вторник, 17 марта 2020 г.


 24 МАРТ БУТУН ЖАХОН СИЛГА ҚАРШИ КУРАШ КУНИ


СИЛ ҲАҚИДА ҲАММА БИЛИШИ КЕРАК.
СИЛГА  ҚАРШИ  КУРАШИШ БАРЧАНИНГ  ВА ҲАРБИРИМИЗНИНГ  ИШИМИЗ. СИЛ – ДУНЁДА КЕНГ ТАРҚАЛГАН ЮҚУМЛИ  КАСАЛЛИКЛАРДАН  БИРИ. СИЛ БИЛАН КАСАЛЛАНИШ  ХАВФИ ЮҚОРИЛИГИЧА ҚОЛМОҚДА.  СОҒЛОМ КИШИЛАР – СИЛ  УЛАРНИНГ МУАММОСИ ЭМАС, ДЕБ ҲИСОБЛАМАСЛИГИ  КЕРАК

СИЛНИНГ ДАВОСИ БОРМИ?
Албатта, бор!
Сил касаллигини чақирувчи ўзига хос микроорганизмлар мавжуд. Бу микроорганизмлар касалликнинг ривожланишига сабаб бўлади. Ҳозирги кунда айнан шу микроорганизмни нобуд қилувчи юқори самарали дори воситалари мавжуд.
СИЛ КАСАЛЛИГИНИ ДАВОЛАМАСА НИМА БЎЛАДИ?
Кўпинча сил касаллиги аста-секин ривожланади, лекин шунга қарамай даволаш ўз вақтида ва тўлиқ қўлланилмаса касаллик беморнинг аҳволини оғирлаштиради ва сурункали кечишга, хаттоки ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Бундан ташқари бемор даволанмаса унинг атрофидагилари зарарланиш хавфи остида қолади, чунки даволанмаган бемор атроф муҳитга сил касаллигининг қўзғатувчисини тарқатади.
СИЛДАН СОҒАЙГАН БЕМОР ҚАЙТАДАН КАСАЛЛАНИШИ МУМКИНМИ?
Ҳа. Сил касаллигида қизамиқ ёки қизилча каби бутун ҳаёт давомида сақланадиган турғун иммунитет йўқ. Ҳеч ким сил касаллиги билан касалланишдан         кафолатланмайди.
ҚАЙ ҲОЛЛАРДА СИЛ ЮҚМАЙДИ?
Сил уй жиҳозлари. Идиш-товоқ, кийим бош, она сути ёки жинсий алоқа орқали юқмайди ва наслдан наслга ҳам ўтмайди.
СИЛ ҚАНДАЙ ЮҚАДИ?
Сил йўталганда, акса урганда ва ҳ.к. ҳолатларда ташқи муҳитга сил қўзғатувчисини ажратаётган, даволанмаётган беморлардан юқтириш мумкин. Шу қўзғатувчиларни сақлаган ҳаво билан нафас олган соғлом шахс сил билан зарарланади ва кейинчалик сил билан касалланиши мумкин. Сил инфекциясини тарқалишида ягона аҳамиятга эга бўлган йўл, бу ҳаво-томчи йўли орқали зарарланишдир.
СИЛ БИЛАН КАСАЛЛАНГАН БЕМОРНИНГ ЯҚИНЛАРИ ВА
ҚАРИНДОШЛАРИНИ ТЕКШИРИШ КЕРАКМИ?
Албатта. Бемор билан мулоқотда бўлган ҳар бир (айниқса бемор билан бир уйда яшаган) шахс яшаш жойидаги силга қарши кураш диспансерида, ҚОП, ҚВП ёки поликлиникада текширувдан ўтиши керак. Текширув мутлоқ бепул ва ҳаттоки касаллик аломатлари кузатилмаган ҳолда ҳам силни ўз вақтида аниқлаши мумкин.
БЕМОРНИНГ ҚАРИНДОШ ВА ЯҚИНЛАРИ ДАВОЛАНИШИ КЕРАКМИ?
Агар текширув сил беморларини яқинларида фаол силни тасдиқласа, яъни улар сил билан касалланган бўлса даволанишнинг тўлиқ курси қўлланилади. Бу ҳолда улар 2-3 ой сил шифохонасида ва сўнг 4-5 ой амбулатор шароитда даволанади. Агар текширув касалликни аниқламаса ҳам, улар сил билан зарарланган бўлиши мумкин. Шунинг учун 6 ёшгача болалар амбулатор шароитда изониазид билан профилактик даволаш курсидан ўтказилади.
СИЛ ОЛДИНИ ОЛИШНИНГ САМАРАЛИ УСУЛЛАРИ БОРМИ?
Энг муҳими сил билан касалланган беморларни иложи борича барвақт аниқлаш ва даволаш, чунки улар сил инфекциясини тарқатадилар, мунтазам даволаш бошлангандан сўнг улар тез вақтда атрофдагилар учун хавфсиз бўлиб қолади. Силнинг олдини олишнинг яна бир самарали усули, бу хоналарни тез-тез шамоллатиб ҳавосини янгилаб туриш.
ҚАЧОН ИШГА ҚАЙТИШ МУМКИН?
Агар бемор давлат бюджетидаги ташкилотларда ишласа: Ўзбекистондаги қонунчиликка асосан, ташхис қўйилгандан сўнг сил бемори 10 ойгача ишга яроқсизлик варақасига эга бўлиши мумкин. Шу вақт давомида беморнинг иш жойи сақланади. Даволанишнинг тўлиқ курси тугаллангандан сўнг, шифокорлар маслаҳат ҳайъати иш жойига қайтиш ёки қайтмасликни ҳал қилади. Агар бемор нодавлат, яъни ҳусусий ташкилотларда ишласа: ишга қайтиш учун у ўзини яхши сезиши ва атрофдагилар учун хавф (сил билан зарарланиш хавфи) келтирмаслиги керак. Одатда бу ҳолатга етиш учун камида 2-3 ой зарур, шундан кейин бемор сил шифохонасидан чиқиб кетади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан ишга қайтиш масалаларини шифокорлар маслаҳат ҳайъати ҳал қилади.
ТЕЗРОҚ ТУЗАЛИШ УЧУН ҚАНДАЙ ОВҚАТЛАНИШ КЕРАК?
Умуман олганда махсус парҳезга риоя қилиш зарурияти йўқ. Лекин даволаниш даврида жигар фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган ўта ёғли, аччиқ, шўр таомларни чегаралаш зарур. Хуллас, овқатланиш хилма-хил ва меъёрида, яъни мева, савзавот, гўшт, ёрма ва бошқа маҳсулотлар истеъмол қилиши керак. Овқатланиш тарзи бевосита касалликка таъсир кўрсатмайди, лекин сил касаллиги кўзғатувчисига қарши курашишга ва дориларнинг яхшироқ таъсири учун одам организмига ёрдам беради.
ЧЕКИШ ВА СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР ЎПКА ФАОЛИЯТИГА ВА КАСАЛЛИК КЕЧИШИГА ҚАНДАЙ ТАЪСИР КЎРСАТАДИ?
Спиртли ичимликлар жигар фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган воситалардан биридир. Жигар эса истеъмол қилинган дори воситалар ва шунингдек спиртли ичимликларни ҳам “қайта ишлаб чиқадиган” ёки “зарарсизлантирадиган” аъзо. Шунинг учун дори воситалар ва спиртли ичимликлар биргаликда истеъмол қилинганда жигарга бўлган салбий таъсир кучаяди, натижада жигар фаолияти бузилиши мумкин. Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш дориларнинг салбий таъсирлари пайдо бўлиш хавфини оширади. Тамаки таркибида никотин ва оғир металлар бор, улар ҳатто соғ ўпка фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Агар ўпка сил билан касаланган бўлса, чекиш унинг иш фаолиятини янада оғирлаштиради. Шундай қилиб чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш фақатгина касаллик кечишини оғирлаштиради ва тузалиш хараёнини сусайтиради.
ПЛЕВРИТ НИМА? БУ СИЛ КАСАЛЛИГИМИ?
Бизнинг ўпкамиз плевра деб номланган нозик “қоплама” билан ўралган. Шу қопламанинг яллиғланиши плеврит деб номланади. Кўп ҳолатларда (доим эмас) шу қопламани яллиғланиши сабабчиси сил қўзғатувчиси бўлиши мумкин. Шунинг учун плеврит кузатилганда беморни силга текшириш зарур, бу касалликни ўз вақтида аниқлаш ва даволашни барвақт бошлаш имконини яратади. Даволаш эса силнинг бошқа турларини даволашдан фарқ қилмайди.
БАЛҒАМ АЖРАЛМАГАН ҲОЛАТЛАРДА ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ БАЛҒАМ ТОПШИРИШНИ ТАЛАБ ҚИЛСАЛАР НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Кўпинча бундай ҳолат бемор мунтазам дориларни қабул қилганда ва йўтал тўҳтаганда кузатилади. Лекин балғам таҳлили даволаш самарасини кузатиш учун жуда муҳим. Агар сиз балғам ажратишга қийналган бўлсангиз, ҳамшира сизга балғам чиқариш йўлларини ўргатиб ёрдам бериши мумкин. Шу усулларни қўллаб ҳам балғам ажрата олмаган бўлсангиз, бор кучингиз билан йўталишга ҳаракат қилиб ажралган маҳсулотни топширишингиз керак. Бу ҳолатда ҳамма нарса сизни ўзингизга ва сизнинг ҳоҳишингизга боғлиқ. Балғам таҳлили даволаш самарасини кузатиш учун энг яхши усул эканлигини ёдингизда тутинг.
БЕМОР УМР ЙЎЛДОШИ БИЛАН ИШҚИЙ
 МУНОСАБАТДА БЎЛИШИ МУМКИНМИ?
Ҳа. Фақат силга қарши тайинланган дориларнинг барчаси 2-4 ҳафта мобайнида қабул қилингандан сўнг, чунки шундагини атрофдагиларга сил билан зарарланиш хавфи туғилмайди. Мунтазам даволанишни давом эттириш атрофдагилар учун хавфсизлик туғдиради. Бундай ҳолатда умр йўлдошингиз билан ишқий муносабатда бўлишингиз мумкин. Аммо аввал 2-3 ой даволаниш мақсадга мувофиқ бўлади. Шу вақт мобайнида организм қувватга киради. Бундан ташқари бу вақтда яшаш жойига яқин бўлган бирламчи тиббий муассаса амбулатор шароитида даволаниш давом эттирилади.
СИЛДАН ДАВОЛАНИШНИНГ ДАВОМИЙЛИГИ ҚАНЧА?
Силдан даволанишнинг давомийлиги шифокор тайинлаган даволаш тоифасига боғлиқ. Биринчи, учинчи тоифа учун бу муддат ўрта ҳисобда 6 ой, иккинчи тоифа учун эса 8 ой. Лекин муддат фақат  даволаниш давомида, унинг самарасига асосланган ҳолда аниқланади.
СИЛДАН ДАВОЛАНИШ ПУЛЛИМИ?
Сил билан оғриган беморлар учун тайинланган тоифага кўра даволаш курси ва зарурий-асосий дорилар бизниг давлатимизда мутлақо бепул. Агар сизга қўшимча дорилар тайинланган бўлса, бу масалани сизни даволовчи шифокор билан маслаҳатлашинг.
БУ ҚАНДАЙ ДОРИЛАР?
1 ва 2 тоифа учун дориларни одатдаги стандарт тўплами-бу: рифампацин, изониазид, пиразинамид, этамбутол. Барча дорилар таблетка кўринишида. Одатда 2 ёки ундан ортиқ дори турлари битта таблетка кўринишда бўлади. Масалан, изониазид ва рифампицин.
НЕЧТА ТАБЛЕТКА ҚАБУЛ ҚИЛИШ КЕРАК?
Бемор вазнидан ва даволаш тоифасидан келиб чиққан ҳолда таблеткалар сони тайинланади.
ХАЛҚ ТАБОБАТИ ВОСИТАЛАРИ ЁРДАМ БЕРАДИМИ?
Силни даволашда кучук ёғи, кулбор илон ёки тошбақа шўрваси ва ҳ.к. ёрдам беради деган гаплардан хабарингиз бордир. Лекин сил касаллигини сабабчиси махсус қўзғатувчи (микроорганизм) эканлигини тушиниб, буни тан олиш керак. Демак соғайишга эришиш учун бевосита шу қўзғатувчига таъсир кўрсатиш зарур. Бундай таъсирга эса фақатгина дорилар эга.
ДАВОЛАШ ҚАЕРДА ЎТКАЗИЛАДИ?
Биринчи 2-3 ой давомида даволаш махсус сил шифохонасида ўтказилади. Бунинг сабаби: 1. Атрофдагиларнинг зарарланишига йўл қўймаслик. 2. Сил қўзғатувчисининг дориларига чидамлилигини (турғунлигини) бартараф этиш. 3. Ўз вақтида даволашга ўзгартиришлар киритиш учун тиббий ходимларнинг доимий назоратини таъминлаш. Кейинчалик 4-5 ой давомида даволаш беморнинг яшаш жойига яқин бўлган бирламчи тиббий муассасада амалга оширилади. Бу поликлиника, қишлоқ оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пункти ёки силга қарши кураш диспансери бўлиши мумкин.
