четверг, 4 апреля 2019 г.

Ўзимизнинг ўзлигига айланган-Бахшичилик
 Бахшининг дўмбирасидан таралаётган куй, унинг ширали овози киши қалбини беихтиёр тўлқинлантиради, жунбушга келтиради. Халқ қалбининг нолаларидан яралган достонлар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб инсоният маънавий тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Негаки, ўзбек халқ достонларида халқимиз бадиий тафаккурининг жуда бой ва қадимий анъаналари мужассам.

Достончилик санъатининг бундай бадиий анъаналари халқ бахшиларининг такрорланмас амалиёти ва тинимсиз меҳнати билан бизгача етиб келган. Шу тариқа бир-биридан гўзал, бир-биридан сара термалар ва достонлар бутун салобати ва малоҳати билан ҳали-ҳануз тингловчиларни баҳраманд этиб келмоқда. Улар қадимдан инсон қалб торининг энг нозик ришталарини қўзғатган, эстетик ва руҳий озуқа улашиб келган. Бахши — қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткор, халқ достончиси. Улар ижрочи ва ижодкор бахшиларга бўлиниб, ижрочи бахшилар, асосан, устозидан ўрганган достонларни жузъий ўзгаришлар билан aйнан куйлайдилар.
Ижодкор бахшилар эса оғзаки эпик анъана асосида достоннинг ўз вариантлари, ҳатто улар асосида янги достонлар ҳам яратадилар. Бахшилар достон ва қўшиқларни қўбиз, дўмбира, дутор каби созлар жўрлигида куйлайдилар.Е.Поливановнинг ёзишича, “бахши” сўзи асли хитойча бўлиб, хитойча pak-si сўзи- “устоз”, “ёзувчи”, “котиб” маъноларини англатади. У асосан шомон эътиқодли турклар тилида “тўй-тантаналарни бошқарувчи киши” маъносида ишлатилган. Профессор Э.Р. Тенишев “бахсе” сўзи уйғур тилининг шарқий лаҳжасида “бахши”, “табиб”, “шомон”, шунингдек, долан лаҳжасида “афсунгар, “фолбин; уйғур ёдномаларида эса “устоз”, “шогирд” маъноларини ифодалаганини ёзади. В.В. Бартольд Туркистон ҳукмдорларининг форсча билмаган котиблари ҳам бахши деб аталганини қайд этади.
Охунжон Сафаровнинг маълумотларига кўра, фавқулодда хотира қудратига эга бўлган Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёддан билган. Ҳар бир достон икки-уч минг сатрдан тортиб, ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни, қарийб шунча прозаик қисмни ҳам ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг салоҳияти, ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижод қилиш қудрати ўз-ўзидан аён бўлади. XX асрнинг ўрталарида ижод этган Пўлкан шоир 76 та, Фозил Йўлдош ўғли 60 та, Эргаш Жуманбулбул ўғли 50 та, Мардонақул Авлиёқул ўғли 43 та, Юсуф Ўтаган ўғли 31 та, Бола бахши 20 та достонни, 60-70 йилларда ижод этган Қодир бахши Раҳимов 62 та, Тош шоир 20 та, Сайидмурот Паноҳ ўғли 17 та достонни ёддан билганлар.
Ўзбекистон халқ бахшилари Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши Умиров, Абдуқаҳҳор ва Абдумурот Раҳимовлар, Шомурод Тоғаев, Зиёдулла Исломов, Норбек бахши Абдуллаев, Қаландар бахши Норметовлар бетакрор ижролари билан бахшичилик санъати ривожига муносиб хисса қўшдилар. Ўзбек достончилигида анъанавий достон куйлаш тартиби бор. Бахши таклиф қилинган меҳмонхонага барча эшитувчилар қатор қўр ташлаб ўтирганлар. Бахшини энг тўрга ўтқизганлар.
Достон айтувчи ижро давомида ҳар бир тасвирга мос сўз ва куй топиб, авжга чиқиб боради, ўзларининг таъбири билан айтганда “қайнайди”. Бундай пайтларда тўрдаги бахши пойгакка, томошабин эса, тўрга чиқиб қолганини ҳеч ким пайқамай қолади. Бахши таклиф қилинган қишлоқ ёки хонадонда достончилик кечалари баъзан бир неча кун давом этади. Она юртга садоқат, муҳаббат, дўстлик, биродарлик, қаҳрамонликни тараннум этувчи хилма-хил мазмундаги достонларни бахшилар севиб куйлайдилар.
Республикамизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шахрисабз, Қамай, Шеробод, Жанубий Тожикистон, Хоразм ҳамда Қарақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд. Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланадилар. Хоразм достончилик мактаби вакилларининг ижросида асосан, мусиқа етакчилик қилади ҳамда матнлар ёд олинади. Қўшиқларнинг матнини яратишда мумтоз адабиёт шеърий жанрларининг ҳамма қоидаларига амал қилинади.
Бахши сўз ҳамда қўшиқни очиқ овозда дутор ёки тор билан доира жўрлигида ижро этади. Улар эпик асарларни тўла ижро этишдан кўра, парчалар, термалар ва ўзлари яратган асарларни куйлашга алоҳида эътибор берганлар. Эпик асарларни элга етказишда Ўзбекистоннинг деярли барча ерларида якка ижрочилик ҳукмрон бўлса, Хоразмда, асосан, жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. Хоразм достончилиги репертуар таркиби жиҳатидан ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Масалан, бу ерда қаҳрамонлик достони “Алпомиш” учрамайди, аксинча, ишқий-романик достонларнинг аксарияти республикамизнинг бошқа ерларида мавжуд эмас.
Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд бахшичилик мактаби вакиллари дўмбира жўрлигида бўғиқ, яъни ёпиқ овозда қўшиқ ижро этиб, очиқ овозда достон жараёнига таъриф берадилар. Шеробод бахшичилик мактаби достонлари ўзининг соддалиги, мадҳининг ихчамлиги билан фарқланади. Ушбу достончилик мактабининг йирик вакилларидан бири Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаевдир. Алпомиш, Кунтуғмиш, Авазхон, Ойпарча каби ўнлаб достонларни завқ билан куйловчи Шоберди бахшининг ўз ижро услуби бор. У куйлаган достонлар бадиий мукаммаллиги ва жозибадорлиги билан алоҳида ажралиб туради. — Халқ достончиси сўз заргари бўлиши лозим. Бу эса ўз навбатида табиий истеъдод, кучли идрок, мунтазам равишда қунт ва чидам билан машқ қилишни талаб этади, дейди Шоберди бахши. -Бахши халқ турмуши ва маданиятини, ўзи яшаб турган юрт тарихини ва бирор соз чалишни билиши, ҳофизлик санъатини пухта эгаллаган бўлиши керак. У жонли халқ тилининг турли шаклларидан, сўз ўйинлари ва қочиримларидан, халқ мақоллари ва ибораларидан унумли фойдалана олиши лозим.
Тингловчиларни ром этувчи оҳанг топа билиш, достонни жозибали ва қизиқарли қилиб айтиш достон айтишнинг асосий талабларидан. Халқимизнинг ўлмас дурдонаси-достонлар матнларини мактаб дарсликларига киритиш лозим. Фарзандларимизни миллий қадриятларимизга содиқ, ўзбекона руҳда тарбиялашда эзгуликка чорлайдиган, ватанпарвар, адолатли, мард, жасур бўлишга ундовчи достонларимизнинг ўрни беқиёс. Шунинг учун ҳам кўплаб достончилик мактабларини ташкил қилиш, ҳаётий, халққа яқин, давримизга ҳамоҳанг достонларни яратиш лозим. Шукурки, истиқлол йилларида бошқа соҳалар қатори бахшичилик санъатига ҳам катта эътибор берилди. “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони таъсис этилишининг ўзи ҳам юртимизда миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилган ана шундай юксак эътибор намунасидир. Хозиргача фольклоршунос олимлар томонидан 300га яқин достон номлари аниқланган бўлиб, улар миллий ўзликни англаш, тарихни ўрганиш, ўзбекона урф-одатларни тарғиб этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Мастура Ҳамроева тайёради. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...