Инсон қадрига таҳтид, келажагига таҳдид
Одам савдоси инсон шаъни,
қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид соладиган трансмиллий
жиноятлардан биридир. Буни кўплаб ҳаётий мисоллар орқали кузатишимиз мумкин. Айни
даврга келиб, одам савдоси мўмай фойда келтирувчи фаолият турларидан бирига
айланиб улгурди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ушбу иллат жаҳон
миқёсида тобора чуқурроқ илдиз отиб бораётганига гувоҳ бўламиз. БМТ
маълумотларига кўра, дунёда қулга айланиб қолаётган фуқароларнинг сони
йилдан-йилга ортиб бораяпти. Айни вақтда мазкур иллат чангалига илиниб, аянчли
аҳволга тушиб қолганлар сони 20 миллион нафардан ортиқни ташкил қилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, ҳар йили дунёда 4 миллиондан ортиқ инсон ўз эркига
зид равишда қулга айланаяпти. Халқаро экспертлар берган маълумотларга кўра,
мазкур жиноятдан тушаётган йиллик даромад миқдори қарийб 150 миллиард АҚШ
долларини ташкил этади.
2013 йилда БТМнинг Бош Ассамблеяси
томонидан маъқулланган Резолюцияга асосан, 30 июль — Бутунжаҳон одам савдосига
қарши курашиш куни, деб эълон қилинди ҳамда ушбу иллатга қарши янада жиддий
курашиш долзарб, кечиктириб бўлмайдиган вазифа сифатида белгиланди. Ҳозирги
кунга келиб, юртимизда бу борадаги ишлар таъсирчанлигини оширишга алоҳида
эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда мазкур соҳада, энг аввало, халқаро ҳамжиҳатлик
йўлга қўйилганини эътироф этиш жоиз. Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Одам
савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланилишига қарши
кураш тўғрисидаги Конвенцияси ҳамда якуний Баённомаси, Трансмиллий уюшган
жиноятчиликка қарши Конвенция ва уни тўлдирувчи “Одам савдосининг, айниқса
аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун
жазолаш ҳақида”ги қўшимча Баённомаси, Болаларни бошқа мамлакатларга ўғирлаб
кетишнинг фуқаролик жиҳатлари тўғрисидаги Гаага конвенцияси каби кўплаб халқаро
ҳужжатлар иштирокчисига айланди. Шунингдек, бу борада хорижий давлатлар билан
уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши
кураш ҳақида ўттиздан ортиқ шартнома ва келишувлар имзоланди.
Одам савдосига қарши самарали
курашиш нафақат мазкур фаолиятни халқаро ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, шу билан
бирга, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, унинг ижросини сўзсиз бажаришни ҳам
тақозо этади. Мамлакатимизда ушбу жиноятга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий асослар
яратилган. Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилда қабул қилинган “Одам
савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни юртимизда бу офатга барҳам бериш,
ундан жабрланганларни ҳимоя қилишда муҳим пойдевор бўлди. Бинобарин, мазкур
ҳужжат “одам савдоси” тушунчасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлади
ва ушбу фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатларини
белгилаб берди. Шу билан бирга, одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш ҳамда
уларга ёрдам кўрсатиш масалаларини давлат миқёси даражасига кўтарди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий