четверг, 4 апреля 2019 г.


Бахшичилик санъати 

                           Халқ достончиси сўз заргари бўлиши лозим. Бу эса табиий истеъдод, кучли идрок, мунтазам равишда қунт ва чидам билан машқ қилишни талаб этади.
(Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаев)


Бахши — қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи ўткир зеҳин соҳиби, жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана оладиган сўз устаси ҳамдир. Улар ўз навбатида ижрочи ва ижодкор бахшиларга бўлиниб, ижрочи бахшилар, асосан, устозидан ўрганган достонларни жузъий ўзгаришлар билан aйнан куйлайдилар. Ижодкор бахшилар эса оғзаки эпик анъана асосида  достоннинг ўз вариантлари, ҳатто улар асосида янги достонлар ҳам яратадилар.
 
Бахшилар достон ва қўшиқларни қўбиз, дўмбира, дутор каби созлар жўрлигида куйлайдилар. Республикамизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шахрисабз, Қамай, Шеробод, Жанубий Тожикистон, Хоразм ҳамда Қарақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланадилар. Хоразм достончилик мактаби вакилларининг ижросида асосан, мусиқа етакчилик қилади ҳамда матнлар ёд олинади. Қўшиқларнинг матнини яратишда мумтоз адабиёт шеърий жанрларининг ҳамма қоидаларига амал қилинади. Ўзбекистоннинг деярли барча ерларида якка ижрочилик ҳукмрон бўлса, Хоразмда, асосан, жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. Хоразм достончилиги репертуар таркиби жиҳатидан ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Масалан, бу ерда қаҳрамонлик достони “Алпомиш” учрамайди, аксинча, ишқий-романтик достонларнинг аксарияти республикамизнинг бошқа ерларида мавжуд эмас. Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд бахшичилик мактаби вакиллари дўмбира жўрлигида бўғиқ, яъни ёпиқ овозда қўшиқ ижро этиб, очиқ овозда достон жараёнига таъриф берадилар. Шеробод бахшичилик мактаби достонлари ўзининг соддалиги, мадҳининг ихчамлиги билан фарқланади. Маълумотларга кўра, ҳозиргача фольклоршунос олимлар томонидан 300 га яқин достон номлари аниқланган бўлиб, улар устоз шогирд анъаналари асосида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. миллий ўзликни англаш, тарихни ўрганиш, ўзбекона урф-одатларни тарғиб этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Маълумотлар асосида Матлуба Нигматуллаева

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...