Сурхондарёда ватанпарварлик ойлигига старт берилди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил
этилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилоятида “Янги
Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида
“Ватанпарварлик” ойлигига старт берилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Жанубий оператив қўмондонлик, куч тузилмалари ҳарбий хизматчилари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Термиз, Какайди ва Хайраобод гарнизонларида хизмат қилаётган ҳарбийларнинг оила аъзолари, вилоят ёшлари, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик қатнашди.
Ўзбекистон мустақиллиги солномасига олтин ҳарфлар билан муҳрланган ушбу тарихий сана Термиз шаҳрининг марказий кўчаларида ҳарбий оркестр мусиқаси ҳамроҳлигида ўтказилган тантанали ҳарбий парад билан бошланди.
Шундан сўнг, “Ватанпарварлар” боғида мард ва жасур ҳарбий хизматчилар, аҳоли ва ёшлар тантанали тартибда саф тортишди.
Тадбир давомида сўз олганлар мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда Қуролли Кучларимизнинг қудрати муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг масъулияти ва бурчини янада ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Тантанали тадбирда ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жангги саҳналари, фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари ва ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки руҳ улашди.
Шунингдек, тадбир доирасида замонавий миллий армиямизнинг қудратини намоён этувчи ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Қолаверса, турли спорт тадбирлари, тимбилдинг ўйинлари ҳамда психологик тренинглар ўтказилиб, иштирокчиларнинг фаол иштироки таъминланди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий