Юз билан юзлашган момо
Дунё нашрларида, интернет тармоқларида 100
ёшдан ошган инсонлар ҳақида мақолалар чоп этилмоқда. Ўқиймиз-у, узоқ умр кўрган
қарияларга ҳавас қилиб, бизнинг ҳаёт йўлимиз ҳам шундай бўлсин дея ният қиламиз. Лекин чет юртларда
яшаётган инсонларга эмас, атрофимизга назар ташласак юртимизда ҳам фариштамисол
нуронийларимизни кўришимиз мумкин. Ана
шундай инсонлардан бири маҳалламизда юз
билан юзлашган Улжа момо Бекпўлатовадир. Юрт билсин дея Улжа момо ҳақида мақола
тайёрлаш ва шу баҳона уларнинг ҳолидан ҳабар олгани хонадонига йўл олдим.
Ҳовли дарвозасидан
кирар эканман, бир файзни ҳис қилдим. Барибир қариялар бор уй ўзгача бўлар
эканда дея шунда ич-ичимдан ўй ўтди. Фарзандлари, неваралари, эваралари-ю
чеваралари қуршовида момо кулгин ҳолда намаён бўлди. Бир зум ҳам эваралари момосини ёлғиз
қолдирмас, олдида доим парвона бўлиб турарди. Қўлимни кўксимга қўйиб, Улжа момо
билан кўришдим. Суҳбат қурар эканман, муштипар ўзбек аёли матонатинига яна бир
бор тан бердим. Умр варақлари гоҳ қувончли, гоҳ аянчли айрилиқлару,
қийинчиликларни ёзиб борган бўлсада, Улжа Бекпўлатова асло синмади. Ўзининг
кучи билан уч фарзандни ҳалол луқма билан боқиб, тарбиялаб вояга етказди.
Улжа момо Бекпулатова:
- Уруш йиллари эсимда.
Қийинчилик, бир томонда очарчилик вақтида қишлоқдан шу фарзандларимини шаҳарга
олиб келганман. Бир она фарзандларига
ниманики бера олса, мен ҳам шундай қилдим. Тарбиялаб камолга етказдим. Шукрким,
бугун улар юрт ҳизматида. Мустақилликни кўрдим, озод инсонлар қувончига шерик
бўлиб, қайтатдан ҳаётимни бошлагандек бўлдим. Фарзандларим тинч юртда яшаёпти.
Невараларим қўрқувларсиз кеч уйқуга бош қўяади. Мендек кексалар улуғланиб, қарилик гаштини сўрмоқдамиз.
Бунинг учун юртбошимизга раҳмат айтаман. Тўкин дастурхон устида дуога қўл очар
эканман, озодлигимиз абадий бўлсин, юртдошларимиз орасидан меҳр-оқибат
йўқолмасин деб ният қиламан. Зеро, бизнинг оқибатлигимизни ҳеч қаерда топа олмайсиз.
Бунга ўзим амин бўлганман.
Момо доим уларнинг кўргани келган юртдошларимизни мақтаб, барака
топишсин ҳолимдан ҳабар олиб туришибди дея мақтаб ҳам қўйди. Инсон тафтини
инсон кўтаради дегандек, доим момо ўзига бўлган эътибордан кундан - кун худди
ёшараётгандек ҳис қиларкан. Лекин, йиллар аёвсиз эмасми, у инсон юзида акс
этмай қолмайди. Бир деҳқон аёлининг кўзидаги нур, қарилик захмати юзида акс
этган ажинлар ҳам онда ўзгача ярашиб турар экан. Бу ажинлар ортида 21
фарзанднинг кенжаси бўлиб 1914 йилда дунё юзини кўрган қизалоқ, йиллар давомида
20 нафар жигарларидан айрилиб, ота-онасининг тобутини кўтарган бўлсада,
синовлар орасидан енгиб ўтган аёл, бугун эса бизнинг қаршимизда хали ҳам ҳаётга
чанқоқ холда Улжа момо гавдаланади. Деҳқончиликдан кун кечириб, ернинг
саҳоватини фарзандаларига улашан момо, ҳали ҳам кучсиз бўлиб қолдим демайди.
Икки ой олдин инсулт бўлган бўлсада, бугун момо кўргани келган евараларини
қўлларини маҳкам тутиб, менинг ҳаётим давомчилари дея юзларидан ўпиб қўйишга
куч топа олади. 11 неварани, 17 чеварани, 4 еварани кўрган момо ҳали еваранинг
ортидан из қолдирувчи бегонасини ҳам кўраман деб кулиб қўядилар.
Суҳбат қилар эканман, «мен
умримнинг 101 ёшини яшаб бўлдим. Шукрким, борлиқни уйғотадиган яна бир баҳорни
ҳам кўрдим. Қанча яқинларимнинг айрилиғига чидадим. Инсон борки синовларда
тобланар экан. Мен ҳам шу йўлларни босиб
ўтдим. Ниятим фақат дуо қилиб, эъзозланган юртда даврон суриш» дейдилар.
Дарҳақиқат Улжа момо каби нуронийларимиз доим қадрланади. Шуни ҳам айтиш
керакки қувонарлиси бизнинг халқимизда
ҳеч бир юртда учрамайдиган ёши улуғ кексаларга ўзгача юракда чуқур ҳурмат
мавжуд. Шунинг учунми уйимиз парилари бўлган нуронийларимиз ҳонадонларимизга
ўзгача файз баҳш этади. Бутун ўтмиши
юзида намоён этган нуроний қарияларимизга назар ташлаганимизда, тарихимиз
ҳаётимизнинг бир бўлаги эканлигини ўзларида акс эттирганига амин бўламиз.
Улжа момо билан сухбатимиз сўнгида ҳайрлашар эканман, кета туриб мени
тўхтатдилар. Олдиларига ўтирганимда титроқ эгаллаб олган қўлларини кенг очиб
«доим халқ хурматида бўлгин, етук журналист бўл болам. Сендек фарзанди
борлигидан доим ота-онанг фахрлансин. Мендек ёшни қаршилаш сенга ҳам насиб
қилсин» дея дуо қилдилар. Нуронийлар дуоси ўзгача бўладида. Дилларга ўзгача
ором баҳш этиб, инсонга ишонч ато этиб, олға қадам ташлашга ундар экан. Буни
мен момо мени дуо қилган онларида яна бир бор ҳис қилдим. Шу куни кўнглимга
қувонч билан, момо хонадонидан ишхонамга йўл олар эканман, қарияларимиз
дуосидаги сеҳрни англадим.
Мастура Ҳамроева
Комментариев нет:
Отправить комментарий