“Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалида маҳаллий, республика ва хорижий журналистлар ҳам иштирок этишмоқда
1-7 май кунлари Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтмоқда. Бу йил еттинчи бор ташкил этилаётган фестивалда ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ, Европа иттифоқи сингари нуфузли халқаро ташкилотлар, Буюк Британия, Таиланд, Япония каби мамлакатлардан фахрий меҳмонлар иштирок этмоқда. 19 дан ортиқ давлатдан 150 га яқин иштирокчи ва фольклор, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати мухлислари ташриф буюрган. Фестивалнинг халқаро кўрик-танловида 15 та маҳаллий ва 16 та хорижлик жамоа ҳамда яккахон хонанда ўз санъатини намойиш этмоқда. Улар сафида Буюк Британия, Белгия, Эрон, Италия, Руминия Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларнинг фольклор санъати усталари бор.
Шу билан бирга Бибиширин маҳалласида бўлиб ўтаётган фестивал учун замонавий туристик маскан қад ростлаб, беш қаватли, тўрт юлдузли муҳташам меҳмонхона, йирик саҳна, амфитеатр, вилоятлар қўрғонлари учун жой, этноспорт майдончалари ва бошқа инфратузилма иншоотлари қурилди. Қадимий ўтовлар ўрнатилиб, Термиз шаҳри, туманлар ва вилоят ташкилот, муассасаларининг қўрғонлари ташкил этилди. Сўлим осмонўпар тоғлар қўйнида пикник сайёҳлик зоналари барпо қилиниб, туристларга хавфсиз шароит, квадратцикл ва ҳаво шарларида мароқли саёҳат қилиш учун зарур қулайлик яратилди.
Қизғин бўлиб ўтаётган фестивал жараёнларини бутун дунёдан кузатиш имкониятини эса оммавий ахборот воситалари ходимлари тақдим қилмоқда. Сурхондарё вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил қилинган матбуот марказида хорижий, республика ва маҳаллий журналистлар туну кун дарёнларни ёритмоқда. Фестивалда 11 та хорижий ва 50 дан ортиқ маҳаллий оммавий ахборот воситалари, интернет нашрларининг мухбирлари иштирок этишмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Бойсун
баҳори” халқаро фольклор фестивали тадбирлари жорий йил 7 май кунига қадар
давом этади.
Мастура Хамраева
Комментариев нет:
Отправить комментарий