Уруш фахрийси улуғланди
Жорий йилнинг 2 май куни ҳарбий хизматчилар, Термиз ҳарбий госпитали малакали шифокорлари тоғли туманда яшаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 102 ёшли Шохмардон бобо Хамроев хонадонида бўлди. Юрт посбонлари бобо билан дилдан суҳбатлашиб, уруш хотираларини тинглади.
Бойсун туманидан Шохимардон бобо Хамроев 19 ёшида урушга йўл олган. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси хонадонида бўлиб ўтган тадбирда пиру-бадавлат отахон меҳмонларга уруш даври ва ундан кейинги тикланиш йилларидаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб берди. Фарзандлари невара, чеваралари ардоғида тинч, тўкин ҳаёт кечираётганига шукрона айтди.
Шундан сўнг Термиз ҳарбий госпиталининг малакали шифокорлари отахоннинг саломатлигини тиббий кўрикдан ўтказди, зарур дори-дармон улашди. Шохимардон бобо ғалабагача бошдан кечирган оғир жанглари, урушдан кейин яна икки йил давом этган ҳарбий хизмат даврини эслади.
– Ўх-ху, айни ёшлик давримдаги етти йил умрим олис мусофир юртларда кечди, – дейди Шохимардон бобо. – Жанг майдонларида сон-саноқсиз қуролдошларимдан айрилдим. Кўз олдимда дайди ўқдан жон таслим қилаётган сафдошларим кўнглимни эзди. Шундай ғамгин дамларда улар учун ҳам қасос олишга аҳд қилиб, душман билан курашдим. Ватанга қайтаётганимда эса она тилимда сўзлашишни ҳам унутаёзган эдим. Энди ҳар куни тинч, осуда турмушга шукрона айтиб, биз бошдан ўтказган бу кунларни авлодларимиз ҳеч қачон кўрмасин, дея дуо қилиб ўтирибман.
Шохимардон бобо маҳалланинг энг улуғ инсони сифатида ҳамиша эл ардоғида. Ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонлик кўрсатиб, эсон-омон юртига қайтган бобонинг бир этак фарзанд ва набира, чеваралар қуршовида бахтли умргузаронлик қилмоқда. Эндиликда Бойсун туманида хайрли ишга қўл урмоқчи бўлган инсонлар ҳам, сафарга отланаётган ёшлар ҳам Шохимардон бобонинг ҳузурига келиб, у кишидан дуо олиши ажойиб анъанага айланган.
Шу куни юрт посбонлари 2000-2001 йилларда Сариосиё урушида иштирок этиб мардларча ҳалок бўлган Машраб Жўраевнинг хонадонида ҳам бўлишиб, унинг ота онаси ҳолидан ҳам ҳабар олишиб тиббий кўрикдан ўтказишди ва керакли бўлган дори-дармонларни топширди.
Комментариев нет:
Отправить комментарий