Янги ун тегирмони фойдаланишга топширилди
“Сурхондарёдонмаҳсулотлари” корхонаси давлат эҳтиёжлари учун дон ва уруғлик харид қилиш, уларни жойлаштириш ва сақлашни таъминлаш, аҳолининг ун, нон ва нон маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, иккиламчи маҳсулотлар ҳисобидан чорва молларига омухта ем етказиб беришда муҳим ўрин тутади.
Ҳозирда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник қайта жиҳозлаш ҳамда янги қувватларни ишга тушириш бўйича бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, замонавий тежамкор технологик ускуналар ўрнатилмоқда.
Туркиянинг “Makina ve Enerji” компанияси томонидан киритилган 4 млн. 59 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобига Термиз дон маҳсулотлари қабул қилиш шахобчаси ҳудудида бир кеча-кундузда 300 тонна буғдойни қайта ишлашга мўлжалланган тегирмон ва унинг 20 минг тонна ёпиқ сиғим металл конструкцияси ҳамда соатига 100 тонна донни саралаш қувватига эга бўлган цехнинг қуриб битказилиши ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Бугун ушбу кўркам ва замонавий ун тегирмони биносининг фойдаланишга топширилиши катта тантанага айланиб кетди. Унда “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси бошқарувининг раиси Ф.Пўлатов, вилоят ва туманлар ҳокимликлари мутасаддилари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар янги барпо этилган тегирмон 64 минг 350 тонна ун маҳсулоти етказиб бериш, яна 150 нафар ёшларни иш билан таъминлашга имкон яратишини таъкидлашди.
Тадбир якунида меҳмонлар тўла қувват билан фаолият бошлаган тегирмон фаолияти билан танишдилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий