понедельник, 14 декабря 2020 г.

 Термизда “Сурхон-2020” ўқув машғулоти якунланди


Мамлакатимиз минтақадаги тинчликни сақлаш, халқаро терроризмга қарши кураш олиб бориш борасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида турли йўналишда ҳамкорлик ишларини амалга оширмоқда. Термиз полигонида Россия ҳарбийлари билан ҳамкорликда ўтказилган “Сурхон-2020” махсус тактик ўқув машғулоти шулар жумласидандир.

Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидаги махсус тактик ўқув машғулотига тайёргарлик жараёнининг очилиш маросимида икки давлат ҳарбийлари майдонга саф тортди. Ўзбекистон ва Россия байроғи кўтарилди. Очилиш маросимида қатнашган Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони полковник Зайнобиддин Эминов меҳмонларни Сурхон заминида кўриб турганлигини мамнуният билан таъкидлади. Округ қўмондони кўҳна ва тарихий Термиз шаҳрида ўтказиладиган ўқув машғулоти давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни яна мустаҳкамлашига ишонч билдирди. Тадбирда Россия делегацияси вакили подполковник Александр Колянов ҳам сўзга чиқиб, дўстона қабул учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига, тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик изҳор қилди. Шундан сўнг икки давлат ҳарбийлари оркестр садолари остида шахдам қадам ташлаган ҳолда тантанали маршдан ўтишди. Россиялик мемонлар полигон ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда юртимиз посбонлари учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув синфлари, кутубхона билан яқиндан танишдилар.

Россия ҳарбийлари бир неча кун давомида “Термиз” дала ўқув майдонида бунёд этилган ўқув нуқталарида ўқув машғулотининг асосий босқичида амалга ошириладиган ҳаракатлар бўйича тайёргарлик машқларини бажардилар. Ушбу машқларни бажариш чоғида уларга ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар ва йўриқчиларнинг тажрибаси қўл келди. Илгари ҳам юртимизда ўтказилган шундай ўқув машғулотида қатнашган подполковник Александр Колянов Россия ҳарбийлари 26 та тўсиқдан иборат ўта мураккаб йўлакдан ўтиш ва шартли террорчилар жойлашган аҳоли яшаш пунктини жангарилардан тозалаш операциясида биринчи марта қатнашаётганлигини таъкидлади. Меҳмонлар “Термиз” дала ўқув майдонидаги ўта мураккаб йўлакдан ўтиш машқлари ҳар қандай ҳарбий хизматчининг нафақат жанговар тайёргарлигини оширишда, балки ҳар бир жангчининг чидамлилигини оширишда муҳим аҳамият касб этишига машғулотлар давомида гувоҳ бўлдилар. Чунки бир неча километр масофа оралиғидаги тўсиқларни босиб ўтиш жараёнида ҳарбий хизматчилар бокс рингида аввал битта, кейин иккита кучли рақибнинг зарбаларига чидаб бериши, ўзига бириктирилган топшириқни пичоқ ва белкуракни мўлжалга аниқ отиш билан якунлаши шарт…

Ўзбекистон ва Россия ҳарбий хизматчилари шунингдек, шаҳар шароитида биноларни эгаллаб олган ноқонуний қуролланган гуруҳлардан тозалаш операцияси бўйича ҳам тайёргарлик машқларини бажардилар. Ҳар кунлик машғулотлардан сўнг ташкилотчилар томонидан меҳмонлар учун маданий тадбирлар ва Термиз шаҳрида жойлашган музейлар бўйлаб саёҳат уюштирилди. Термиз шаҳри маданият саройида ташкиллаштирилган концерт дастури, Сурхондарё вилояти археология музейи ҳамда тарих ва маданият музейи уларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ўтказилган бир неча кунлик тайёргарлик машқларидан сўнг икки давлат ҳарбийлари “Сурхон-2020” махсус тактик ўқув машғулотининг асосий босқичида иштирок этди. Бир вазиятнинг ўзида бир нечта ўқув нуқталарида бошлаб юборилган ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ва Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Лапин кузатиб борди

Махсус тактик ўқув машғулотига жалб этилган ҳарбий хизматчилар ва жанговар машиналар Сурхондарё вилояти Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари ҳамкорлигида белгиланган топшириқлар муваффақиятли тарзда бажарилди. Ўқув машғулот якунида топшириқларни бажаришда фаоллик кўрсатган ўзбек ва рус ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирлигининг медаллари, эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирландилар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...