воскресенье, 4 ноября 2018 г.

БОЖХОНАДАН ЯШИРИЛГАН СИГАРЕТЛАР
Ўзбекистон Республикасига келиб-кетувчи фуқароларимиз қаторида  хорижликлар ҳам божхона чегараларида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилишлари шарт. Шундай экан, божхона масканларидан ўтаётган шахсларнинг дастлабки мажбурияти бу – уларнинг ёнида мавжуд буюм-ашёлар, товар моддий бойликлари ҳамда валюта қимматликлари тўғрисида божхона ходимини оғзаки огоҳлантириб, ёзма равишда қайд қилиниши даркорларини эса албатта декларациялаш керак бўлади. 

Аммо кўшни Афғонистон Ислом Республикасидан Ўзбекистонга қараб ҳаракатланаётган А.Ш.Б.Т исмли йўловчи ўрнатилган тартибларга риоя этмаганлиги маълум бўлди. Божхона ходимига ёнида яширилган ва тақиқланган ашё-буюмлар йўқлигини таъкидлаган ушбу фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилганда, унинг ёнидан ҳеч нима топилмаган. Аммо... А.Ш.Б.Т нинг бошқарувидаги “Toyota Corolla” русумли енгил автомашинаси чуқурлаштирилган божхона кўригидан ўтказилиши натижасида, автомобильнинг кўз илғамас бўшлиқларида 130 қути “ESSE” номли сигареталар яширилганлиги аниқланди. Шу ўринда бир савол: ушбу йўловчи мазкур тамакиларни нима сабабдан Ўзбекистонга яширинча олиб киришга ҳаракат қилди?
Гап шундаки,  тамаки маҳсулотларини юртимизга келтиришда йўловчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512 сонли қарорининг 1-иловасида келтирилган меъёр талабларига риоя этишлари шарт. Унда келтирилишича, бошқа давлатдан Ўзбекистонга кириш чоғида барча турдаги тамаки маҳсулотларининг умумий миқдори 10 қутидан ошмаслиги керак. Демак, мазкур йўловчи бу тартибдан хабардор, аммо қандай бўлмасин, 130 қути “ESSE”ни божхоначиларнинг  кўзидан пана қилиб, Ўзбекистонга олиб киришга уринган, деган хулосага келиш мумкин.  
Аниқланган ушбу ҳолат юзасидан қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22719-моддаси 1-қисми (22719-модда.Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишда иқтисодий сиёсат чоралари ва бошқа чекловларни қўлланиш тартибига риоя қилмаслик - фуқароларга товарларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади)ва 22722-моддаси 1-қисми (22722-модда. Товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш - фуқароларга товарларни мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади) билан маъмурий иш юритилиб, Термиз туман маъмурий судининг тегишли қарориқабул қилинди.           Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда Афғонистондан Ўзбекистонга қараб йўл олган Буюк Британия фуқароси Х. Абдошукур ҳам жами 480 қути “Esse”, “Cavallo”, “Conino Lamborghini”, “L&M” номли сигаретларни мамлакатимизга яшириб олиб ўтмоқчи бўлган вақтда, унинг багажлари божхона масканида ўрнатилган “Rapiscan XR624” русумли рентген аппаратидан ўтиш чоғида шубҳали тасвирларни намойиш этгач, божхоначилар томонидан тўхтатилган. Қизиғи шунда-ки, божхона кўригидан ўтишдан аввал ушбу фуқаро мазкур тамаки маҳсулотлари ҳақида божхоначиларга на оғзаки сўров пайтида ва на декларациялаш орқали маълум қилган.
Ушбу фуқарога ҳам юқорида кўрсатилган моддалар асосида маъмурий иш юритилиб, Термиз туман маъмурий судининг ҳукми ўқилган.



Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...