среда, 31 мая 2023 г.

КИБЕРЖИНОЯТ:алдовдан жазога

КИБЕРЖИНОЯТ:алдовдан жазога
Кунлик янгиликларни интернет орқали ўқир эканмиз фирибгарларнинг ижтимоий тармоқлар орқали жиноий хатти-ҳаракатлари ва турли ёлғон хабарлар билан фуқароларни алдаб чув тушириш ҳолатлари кўпайиб бораётганлигини кўрамиз. Олдинги мақолаларда айнан кибер хужумга учраётган инсонлар ҳақида кенг ёритган бўлсак, эндиликда онлайн жиноятлар  оқибати ҳақида тўхталмоқчимиз.

Жиноят борки унга жазо муқаррар. Лекин, баъзан бу қоидани унутамизда, жиноятга қўл урамиз. Оқибатда эса охирида қанча афсусланмасин кеч бўлмоқда.  Бундай ҳолатларнинг ортишида жиноят қилаётган инсонлар билан бирга ишонувчан бўлган юртдошларимиз бепарволиги ҳам сабаб бўлмоқда.

Соддалиги сабаб алданиб қолган инсонларга бугунги кунга қадар  Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Киберхавфсизлик бўлими  хуқуқларини ҳимоя қилиш ва жиноятларни бартараф этган ҳолда, кибержиноятларни фош қилишда самарали ишлар олиб бормоқда. Айнан улар орқали аниқланган ҳолатлар ва ўз ечимини топган  мурожаат асосида алданиб қолган инсонлар тақдири ҳамда уларни алдаган жиноятчиларга берилаётган жазолар билан таништирамиз.

Ўмарилган  48 миллион

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида яшовчи фуқаро О.С. ариза билан мурожаат қилиб, аризасида ўзига тегишли бўлган “Ҳумо” банк картасида бўлган жами 48.640.550 сўм миқдоридаги пуллар номаълум шахслар томонидан ечиб олинганлигини билдирган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида О.С. исмли фуқаронинг банк картасидан пулларини ўғирлаган шахслар “Агробанк” Олтинсой тумани бўлими ходимлари, Шўрчи туманида яшовчи, Қ.Ш. ва А.С. эканлиги аниқланди. Ушбу фуқароларга нисбатан ЖКнинг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Соддалигим қурсина банк картасининг пин-кодини ҳам айтаманми…

Сурхондарё вилояти Узун туманида яшовчи фуқаро Д.Қ. ариза билан мурожаат қилиб, унда банк картасини туманда жойлашган «Пайнет” шаҳобчасида номаълум шахс томонидан ўғирлаб кетилганлиги, банк картасида бўлган жами 9.222.000 сўм пуллари ечиб олинганлигини билдирган.

Воқеа эса пайнетга борган мижоз карта кодини айтиши билан пулларни ўзлаштириш режаси Узун туманида яшовчи,  1978 йилда туғилган  Н.А. да пайдо бўлди.  Банк картаси пин-кодини «Пайнет» шаҳобчасида жабрланувчи томонидан ошкор қилинганлигидан фойдаланиб, банк картасини ўғирлаб, пулларни талон-торож қилган шахс ЖКнинг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Техномарт акциясида ғолиб бўлдингиз – тузоқ биздан, илиниш сиздан


Сурхондарё вилояти Бандихон туманида яшовчи фуқаро А.Ю. ариза билан мурожаат қилиб, аризасида телеграм мессенжери орқали “Техномарт Акция” номли профил эгаси “Самсунг А-72” русумли телефон аппаратини ютиб олдингиз  деб, фирибгарлик йўли билан “Ҳумо” банк картасида бўлган жами 1.500.000 сўм миқдоридаги пулларини ечиб олганлигини билдирган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида А.Ю. исмли фуқаронинг банк картасидан фирибгарлик йўли билан пулларни ечиб олган шахс Самарқанд вилояти, Нарпай туманида яшовчи, вояга етмаган, 2005 йилда туғилган С.У. эканлиги аниқланди. Суриштирув ишлари давомида, С.У. исмли шахс бундан ташқари яна 27 нафар фуқаронинг банк картасидаги пул маблағларини ўзлаштириб олганлиги аниқланди. Ушбу фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноий мақсадларда фойдаланилган «ZOOD-PAY»

Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Н. ариза билан мурожаат қилиб, аризасида ўзига тегишли бўлган банк картасидаги жами 1.262.000 сўм пуллар номаълум шахслар томонидан ечиб олинганлигини билдирган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида банк картасидаги пулларни ўғирлаган шахс Термиз туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган Д.Ж. эканлиги аниқланди. Д.Ж. ушбу жиноятни Н.Н.нинг банк картасини “ZOOD-PAY” иловасига улаган ҳолда пулларини бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиб, маблағларини “1xbet” онлайн таваккалчиликка асосланган ўйинига тикиб, ютқазиб юборган.  Ушбу фуқарога нисбатан ЖКнинг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Авжида бўлган  тақинчоқлар  онлайн савдоси

