суббота, 21 июля 2018 г.

Силни олдини олиш борасида
«Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасида: «Ўзбекистон  Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд атрофдагиларга сил касаллигини юқтириш хавфи мавжуд бўлган шахсларнинг бажариши ижозат этилмайдиган ишлар рўйхатини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлайди. Рўйхатда кўрсатилган ишларни бажариши ижозат этилган шахсларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш уларни, албатта, бактериоскопик текширувдан, шунингдек. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган даврийликда рентген-флюорография текширувидан ўтказишни ўз ичига олади», деб белгилаб қўйилган.

Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд атрофдагиларга сил касаллигини юқтириш хавфи мавжуд бўлган шахсларнинг бажариши рухсат этилмайдиган ишлар белгиланиб,  касблар ва бу касбларнинг миллий стандарт классификаторида белгиланган касб кодлари кўрсатилди.
Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёҳуд атрофдагиларга сил касаллигини юқтириш хавфи мавжуд бўлган шахсларнинг бажариши рухсат этилмайдиган ишлар Рўйхатига қуйидагилар киритилган:
Даволаш—профилактика муассасаларида (туғруқхоналар, туғруқ, чақалоқлар патология ва чала туғилган чақалоқлар бўлимларида) чақалоқлар билан бевосита мулоқотда бўлган ҳолда бажариладиган ишларда ишлайдиган акушерка, барча номдаги тиббиёт ҳамширалари, барча мутахассисликдаги врачлар, беморларга қаровчи кичик тиббиёт ҳамшираси, санитаркалар, санитарка-боқувчилар, болалар таоми ва парҳез таомлар бўйича ошпазлар, буфетчилар;
Болаларга хизмат кўрсатиши мумкин бўлган барча даволаш –профилактика  муассасалари,  шу жумладан болаларга мўлжалланган соғломлаштириш, жисмоний ривожлантириш, сиҳатгоҳ ва реабилитация масканларида, профилакторияларда болалар билан бевосита мулоқотда бўлган ҳолда бажариладиган ишларда ишлайдиган тарбиячилар, барча номдаги тиббиёт ҳамширалари, барча мутахассисликдаги врачлар, беморларга қаровчи кичик тиббиёт ҳамшираси, санитаркалар, санитарка-боқувчилар, болалар таоми ва парҳез таомлар бўйича ошпазлар, буфетчилар;
Мактабгача таълим муассасаларида (боғча-ясли ва боғчалар, болалар уйлари) болалар билан бевосита мулоқотда бўлган ҳолда бажариладиган ишларда ишлайдиган тарбиячилар, барча номдаги тиббиёт ҳамширалари, барча мутахассисликдаги врачлар, беморларга қаровчи кичик тиббиёт ҳамшираси, санитаркалар, санитарка-боқувчилар, болалар таоми ва парҳез таомлар бўйича ошпазлар, буфетчилар;
Мактабгача ёшдаги болаларга хизмат кўрсатиши мумкин бўлган таълим ва спорт муассасаларида, шунингдек, ушбу мақсадларда ташкил этилган тўгаракларда болалар билан бевосита мулоқотда бўлган ҳолда бажариладиган ишларда ишлайдиган тарбиячилар, барча номдаги тиббиёт ҳамширалари, барча мутахассисликдаги врачлар, беморларга қаровчи кичик тиббиёт ҳамшираси, санитаркалар, санитарка — боқувчилар, болалар таоми ва парҳез таомлар бўйича ошпазлар, буфетчи, тўгарак раҳбарлари, ўқитувчилар, логопед, ўқитувчи-логопед.
Юқоридаги ишларда ишлаётган ходимлар белгиланган муддатларда мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари шарт бўлиб, улар тиббий кўрик натижаларига кўра сил касаллигига чалинмаган деб топилган тақдирдагина, ўз ишларини давом эттиришлари мумкин бўлади.
Демак, юқоридаги касбдаги иш ўрнига қабул қилинаётганлар иш берувчи томонидан сил касаллиги бор, йўқлигини аниқланиши учун белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт. Уларда сил касаллиги аниқланмаган тақдирдагина ишга қабул қилинишлари мумкин бўлади. Сил касаллиги аниқланган номзодлар бу лавозимларга ишга қабул қилиниши мумкин эмас.
Ишлаётган ходимларда сил касаллиги аниқланганда улар зудлик билан вазифаларини бажаришдан четлаштирилиши ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши лозим бўлади.
Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, амалдаги Меҳнат кодексининг  «Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш» деб номланган 100-моддасининг 2-қисми 2-бандига асосан иш берувчи ўз ташаббусига кўра ходимнинг соғлиги ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ мансабдор шахс томонидан юқоридаги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатининг бузилиши маъмурий жавобгарликка тортилиб, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тиббий кўрикдан ўтказилмасдан ишга қабул қилинган ходим иши билан боғлиқ тарзда сил касаллигини атрофидаги бошқа шахсларга юқтирган ҳолларда юз берган ҳоллатнинг ҳуқуқий  оқибатига қараб иш берувчи (ўз вазифаларига лоқайдлик ёки виждонсизларча муносабатда бўлиши оқибатида уларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги, фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёҳуд давлат ёки жамоат манфаатларига  кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса) Жиноят кодексининг 207 — моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин. Иш берувчи ўзининг айби билан сил касаллигини юқтириб олган фуқароларга кўрган моддий зарарлари (масалан, даволаниш ҳаражатлари)ни қоплаши лозим бўлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...