Бизни ўраб турган дунё юзини кўрган инсон борки яхши ёки ямон бўлиб туғилмайди. Атроф муҳит ва оила тарбияси ўлароқ фарзандлар олами шакллана бошлайди. Бунда аввало оиланинг эътибори ва ғамхўрлигини сезиб туриш ёшларда масъулият ҳиссини уйғотиб, уларни нурли келажак сари ундайди. Лекин ёшлик — бебошлик деган нақл ҳам борки, ўсмирлар орасида ёшлик қилиб, жиноят кўчасига кириб қолганлари ҳам учраётганлиги ачинарли, албатта. Шундай бўлсада жамиятимиз келажак яратувчилари бўлган ёшларимизга қайғуриб, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликда вояга етмаган шахснинг ижтимоий-руҳий ҳолатларини назарда тутган ҳолда, уларни жиноий жавобгарликка тортишнинг алоҳида хусусиятлари ҳисобга олиниб, маълум имтиёз ва афзалликлар белгиланган. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасига мувофиқ, дастлабки тергов жараёни ва судда вояга етмаганлар томонидан содир қилинган жиноят ишлари бўйича адвокатнинг иштирок этиши шарт деб белгиланган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида 13 ёшдан 18 ёшгача жиноят содир этганларнинг жавобгарлиги алоҳида бўлимда ажратиб берилган. Чунки, айбдор шахсининг аҳамияти содир этилган жиноятнинг характери ва ижтимоий хавфлилиги даражасидан кам эмас. Судлар вояга етмаган шахсга нисбатан ишни кўришда унинг шахсини ифодаловчи маълумотлардан ташқари, уларнинг яшаш шароити, тарбияси, жиноят содир этиш мотивлари, жиноят содир этишга олиб келган шароит ва сабаблар, шунингдек, вояга етмаганларнинг жиноят содир этишида катта ёшдагиларнинг таъсирини аниқлашлари зарур.
Вояга етмаганлар жавобгарлигида ёшларнинг ёши ҳар доим жазони енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади.
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга Жиноят кодексининг жазо тизимида белгиланган 8 турдаги асосий жазолардан фақат 4 таси қўлланиши мумкин, уларга қўшимча жазолар тайинланиши мумкин эмас. Қонунда вояга етмаганларга тайинланиши мумкин бўлган жарима миқдори, ахлоқ тузатиш ишлари, қамоқ ва озодликдан маҳрум қилиш жазоларининг муддати қисқартирилган.
Вояга етмай туриб ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган, эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган ёхуд қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланмаслиги Жиноят кодексида белгилаб қўйилган.
Алоҳида эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизими ва ижтимоий гуманитар соҳаларни изчил ислоҳ қилишнинг самараси ўлароқ, қонунчиликда ярашув институтининг жорий этилиши қонунийликни мустаҳкамлашда ижобий омил бўлди. Халқимизнинг бағрикенглик ва кечиримлилик каби фазилатларига мос келадиган бу ҳуқуқий институтнинг амалиётда кенг қўлланилаётганлиги боис кўплаб шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилиниб, уларнинг ишлари ҳаракатдан тугатилмоқда.
Шундай экан ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эмас, балки кенг жамоатчилик ва энг асосийси жамиятнинг бир бўлаги бўлганоилалар ҳам масъулдирлар.
МАСТУРА ХАМРОЕВА
Комментариев нет:
Отправить комментарий