Ангор туманида яшовчи, фуқаро М.Г., «olx.uz» платформасида «Кредитга тилла ва бриллиантлар» номли эълон берган шахс билан телеграм мессенжери орқали боғланди. 20 грамм тилла тақинчоқ учун олдиндан 2.200.000 сўм пулларни номаълум шахснинг банк картасига ўтказиб берган. Соддалик оқибатида пулларни тушуриб олган шахс мессенжердаги ёзишмаларни ўчириб, ваъда қилинган тилла тақинчоқларни тақдим этмай, ғойиб бўлган. Шундан сўнг мурожжат қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган шахс муқаддам ҳам шу турдаги жиноятни содир этиб, Ўз.Р. ЖКнинг 168-моддаси билан судланган Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи 1998 йилда туғилган Ш.Д. эканлиги аниқланди. Ш.Д.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-модда 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳаммага битта телефон

Сурхондарё вилояти Музработ туманида яшовчи фуқаро М.Р. ариза билан мурожаат қилиб, унга тегишли бўлган “Samsung А71” мобил қурилмасини сотиш учун «olx .uz» платформасида эълон жойлаштирганда унга ўзини Музработ туманидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиси деб таништирган номаълум шахс мобил қурилмани сотиб олмоқчи эканлиги, аммо Тошкент шаҳрида сафардалиги учун қурилмани маҳаллий йўналиш таксисларидан бериб юбориши, тўлов эса қурилма етиб келиши билан банк картаси орқали амалга оширилишини тушунтириб, бошланғич 500.000 сўм миқдорда пул ўтказиб бериб унинг ишончига кирганлиги, жўнатилган қурилмани қабул қилиб олгандан сўнг телеграм мессенжеридаги ёзишмалар ва телефон рақамларини ўчириб ғойиб бўлганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фирибгарлик йўли билан мобил қурилмани ўзлаштирган шахс муқаддам фирибгарлик ва ўғрилик жиноятлари учун бир неча бор судланган Фарғона вилояти   Фарғона шаҳрида яшовчи 1987 йилда туғилган Х.С. эканлиги аниқланган. Х.С.га нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юкни  етказиб бериш таклифи ортидаги фирибгарлик

Денов туманида яшовчи фуқаро С.А. ариза билан мурожаат қилиб, телеграм мессенжерида «Юк маркази» номли гуруҳда номаълум шахс унга «Андижон-Самарқанд» йўналишидаги юкни етказиб бериш учун яхшигина ҳақ тўланиши мумкинлиги ҳамда у ўзга бир шахсники эканлиги «заказни» олиб бериш учун банк картасига 200.000 сўм ўтказиб бериши кераклигини билдириб, пуллар ўтказиб берилганидан сўнг, аккаунт номаълум тарзда ғойиб бўлганлигини маълум қилиб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, пулларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган шахс Бухоро вилояти Ромитан туманида яшовчи 2004 йилда туғилган А.А. экан. А.А.га нисбатан ЎзР. ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Амалиётда ўмарилган пуллар

Университет талабаси 75 миллион сўмдан ортиқ пулларни ўғирлади. Ҳа сиз нотўғри эшитмадингиз. Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи М.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг банк картасидан 75.700.000 сўм пулларини ечиб олганлигини билдириб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришликни ва пулларни қайтаришда ёрдам сўраган.

Шу асосида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида, ушбу жиноятни университет 4 курс талабаси, 1997 йилда туғилган М.А. томонидан содир этилганлиги аниқланди.

М.А. ушбу жиноий режасини банк филиалларидан бирида амалиёт ўтаётган вақтида тузганлигини маълум қилиб, банк тизими орқали нотаниш шахс номидаги банк картасини фаоллаштиргани ва жабрланувчига  қўнғироқ қилиб банк ходими эканлигини билдириб смс-хабарномани қўлга киритган ҳамда мавжуд бўлган барча пулларни номаълум шахс номига расмийлаштирилган банк картасига ўтказиб олиб, турли банкоматлар орқали пулларини ечиб олган.

Энди эса унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  169-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Юқоридаги ҳолатлар турлича эканлигини кузатдик. Аммо барчаси бирдек жиноят – кибер жиноятдир. Интернет олами ривожланганлиги сари мўмайгина даромад илинжида турли йўлларни қидираётган инсонлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Лекин у ҳатто онлайн жиноят бўлсада, барибир жазо муқаррар эканлиги, қанча уринмасин бир кун барибир жинояти ошкор бўлиши мумкинлигини кўп инсонлар ўйлаб кўришмайди. Содда инсонларимиз эса баъзан билиб, баъзан билмай уларнинг қармоғига илинади.

Интернет ва ахборот асрида яшаётган эканмиз, албатта огоҳ бўлишимиз лозим. Огоҳ бўлмас эканмиз шунча алданамиз ва кибер жиноятлар ривожланиб бораверади.

Мастура Ҳамраева, журналист


Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...