среда, 21 декабря 2022 г.

 XVI “Евроосиё” кинофестивалида ўзбек кино ижодкорлари 3 та совринни қўлга киритишди!  


 Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида 12-18 декабрь кунлари бўлиб ўтган XVI “Евроосиё” (“Eurasia international film festival”)  халқаро кинофестивали якунланди. Унда ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар ҳам иштирок этди ҳамда бир қатор номинациялар билан тақдирланишди. Хусусан кинорежиссёр   Али Ҳамраев  “Марказий Осиёда кино санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун” номинациясини қўлга киритган бўлса, кинорежиссёр  Қамара Камалова “Йўл бўлсин” бадиий фильми учун  ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига лойиқ кўрилди.  Шунингдек Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов “Евросиёда  фестиваль ҳаракатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” махсус соврини  билан тақдирланди. 

 Шу билан бирга фестиваль доирасида Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазири ўринбосари Нуркиса Дауешов, Қозоғистон Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Есетжан Косубаев ва “Кинопарк” энг йирик кинотеатрлар тармоғи раҳбари Ерлан Бухарбаев билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар давомида ўзаро ҳамкорликда олинадиган кино лойиҳалар, кино санъати ва саноатининг бошқа йўналишларида амалга ошириладиган ишлар бўйича муҳокамалар бўлди.  

 Мазкур тадбирдаги яна бир аҳамиятли воқеа шундан иборатки, фестиваль доирасида бўлиб ўтган ўзаро учрашувда  БДКИнинг  Тошкент филиали ва Турон университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шартномага кўра талабалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик  лойиҳаларини, ўқув курсларини, илмий конференция ҳамда ўқув дастурларини, маҳорат дарсларини  ташкил қилиш, педагог ва талабалар алмашиш амалиётини қўллаш ҳамда ҳар икки олий даргоҳнинг дипломларини Ўзбекистон ва Қозоғистонда тан олинишини таъминлаш кўзда тутилган. 

 Шуни таъкидлаш лозимки, “Евроосиё” халқаро кинофестивали Қозоғистондаги 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, у Халқаро кинопродюссерлар уюшмалари федерацияси  (FIAPF) томонидан аккредетациядан ўтган. У икки йиллик танаффусдан кейин яна қайта ўз ишини бошлади. Ўтган йилларда ушбу фестивалга Ким Ки Дук, Эмир Кустурица, Жан Клод Ван Дамм, Микеле Плачидо, Катрин Денев ҳамда Винсен Кассель каби дунё кино юлдузлари ташриф буюрган.  

 

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...