вторник, 2 апреля 2019 г.


Достончилик мактабларининг ўзига ҳос жиҳати
Юртимизнинг Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида бахшичилик санъати ривожланган бўлиб, ҳозирги кунда Булунғур, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун, Жанубий Тожикистон, Хоразм ҳамда Қорақалпоқ достончилик мактаблари мавжуд.


Улар бир-биридан ижро усуллари ва репертуарлари билан фарқланадилар. Жумладан, Булунғур достончилик мактаби азалдан қаҳрамонлик достонларини ижро этиб келгани билан машҳур. Эргаш Жуманбулбул ўғли ва Пўлкан шоирлар номи билан боғлиқ бўлган Қўрғон достончилик мактабида, асосан, лирик ишқий қиссалар куйланади.
Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд бахшичилик мактаби вакиллари дўмбира жўрлигида бўғиқ, яъни ёпиқ овозда терма-қўшиқ ижро этиб, очиқ овозда достон жараёнига таъриф берадилар. Қашқадарё бахшичилик санъати етук достон ижрочиси бўлмиш, Қодир бахши Раҳимов номи билан боғлиқ. Унинг хотираси етмишдан ортик достонлар сақланган. Ҳозирги кунда Қодир бахши анъаналарини унинг ўғиллари, Абдуқаҳҳор, Абдумўмин ва Бахромлар давом этмоқдалар. Сурхондарё бахшичилиги Шеробод-Бойсун мактаби билан боғлиқ ва унинг асосчиси Шерна бахши бўлган, унинг анъаналарини шогирдлари Қора бахши, Чори бахши, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродовлар ҳозирги кунда давом этмоқдалар.
 Хоразм достончилик мактаби вакилларининг ижросида асосан мусиқа етакчилик қилади. Хоразм бахшичилик мактаби вакиллари ўтмишда чолғу ансамбли таркибида дутор, буламан, ғижжак ҳозирда  тор, қўшнай ёки буламан, доира жўрлигида ички овозда қўшиқ-ашула ижро этиб достонларга таъриф берадилар. Хоразм достончилиги репертуар таркиби жиҳатидан ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Эпик асарларни талқин этишда жамоавий ижрочилик етакчилик қилади. "Ширвоний" (Хива) ва "Ироний" (Манғит) номли иккита йўналишга бўлинадиган ушбу мактаб қадимги илдизларга эга, ўзига хос репертуари, ансамбллар таркиби Ширвоний – тор, қўшнай, доира; Эроний – дутор ва уч торли ғижжак ,услуб ва лаҳжа, ёрқин ва жонлантирувчи қўшиқ, ашула ва оҳанг 15тадан то 36 гачага эга. Ширвоний бахшичилик мактабининг етакчи намояндаси Бола бахши (Курбонназар) Абдуллаев ва унинг болалари (Норбек, Мухаммад, Етмишбой); Эроний бахшичилик мактаби намояндаси Худойберган Утегенов. Хоразмда аёллар ижросида ҳам достонлар ва достон терма-қўшиқлари айтилган, уларни халфа-достончи деб аташган, жумладан, "Тоҳир ва Зуҳра" достони халфалар орасида оммалашиб кетган. Достонлар қўл соз (рус диатоник гармони) ва доира жўрлигида ижро этилган.
Қорақалпоқ бахшичилик мактаби иккита йўналишдан иборат – бакси (ички овоз услуби дутор ва ғижжак жўрнавозлида) ва жиров (бўғиқ овоз услубида қўбиз жўрлигида). Бахшичилик санъати Нукус санъат ва маданият коллежида ёш ижрочилар томонидан ўзлаштирилмоқда. Анъана намояндалари – баксилик бўйича Қайратдин Утемуротов, Ўралбой Ўтамбетов, Тенгелбой Каллыев, Зиёда Шарипова, Гулбахор Раметова, Гулнур Ҳамитова, Замира Иброҳимова; жировчилик бўйича Жумабой жиров, Бакберген Сырымбетов, Жонибек Пиязов, Бахтиёр Есемуратов ва бошқалар.
Ёш авлодни миллий қадриятларимизга содиқ руҳда тарбиялашда эзгуликка чорлайдиган, ватанпарвар, адолатли, мард, жасур бўлишга ундовчи достонларининг ва умуман бахшичилик санъатининг ўрни беқиёс. ХХ асрнинг 70-чи йилларидан бошлаб Ўзбекистонда мунтазам равишда бахши-шоирлар кўрик танловлари. 1999 йилдан бахши-шоир ва оқинлар Халқаро танловлари, Қашқадарёнинг Китоб шаҳрида ёш бахшилар кўрик-танловлари ўтказилмоқда. Бахшичилик санъати таълим тизимининг ўқув жараёнига киритилган. Шунинг учун ҳам кўп сонли мусиқа ва санъат мактаблари, коллежлар, лицейлар ва олий таълим муассасаларида ушбу йўналишдаги ишлар олиб борилмоқда.
Маълумотлар асосида Мастура Хамроева тайёралди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...