пятница, 5 апреля 2019 г.


Cурхоннинг бахши-шоири


Шодмон бахши номи тилга олинганда аксарият воҳадошларимиз Шеробод достончилик мактабининг янги авлод вакили, 1967 йилда туғилган Шодмон Хўжамбердиевни назарда тутсалар керак, ҳойнаҳой! Шодмон Хўжамбердиев ҳақиқатан ҳам халқимизнинг тўю томошаларида сидқидилдан хизмат қилиб келади.
У “Бойсун баҳори” халқаро фестивалида бахши ва оқинлар танловининг ғолиби бўлган. Бундан бошқа турли беллашувларда ҳам кўп маротабалаб улоққа эгалик қилганлиги барчага маълум. Унинг Термиз шаҳримизда илк бора ўтказилаётган халқаро бахшилик санъати фестивалида ҳам омадли бўлишига тилакдошмиз. Бироқ мен Сурхондарёнинг мутлақо бошқа халқ оғзаки ижоди намояндаси ҳақида сўз юритмоқдаман, 20-асрда яшаб ўтган ул инсонни Шодмон Холлиев дер эдилар. 1926 йили Шеробод тумани, Хатак қишлоғида туғилади, 1984 йили Жарқўрғонда вафот этади. Ҳали вояга етмасдан ота-онадан жудо бўлган ёш Шодмоннинг бахши бўлиб етишуви акаси Абдулла сабабли: чунончи, укага ака чолғу чалиш сирларини ўргатган, ўн ёшидаёқ унга дўмбира сотиб олиб берган. Юрагида бахшичилик ҳаваси эрта ўйғонган Шодмон шерободлик бахшилар: Боймурод Боймат ўғли, Жўра Эшмирза ўғли, Юсуф Ўтаган ўғли, Мардонақул Авлиёқул ўғлидан достонлар тинглай бошлаган, кейинроқ эса уларга шогирд тушган. Шодмон Холлиевни кўп сонли ихлосмандлар нафақат оғзаки йўсинда достонлар ижро этгани, балки каттаю кичик давраларда талаб аҳлининг истаги, диди ва кайфиятига мос термаларни ўша заҳоти маҳоратли тўқиб ижро этиши, яъни бадиҳагўйлиги, дўмбирани сеҳрли оҳангларда сайратиши, бағоят ширали овози, қўшиқни-қўшиққа улаганида тингловчини йиғлатганию ва сўнг бирпасда кулдира билганини назарда тутганлар шекилли, уни бахши дейишдан ташқари шоир ҳам дея таърифлаганлар. Мабодо, юқоридаги фикрларга далил излаш лозим бўлса, 1972 йил июнь ойида, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг юз йиллигига бағишлаб, Самарқанд шаҳрида ўтказилган халқ бахшиларининг биринчи республика зонал кўригини ёдга олишимиз мумкин. Мазкур кўрик иштирокчиларининг ҳар бири ўшанда дастурга биноан бешта достондан парчалар ижро этишган, терма, лапар, шеърлар айтишган, эркин мавзуда чиқиш қилишган. Шодмон бахши кўрикнинг барча талабларини аъло даражада бажаради. Оғзаки бадиий ижоднинг энг юксак чўққиларини чиндан забт этишга унинг яккам қодирлиги, айниқса эркин мавзу жараёнида йиғилганларга, хусусан ҳайъат аъзоларига аён бўлиб қолади. Саҳнага кўз тиккан юзлаб томошабин халқ санъаткорининг дўмбирани турли оҳангларда ўйнатиб чертиш монандида амалда кўрилмаган ҳолатга, яъни ҳозиржавоблик(экспромт) йўли билан ҳозир тўқилиб ҳозир ижро этилган қўшиққа гувоҳ бўлганларини тасаввур қилинг! Ўша қўшиқ мана будир: Нур томади ойдай тўлган юзларга, Товушимни қўшиб олай созларга, Бирор майдон суҳбат айлай Сизларга Шеър шайдоси, қадрдонлар, ассалом!
Сўйла дўмбирамнинг эй нозик тори, Сени чертса, сайрар бу Шодмон қори, Ҳар облисдан келган ҳамкасблар бари, Эй, жўровоз дўст-ёронлар, ассалом! Булбул ошиқ бўлар боғнинг гулига, Гап келади шоирларнинг тилига, Меҳмон бўлдик Самарқанднинг элига, Дўмбира сайрайди шоир қўлида, Самарқандлик меҳрибонлар, ассалом!
Дўмбирамни мен чертаман холисдан, Сизлар борсиз, қочмайман бу майлисдан, Мен келганман Сурхондарё облисдан, Томошабин жонажонлар, ассалом! Шугина бир ҳолатдан сўнг воҳамизда етишган бу куйчининг ижоди ва фаолиятига мутахассислар эътибор қаратиб бошладилар, фавқулодда янги топилдиқ бўлган жанубий ўлка вакилининг иқтидори ва ўзига хос ижро маҳорати матбуотда ёритилиб, ўз баҳосига эга бўла борди. Бу ерда унга биринчи ўринни бермадилар(ўзларига керак), аммо, барибир унинг иқболи кула бошлаганди-- Тошкентга бориб, республика бахшилари ўртасида мутлоқ ғолибга айланди. Ана шу онда Сурхоннинг бахши-шоири чиндан ҳам ШОДМОН бўлганди. Пойтахт маданият ва санъат аҳли ҳузурига таклиф этилганида, халқ оғзаки ижоди намуналари ва ўзи яратган термаларни янада авж пардаларда куйлаб, барчанинг дилини хушнуд этди. Йирик фольклоршунос олим, профессор Мансур Афзалов Шодмон бахши-шоирнинг “Алпомиш” ва “Гўрўғли” туркумига кирган қирқдан ошиқ достонни ёддан билиши, уларни маромига етказиб куйлай олиши, ҳозиржавоблиги билан томошабинни ўзига ром этганини алоҳида қайд этганди. Қўшиқ куйлаб, достон айтиб Боботоғ этакларидан Қарши ва Бухорогача, шу каби қўшни Тожикистон-Туркманистон эл-элатларининг тўй-томошаларини кўп йиллар давомида қизитиб юрган Шодмон шоир Холлиев шон-шуҳратга асло қизиқмади, бирон жойда бўлсин, хизматини таъма қилмади. У кўзи ожиз бўлиб туғилди, аммо қалб кўзи доимо очиқ бўлди. Чунончи, достон куйлаганида даврани шундай теран ҳис қилар эканки, кўнгли андак нозик, феъли салгина инжиқ бўлганлигини балки шу сабабдандир, дейишади! Унга Аллоҳ ато этмиш қувваи ҳофизаси қирқдан зиёд достонни ёд билишига, мавжуд ички салоҳияти санъаткорона ижро маҳоратига, қайноқ ижодий илҳоми эса янги-янги достонлар, оҳори тегмаган терма ва шеърлар яратишига имкон берди. ...Шоир эллик ёшдан ошганида дўмбирани уйда қолдириб, мулла Тангрибердидан эскича таълим олишни бошлайди. Муқаддас калом Қуръон сураларини у кўпам қайта такрорлайвермади, чунки унга Худо берган хотира бир-икки ёдлов билан мақсадини ҳосил қилиб берди. Яна айтишадики, мулла бобо ҳузурига бир кунда икки марта келган пайтлари ҳам бўлган экан, яъни тушунингким, Шодмон қори “уйга берилган топшириқ”ни ишониб бўлмас қисқа фурсатларда бажариб улгурди!.. Хат-саводи бўлмаган, бунинг устига кўзи ожиз одамнинг илоҳий илмга бўлган бундай эътиқодию тиришқоқлигини кўриб, кўп-кўп тасаннолар айтган мулла Тангриберди, яна деганлар: --Бу кетишда қўшиқ айтишни ташлашингизга тўғри келади-ку? --Ташлардим-у, аммо куним ўтмай қолади-да,-- жавоб беради қори... 2014 йили “Дўмбирага ҳамоҳанг умрлар” китоби оз нусхада чоп этилди. Китоб муаллифи қизириқлик кекса ижодкор Карим Маллаев ўзининг айни кучга тўлган ёшлик чоғларида уч бахши: Шодмон бахши Холлиев, Маматрайим бахши Содиқ ўғли, Мардонақул бахши Авлиёқул ўғлидан ёзиб олганларини мазкур китобига жам этибди. Жумладан, у 1960 йилнинг ноябр ойида Жарқўрғонга бориб, Шодмон бахшининг уйида уч кеча-кундуз ётиб, “Алимбек” ва “Маликаи Хубон” достонларини, баъзи термаларини унинг оғзидан ёзиб олган экан. Бу ишнинг миннатдорчилиги учун Шодмон бахши: Шодмон шоир достон айтди тил билан, Ёзувчиси Карим битди қўл билан, Бахши бўлган юрар доим эл билан, Дўмбирам сайрайди, юрак-йўл билан матлаи билан бошланувчи термасини тўқиган экан. “Маликаи Хубон” достони 2014 йили “Маънавият гулшани” газетасининг феврал-март ойи сонларида эълон қилинган. …Ҳаётда баъзи шундай гўзал хотиралар бўладики, улар дилкаш, самимий, шу билан бирга қувноқ лаҳзалар нафасини бизга етказади. Хуллас, Жарқўрғон. Дам қишлоғи. Чори Муҳаммадиев деган кишининг уйи. Уч хона ҳам меҳмонга тўла. “Кунтуғмиш”нинг айтилиши кечдан тонггача давом этади. Достоннинг таъсирли бир эпизоди--Моҳибой билан Гўркибой бир-бирини таниб қолиб, йиғлай-йиғлай топишган пайти куйланмоқда. Дўмбира торлари тобора эшилади, улар нағма бўлиб таралмайди, балки нола бўлиб инграйди. Қўшиқ авж пардасига чиқади. Оҳанг сеҳри, куйловчи лабидан учаётган сўз юракларни сим-сим эзади. Каттаю кичикнинг кўзида ғилт-ғилт ёш, ихтиёрсиз йиғи ҳам сира тўхтамайди... Ҳеч ким ухлаган эмас, фақат биргина боладан бўлак! Шу пайт уйқудаги гўдак беихтиёр донг қўйди! -- Ва шу он бахши-шоирнинг оғзидан бадиҳа чиқди: Ҳулкар билан тарози, Бир-биридан норози, Саҳар бўлмай қичқирди Бу қишлоқнинг хўрози!.. 

Шодмон деган шоир чин соҳиби давлат эди, жуда кўп хазинасиниадам саҳроси сориортмоқлаб олиб кетди, аммо, тасалли шундаки, ўзи ҳақда ўчмас афсонани эл хотираси учун қолдирди

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...