Халқимизда “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур
қил”, деган серҳикмат мақол бор.
Шундан келиб чиқиб, ҳозирги таҳликали дунёнинг
бир қатор мамлакатларида кузатилаётган турли тўс-тўполонлар, тартибсизликлар
негизига эътибор берадиган бўлсак, уларда давлатнинг ўсиб-униб келаётган
ёшларга, уларнинг ҳаётдаги қизиқишлари, ҳуқуқ ва манфаатларига эътиборсизлиги,
улардаги ёшларга оид сиёсатнинг ҳозирги замоннинг янги таҳдидларига жавоб
беролмаслиги оқибатини кўриш мумкин.
Айниқса, ёшлар тарбияси, уларни иш билан банд қилиш,
соғлом турмуш тарзига ўргатиш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ачинарли, албатта.
Бундай мамлакатларда давлат ва ёшлар ўртасида узилиш пайдо бўлганлигини кузатиш
мумкин. Кўпгина муаммоларнинг замирида замон талаб қилган аниқ бир касб-ҳунарга
эга бўлмаслик ва натижада, ишсизлик, бекорчилик ётади.
Бугунги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари
ривожланган асрда кимлардир бу технологияларни бунёдкорлик, илм-фан, тараққиёт
йўлида қўлласалар, кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали миллионлаб онги мўрт,
ҳаётда мустақил фикрлашга, позицига эга бўлмаган ёшларни тўрга тушириш ва ўз
қабиҳ мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаланмоқдалар. Мақсад – ёшлар
қалбини эгаллаш, муайян мамлакат ёки минтақадаги бирор миллат ёхуд халқнинг онггига,
унинг сезги туйғуларига таъсир ўтказиш, уни ўз дунёқарашига бўйсундириш,
маънавий жиҳатдан заиф ва тобе қилиш. Фикр қарамлиги, тафаккур қуллиги эса ҳар
қандай иқтисодий ёки сиёсий қарамликдан кўра дахшатлидир.
Жаҳондаги вазиятни таҳлил қилган кузатувчиларнинг
фикрича, бугунги кунда ғарблик ёшларнинг оёққа туриб олишлари, ҳаётда ўз
ўринларини топишлари қийин кечмоқда. Бунга биринчи ўринда ахборот айбдор
эканлиги айтилади. Ахборот шу қадар тезликда ҳаракатланмоқдаки, унинг оқимини
тўхтатиб қолишнинг имкони бўлмаяпти. Бу оқим йўлида учраган ҳамма нарсани,
ҳатто ахлоқ, одоб, маънавият, эзгулик каби қадриятларни, ёшу қарини “оқизиб
кетмоқда”. Ахборот янги авлодга қарши оммавий қирғин қуроли экани тан олинади.
Буни барча тушуниб, англаб етган, аммо унинг кучига қарши курашишга ҳамма ҳам
жазм қила олмайди. Хориж телеканалларини олиб кўрсангиз, деярли ҳар бир
кўрсатувида турли кўринишдаги уруш ва тўқнашувлар намойиш этилади. Болалар
“зўрлик”, “отишма”, “қотиллик”, “сотқинлик”, “ифлослик” каби иллатлар акс этган
кўрсатув, фильм ва ток шоуларни кун бўйи томоша қилар экан, улар қандай инсон
бўлиб вояга етади, деган хаёлга борасан киши...
Бугунги кунда “жаҳон тармоғи”, “ўргимчак тўри”,
“ахлатхона” номини олишга улгурган Интернет олдида телевидение, радио ва матбуот
аста – секин иккинчи ўринга тушиб бораётгандек. Кузатувчиларнинг интернетни
ахлатхона дейишларида жон бордек. Унга яхши ахборот ҳам, ёмон ахборот ҳам
жойлаштирилади. Интернетдан исталган нарсани топиш мумкин. Интернет ёмонликдан
кўра яхшиликка хизмат қилиши учун ҳаракат қилиш ва болаларни шу йўлда тарбиялаш
керак. Ғарблашаётган замонавий ёшларнинг “ғариблашишига” йўл қўймаслигимиз
лозим.
Ижтимоий тармоқларнинг таъсири ҳақида болаларни
огоҳлантириш керак. Тўғри ижтимоий тармоқларда дўст топиш яхши. Бироқ реал
ҳаётдан узоқлашиш керак эмас. Ижтимоий тармоқда соатлаб мулоқот ўтказгандан
кўра, шундоққина кўчага чиқиб танишингиз билан дийдор кўришиб, жонли
сухбатлашишга нима етсин?! Ижтимоий тармоқ вақтингизни бекорга совуришдан бошқа
нарса эмас. Уни ижтимоий қармоқ дейиш тўғрироқ бўлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий