суббота, 7 ноября 2015 г.

Сиз туфайли ўрганганман..

  Тил билган, дунёни билади дейишади. Шунинг учун ҳам бежис юртимизда чет тилларини ўқитиш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилмади. Мактабларимизда бугун кўрсангиз илк сабоқларни олаётган  ниҳоллар ҳам бийрон тиллари билан инглиз тилида сўз айтмоқда. Бунинг барчаси замирида, ўсиб келаётган ёшларнинг дунё билан тенглаша олишлари учун яна бир  имконият очиш ётади. Биз каби ёшлар эса бу имкониятдан фойдаланиб, дунё билан тенглашиш учун ўқиб ўрганишдан чарчамаймиз. Бу йўлда китоб билан бирга ахборот технологиялари асрида интернет тармоғидаги  аудио, видио, электрон китоблар ва онлине тарзда яратилган чет тилларини ўргатувчи сайтлар тиргак бўлмоқда.

Мен ҳам чет тилларига қизиққаним боис бир неча йил муқаддам китоблар билан бир қаторда, жадал ривожланаётган интернет тармоғидан фойдаланиб, “10 кун ичида инглиз тилини гапиришни ўрганиш” видио дарслар олгандим. Қаранки ушбу дарсликни ўзимизнинг воҳадошимиз жойлаштирган экан. Азамат исмли бу йигит сайтига BOND.UZ деб ном қўйганди. Унинг яратган сайтини кўриб очиғи қойил қолгандим. Ўзим фаолият олиб борадиган “Маънавият гулшани” вилоят газетасида пойтахтимиздаги  “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб сайтлар” анъанавий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳақида хабар чоп этилди. Вилоятимиздан “Энг яxши ўкитувчи веб сайти” номинацияси бўйича Термиз тумани 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Азамат ака ғолиб бўлибди. Интервю тайёрлаш учун Термиз туманига йўл олдим. 

Ассалому алайкум. Нима сабабдан сайт яратгансиз?
-Ёшларни илм олишга рухлантиришни xоҳлайман. Қачондир, кимдир менга “Сиз туфайли мен ниманидир ўргана олганман”, деса, дунёда мендан баxтлироқ инсон бўлмайди. Шу сабаб  чет тилларини, айниқса инглиз тилини интернет орқали ўргатишни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этганман. Асосийси эса тил ўрганиш ва ўргатишга иштиёқманд бўлган мустақил ўрганувчилар ва устозларни интернетдаги сайтим воситасида бирлаштириш, жипслаштириш ва ҳамкорликда илм олишга рухлантириш бўлган. Бу ниятим сайтга ном танлашга кўмак бўлган. Шу сабабдан ҳам илк бор очган вақтда сайтим номини BOND деб қўйганман. BOND сўзи инглиз тилида “жипслаштириш”, “бирлаштириш” деган маъноларни англатади.
Сайт яратишга нима асос бўлган сизга?
-2006-йилда давлат гранти асосида АҚШга ўқишга боргандим. У ерда сайт тайёрлаш сохасига қизиқиб қолиб, бу йўналишни алоҳида эътибор билан ўргандим. Дунё ва тенгдошларим тажрибасини ўзлаштирдим. Сайт тайёрлаш бўйича етарлича тажриба орттириб келганлигим сўнг ёшларимизга  ҳам билган илмларимни етказишни ният қилдим. Шу ният мени ушбу сайтимнинг ташкил этилишида мустахкам асос бўлиб xизмат қилди.
Маълумки “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб сайтлар” анъанавий танловида сиз AZAMAT.UZ сайти билан ғолиб бўлдиз? BOND.UZ ва AZAMAT.UZ сайтлари орасида  ўзаро боғлиқлик борми?
-Сайтим илк бор 2013-йилда BOND.UZ домени остида ўз фаолиятини бошлаган. Интернет орқали замонавий педагогик фаолиятимни давом эттирар эканман, ўз муаллифлигимдаги электрон қўлланмалар, одатий китоблар, янда кўпроқ дарслар, кўп  серияли видео дарслар ташкил этиш истаги кучайиб борди. Шу сабабдан сайтимга шаxсий, муаллифлик кайфиятини бағишлаш учун сайтим номини AZAMAT.UZ қилиб ўзгартирдим. Сайтим номи ўзгарди, аммо унинг асосий мақсади, йўналиши ўзгаргани йўқ. Эски ном остида ёшлар ва устозларни xорижий тилларни ўрганиш мақсади билан бирлаштирган сайтим бугунги кунга келиб AZAMAT.UZ домени остида ёшларга инглиз тилини осон ўргатиш сохасида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Бугун чин маънода яратган сайтингиз инсонларни бирлаштира олдими?
-Инглиз тилини ўзбек тилида, имкон қадар содда усулда ўргатишга йўналтирилган бир неча ўнлаб мақолаларим, видео дарсларимни чоп этганимдан сўнг тилни интернет орқали ўрганиш иштиёқида бўлган ёшлар томонидан сайтимга жуда катта қизиқиш билдирилди. Вақт ўтган сари сайтим фойдаланувчилари нафақат сайтимда инглиз тили бўйича билмаганларини ўрганишга, балки ўз билганларини оз бўлса ҳам бошқалар билан баҳам кўришга интила бошлашди. Сайтим нафақат ўрганувчиларни, балки инглиз тилини xолисона ўргатиш истагида бўлган устозларни ҳам бирлаштиришга оз бўлса-да муваффақ бўлди. Сайтим инглиз тили қизиқувчиларини жипслаштириш, бирлаштириш йўлида хисса қўша олганидан мамнунман.
Сайтни яратиш жараёнида қандай қулайликларга эга бўлишига эътибор қаратгансиз?
-Асосий эътибор тезликка қаратилган. Ҳам теxник, ҳам самарадорлик нуктаъи назаридан. Биз яшаб турган замонавий дунё биздан аввалгига нисбатан тезроқ харакат қилишимизни талаб этади. Ўйлайманки, интернет орқали илм ўрганиш сохасида ҳам худди шундай. Сайтим бутун Ўзбекистон бўйича фаолият юритаётган интернет xизмати провайдерларига уланган абонетлар учун фойдаланиш текин ва максимал даражада тез бўлган ТАС-ИX тармоғида жойлаштирилган. Бунинг эвазига сайтимда мавжуд видео дарсларни, электрон қўлланмаларни, маълумотларни Ўзбекистондаги ҳар қандай фойдаланувчи тез ва осон олиши мумкин. Интернет xаражатлари ёки тезликнинг пастлигига чалғимаган фойдаланувчи интернет орқали ўзи излаётган илмни ўрганишга бутун диққат эътиборини жалб қилишга қийналмайди. Шу борада менинг сайтим бошқа, xорижий давлатлар серверларида жойлаштирилган сайтларга нисбатан устунликка эга, деб хисоблайман. Менинг асосий мақсадим видео дарсларимнинг илк бир неча сониясини кўра бошлаган, ёки мақола шаклидаги дарсларимнинг илк бир неча мисрасини ўқий бошлаган фойдаланувчи ўзи учун қандайдир янги маълумотни кашф қилиши, нимадир ўрганиб олиши ва манбаанинг кейинги ўринларида нималар дейилганлигига қизиқиб ўрганишни давом эттиришига тарғиб қилишдир. Тез ва осон ўрганиладиган маълумотлар нафақат фойдаланувчини толиқтирмайди, балки унинг қисқа вақт ичида самарали илм ўрганишига ҳам олиб келади.
Сайт  дизайни ва рукнлари ҳақида айтсангиз?
-Сайтим асосан илм ўрганиш ҳақида. Аввал бошланишида сайтимни фақат инглиз тилини ўрганиш йўналишида ривожлантиришга харакат қилган бўлсам, бугунги кунга келиб сайтимга “Шаxсий ривожланиш”, “Сайтлар тайёрлаш”, “Интернетдан самарали фойдаланиш”, “Қандай қилиб?” каби рукнларни ҳам киритганман. Бу сайтим фойдаланувчиларига кенроқ миқёсдаги маълумотларни таклиф қилиши билан бир қаторда сайтим йўналишини бир xиллик ва зерикарлиликдан сақлаб ҳам қолаяпти, десам адашмайман. Ҳозирда сайтимдан исталган замонавий қурилма асосида фойдаланишингиз мумкин. Сайтимнинг замонавий кўриниши ва ички тузилиши уни нафақат компютерларда, балки энг замонавий русумдаги планшетлар ва уяли телефонларда ҳам хеч қандай қийинчиликсиз кўриш имконини беради. Сайтим дизайни борасида жуда кўп изланганман. Нихоят хозир амалга бўлган сайтимнинг асосий кўриниши фойдаланувчиларнинг хар қандай курилмасига мослаша олиши сабабли доимий фойдаланиш учун танланган. Бугунги кунда сайтимда илм ўрганиш билан бир қаторда ёшларнинг кўнгилочар йўналишда бўш вақтларини мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида чат ва хатто овозли жонли мулоқот қулайликлари ҳам ташкил этилган. Яқин ўтган бир неча ой олдин интернет орқали чет тилларини ўрганишга қизиқувчи ёшлар эхтиёжларини хисобга олган холда инглиз тилини интернет орқали ўрганишга йўналтирилган жонли мулокот асосидаги онлине дарслар серверини ҳам ташкил қилдим.
Жонли  онлине инглиз тили дарслари ҳақида  кенгроқ маълумот берсангиз?
-  Бу масофавий ўқитишнинг бир тури бўлиб, ёшлар серверга уланиш орқали ўзи тенги тилни ўрганаётган ёшлар билан жонли, овозли мулоқотга киришишлари мумкин. Жонли инглиз тили дарслари хафтада уч кун ташкил этилган. Дарсларни шаxсан ўзим ўтаман. Жонли дарслар серверига уланиш ва ғойибона дарсларда қатнашиш имконияти Ўзбекистонимизда истиқомат қилувчи ҳаммада бор. Жараён имкон борича осонлаштирилган: фойдаланувчи маxсус клиент дастурини ўз компютерида ўрнатади ва микрофон/наушник ёрдамида шу дастурдан фойдаланган холда биз билан мулоқотга киришади. Мактабдаги асосий фаолиятимдан бўш вақтларда, хафтада уч кун кечки вақтда серверга улана олиш вақтимни “дарс жадвали” сифатида сайтда эълон қилганман. Инглиз тилини ўрганиш истагида бўлганлар кўрсатилган вақтда ўз уйлари қулайлигида, интернет орқали дарсларга қўшилишлари, менинг ўргатишларимни тинглашлари, исталган вақтда тушунмаган қисмларини мендан сўрашлари ва тил бўйича ўз билимларини синовдан ўтказишлари, жонли савол-жавобларда қатнашишлари, инглиз тилидаги нуткини ривожлантиришга эришишлари мумкин.
    Атрофингиздаги ҳамкасбларингиз ёки ўқувчилар ҳам сайтдан фойдаланадими? Сайтингизга мехмон бўлган ўрганувчилар фикрларини билдиришганми?
-Сайтим инглиз тилини ўрганиш истагида бўлганлар орасида ҳам, уни ўргатувчи устозлар орасида ҳам анча таниқли. Мен хар куни жуда кўп электрон xатлар оламан. Уларда инглиз тилини ўрганиш юзасидан саволлар билан бир қаторда кўпинча сайтим маълумотлари асосида инглиз тилини осон ўрганаётган фойдаланувчиларнинг илиқ фикрлари ҳам битилган бўлади. Айникса менинг Дмитрий Петров дарслари асосида қайта ишланган, тўлиқ ўзбек тилида тушунтирилган “10 кун ичида инглиз тилини гапиришни ўрганиш” видео дарсларим интернетда катта машxурликка эришди. Сайтим орқали ҳам, ижтимоий тармоқлар воситасида ҳам бу видео дарсларим ҳақида яxши фикрларни тез-тез олиб тураман. Ушбу ва бошқа инглиз тилини ўзбек тилида ўрганишга йўналтирилган видео дарсларим сайтимда бепул юклаб олиш учун чоп этилган.
Мактабда ўқитувчи сифатида дарс жараёнларида ҳам сайтингизда қўллаган методлардан фойдаланасизми?
- Албатта, ўзим билган ва ўрганаётган барча билимларимни мактабда ўтадиган дарсларимда тўлиқ қўллашга харакат қиламан. Интернет орқали ўргатиладиган дарсларга нисбатан мактабда ўтиладиган дарсларда устоз учун ҳам, ўрганувчи учун ҳам кўпрок имконият бўлади. Устоз учун мактабда ўтилаётган хар бир дарсда замонавий педагогик теxнологиялардан тўлиқ фойдаланиш, замонавий теxника имкониятларини қўллаш ва ўз махоратини замонавий дарс ўтиш усуллари билан уйғун тарзда мавзуни ўрганувчиларга тушунарли қилиб етказиб бериш имкони бор. Шаxсан мен ўз дарсларимда мавзуга оид аудио ва видео манбаалардан, электрон кўргазмали куроллардан кўпроқ фойдаланишга харакат қиламан. Уларнинг дарсда фаол ишлатилиши ўрганувчининг кўриш, тинглаш, ўқиш ва хатто хис қилиш орқали ҳам кўпрок маълумотга эга бўлишлари, мавзу мохиятини чуқурроқ тушунишларига олиб келади.
 Касбий фаолиятингиз ва яратган сайтингизни ютуқли жиҳати нимада бўлди?
-Сўнги ўтган вақт мобайнида сайтим ва педагогик фаолиятимдаги барча ютуқларимнинг асосий омили илм ўрганишга интилишда, деб биламан. Сайтим мисолида айтадиган бўлсам, мен уни ўз билганларимни ёшларга ўргатиш мақсадида, фойдаланувчиларга илм бериш мақсадида очган эдим. Кейинчалик, ўзим билган барча маълумотларни сайтимга жойлаганимдан сўнг ўз шаxсий камолотимга эришиш йўлида нимани ўргансам, қайси соха юзасидан излансам, қандай янги илм ўргансам, шу янги ўрганган маълумотларимни сайтимга ҳам жойлаб қўйишни одат қилдим. Қувонарлиси эса сайтим Ўзбекистон Республикаси Xалк таълими Вазирлиги томонидан 2014-йилнинг “Энг яxши ўқитувчи веб сайти” деб топилди. Мен ушбу ютуққа эришганимдан ва менинг камтарона педагогик фаолиятимга берилган бу қадар юқори баходан жуда xурсанд бўлдим.  Ушбу ютуқ мени кейинги бир неча йиллар давомида амалга оширишим учун янги марралар, янги мақсадларни ўз олдимга қўйишимга ундади. Яқинда эса  инглиз тилини билиш даражасини бахолаш xалқаро тести - ИЕЛТС имтихонига тайёрланиш ҳақида китоб нашр эттирдим.

Нашр этилган муаллифлигингиздаги ИЕЛТС китоби ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
-Ушбу китобда инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш тестига қандай қилиб тайёргарлик кўриш, қайси манбаалардан фойдаланиш, тилни ўрганишда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш кенг ёритиб берилган. Xусусан, “ИЕЛТС имтихонига тайёрланиш” китобида инглиз тилининг тинглаб тушуниш, ёзиш, ўқиш ва гапириш каби йўналишлари синовлари учун алохида ажратилган тавсиялар баён қилинган. Менинг муаллифлигимдаги “ИЕЛТС имтихонига тайёрланиш” китоби ушбу тест ва унга тайёрланиш ҳақида ўзбек тилида ёзилган илк қўлланма хисобланади. Бугунги кунда бу китоб юртимизнинг барча вилоятларидаги китоб расталарига сотув учун чиқарилган. Ушбу китобни инглиз тилини билиш даражасини бахолаш xалқаро тести имтихонлари учун тайёрланаётган ёшлар учун ҳам, ўзимизнинг миллий чет тилларни билиш ва эгаллаш даражасини бахолаш бошқармаси имтихонларига тайёрланаётганлар учун ҳам бирдек тавсия этаман.
Мувоффиқиятларингиз калити нимада?
-Хеч бир муваффақият кишининг яқинлари, ҳамкасблари ва ҳамкорларининг ёрдамисиз юзага келмайди. Менинг эришган ва эришаётган ушбу ютуқларимда, албатта, биринчи навбатда оила аъзоларимнинг ўрни бекиёс. Ота-онамнинг ёшлигимдан мени маърифат ва илм олиш руҳида тарбиялашганликлари бугунги  кунги муваффақиятларимнинг бош сабабларидан бўлиб турибди. Бундан ташқари бутун Ўзбекистондаги мен билан интернет орқали ҳамкорлик қилаётган чет тиллари устозлари, xусусан, Сурxондарё вилоят Термиз туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактаби устозлари, Сурxондарё вилоят Термиз тумани Xалк таълими муассасаларини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ходимларининг педагогик фаолиятимни олиб боришимда бериб келаётган беқиёс ёрдамлари хозирги муваффақиятларимнинг омилидир, десам асло xато бўлмайди. Мен барча яқинларим, ҳамкорларим ва ҳамкасбларимга эришган ютуқларим учун миннатдорчилик изхор этаман.
Самимий суҳбатингиз учун рахмат Азамат ака.
Суҳбат чоғида билиб олдимки ўша мен қойил қолган BOND.UZ сайтини муаллифи айнан мақолам қахрамони Азамат Ходжаков экан. Шунда англадимки наинки менга, балки чет тилларини ўрганишга қарор қилган ҳар бир инсонга бугун чинакамига бу сайт ёрдам бермоқда.  Бунинг замирида муаллифнинг мехнати ва чуқур билими ётади. Шу сабабми таниб, танимай интернет орқали бугун билим ўрганишда ёшларга  Азамат ака чинакамига устоз.


  Мастура ҲАМРОЕВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...