ДАВОЛАШ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ?
Даволаш тиббий ходимнинг бевосита назорати остида амалга оширилади. Яъни дориларнинг ҳар бир дозасини бемор ҳамшира назорати остида қабул қилади. Бу ишонч бўлмагани учун эмас, балки бемор ва тиббий ходимлар даволаниш мунтазам равишда амалга оширилганига ишонч хосил қилиш учун керак, чунки бу даволанишнинг юқари самарага эришишини таъминлайди. Бундан ташқари, агар бемор дориларни қабул қилганида нохуш сезгилар пайда бўлса, ўз вақтида тиббий ходимлар маслаҳатини олиш имконини яратади. Қолаверса бемор дориларни қабул қилишни унутиши ёки ҳохламай қолиши мумкин. Даволаш жараёнида эса бемор ҳамма дориларни мунтазам қабул қилиши муҳим аҳамиятга эга.
НИМА УЧУН ҲАММА ДОРИЛАРНИ МУНТАЗАМ  ҚАБУЛ ҚИЛИШ МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА?
Агар дориларнинг ҳаммаси қабул қилинмаса сил қўзғатувчиси уларга ўрганиб қолиши мумкин бўлади,  яъни дорилар уларга таъсир қилмай қолади-“турғунлик” яратилади. Бу ҳолатда дориларни қанчалик кўп ва давомий қабул қилганига қарамасдан улар самара бермайди. Дориларнинг мунтазам равишда қўлланиши ҳам шундай аҳамиятга эга. Дориларни қабул қилишдаги узилишлар қанчалик кўп ва доимий бўлса, сил тузалмаслиги ва дориларга турғунлик яратилиш эҳтимоли шунчалик ошиб боради.
ДАВОЛАШ САМАРАСИ ҚАНДАЙ НАЗОРАТ ҚИЛИНАДИ?
Даволаниш жараёнида балғамни қуйидаги муддатларда текширувга топшириш зарур: 1) даволанишнинг жадал босқичи охирида, яъни 2-3 ой даводан сўнг;  2) даволаниш бошлангиндан сўнг 5 ойди; 3) даволанишнинг охирида. Шу муддатларда флюорографик ёки рентгеналогик текширувлар ҳам қўлланилади. Лекин  энг муҳими балғам таҳлили натижалари. Чунки балғамда сил қўзғатувчиси (микобактерия) аниқланмаганлиги дорилар самарали бўлганини тасдиқлайди.
ҲОМИЛАДОР БЎЛИШ ВА ТУҒИШ МУМКИНМИ?
Даволашнинг тўлиқ курси тугатилгандан сўнг албатта ҳомиладорликни режалаштириш ва фарзанд кўриш мумкин. Ҳомиладорлик, қолаверса туғруқ жараёни аёл организми учун кучли стресс, шунинг учун касаллик даврида ҳомиладор бўлиш ва туғишни режалаштириш  тавсия этилмайди.
ҲОМИЛАДОР АЁЛЛАРНИ ДАВОЛАШ КЕРАКМИ ВА МУМКИНМИ?
Ҳа, албатта. Силга қарши дориларни ҳомиладор аёллар ҳам қабул қилиши мумкин. Силга қарши асосий препаратлардан ҳеч бири, ҳомилага салбий таъсир кўрсатмайди ва ҳомиладор аёл учун хавфли эмас.
ЭМИЗИКЛИ АЁЛЛАРНИ ДАВОЛАШ МУМКИНМИ ВА КЕРАКМИ?
Ҳа, албатта. Силга қарши асосий препаратларнинг ҳаммаси эмизиш даврида қўлланилиши мумкин. Даволанаётган аёл чақалоқни одатдаги тартибда эмизиб катта қилиши мумкин. Лекин болани силга текширилиши керак ва кейинчалик тиббиёт ходимларининг доимий назоратида бўлиши лозим. Чунки бола она даволанишни бошлашидан олдин (ҳаво-томчи йўли орқали) касалликни юқтириб олган бўлиши мумкин.

 Б.М.Джураев
  Вилоят фтизиатрия ва пульмонология
маркази директори                                

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...