иллатга қарши курашиш
борасида қатор қонун ва қарорлар қабул қилинган ҳолда ижобий ишлар амалга
оширилмоқда.
Вилоятимизда гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган
профилактик чора-тадбирлар ҳам мунтазам амалга оширилмоқда. Аҳоли ўртасида
учрашув, семинар ва анжуманлар ўтказилиб, уларда ко‘ргазмали воситалар ёрдамида
“заҳри қотил”нинг қандай оқибатларга олиб келиши кенг тушунтирилмоқда.
Хулоса
ўрнида шуни таъкидламоқчимизки, ҳаёт инсонга бир маротаба берилади. Шундай экан
уни хайрли ва савобли ишларга бахшида этиб, оиласи даврасида умргузаронлик
қилиб, жамиятга халқига нафи тегиб яшаганга не етсин! Шу боис ўзингизни ўтга ташламанг. Агар сиз
ўлим суюқлиги солинган шприцни қўлингизга олар экансиз, келажагингизни умрбод
қоронғулик қаърига ташлашингизни унутманг.
Комментариев нет:
Отправить комментарий