среда, 8 мая 2019 г.

Аждодларим – фахрим!


9-май “Хотира ва қадрлаш” куни муносабати билан Сурхондарё вилоятини Тожикистоннинг Хатлон вилояти билан боғлаб турган “Гулбахор” божхона масканидан ҳаракатланаётган  йўловчиларга “Шараф” ленталарининг тарқатилиши  баҳонасида  ёши улуғ отахон-у-онахонлар билан “Аждодларим - фахрим” мавзусида суҳбатлар ташкил этилди.

Ўзбекистондаги набираларини йўқлаб, Тожикистоннинг Қабадиён туманига қайтаётган Азим бобо Тоштемиров 75 ёшда. У ўзининг болалик даврини ёдга олар экан, ҳаётининг беғубор даври 2-жаҳон уруши тугаганининг илк йилларига тўғри келишини айтиб, жанг майдонларидан қайтмаган 20 ёшли тоғасини кўзига ёш олиб хотирлади.  Уруш тугаб, ажал комидан кимдир оёқсиз, кимдир қўлсиз ҳолда ногирон бўлиб қайтиб келган қишлоқдошлари маҳалла гузарларида йиғилишар экан, уларнинг сўзлаб берган воқеаларини бор вужуди билан тинглаб катта бўлган Азим бобо дунёда тинчликдан бебаҳо неъмат йўқлигини қайта-қайта таъкидлади.        
 Кейинги суҳбатдош Хамида хола Маллаева падари бузруквори Имомқул Маллаев ҳақида гапирар экан, унинг 2-жаҳон урушидан бош қисмидан яраланиб, ўнг қўлининг 4 бармоғидан айрилганини ачиниб эсладилар.
Отаси Хамида холани “Ғалаба қизим” деб чақиришини кўзи тўла ёш билан сўзлаб берди. Сабаби Хамида  хола “фашизм устидан қозонилган ғалаба”дан 1 йил ўтиб, 1946 йилда дунёга келган экан. 
- Раҳматли онамнинг бизга айтиб беришларига қараганда, 1941 йилда отамни урушга чақиртиришган вақти оиламизнинг катта фарзанди опам ҳали бешикдаги гўдак бўлган экан, - дейди у. Ўз сўзида давом этган Хамида хола Туркманистонда улғайиб,  Тожикистон олийгоҳларининг бирида таҳсил олгани, 1968 йилда эса Шаҳритуз туманига келин бўлганини ва ўша йили падари бузруквори оламдан ўтганлигини айтиб, отасининг хотираси хурматига унинг фамилиясида қолганлигини фахрланиб айтдилар.
 Қашқадарёлик Ўралов Хасан ва Хусан боболар Тожикистонлик қариндошларини 30 йилдан буён биринчи марта йўқлаб келишаётганликларини таъкидладилар. Деҳқонободга қараб йўл олган бу 2 отахон 73 ёшни қаршилаган бўлсалар-да, болалик даврларини кечагидек эслашларини айтдилар.                                                                                             - Қишлоғимизнинг 70 нафар атрофида эркаклари урушга кетиб, 34 нафари қайтиб келган, холос. Уларнинг орасида отамиз  Ўрал бобо Одиров ҳам 1939 йилда Россияга ҳарбий хизматга чақиртирилиб, уруш бошлангани учун 1946 йилга қадар ўша ерда қолиб кетганлар. Шу орада елкаси ва оёғидан яраланиб, уйга, таътилга қайтиб келдилар, лекин ҳеч қанча вақт ўтмай, отамни яна уруш фронтига чақиртиришди.  Отамни-ку, 1946 йилда кўриш насиб этди, аммо отамнинг укаси Абдуғаффор Одиров душманнинг ўқидан ҳалок бўлиб, ортга қайтмадилар, - дея эслашди ака-ука Ўраловлар.   
 Бу инсонларни кузатар экансиз, уларнинг тақдир йўллари турли-туман, аммо дилидаги яралари, йўқотишлари нақадар ўхшашлигини ҳис қиласиз! Қалбларида шукроналик билан, фарзандлари боши узра ҳамиша тинчлик қуёши чарақлаши йўлида доимо дуода бўлган ушбу фахрийлар божхона ходимларининг кичикина бир эътиборидан мамнун бўлишганини уларнинг хурсандчилик тўла юз-кўзларидан англаш қийин бўлмади. 



                                                                                   Гавхар Махмудхонова,

                                                                                   божхона хизмати капитани

1 комментарий:

  1. Мастурахон, катта рахмат маколани блогингизда чоп этишни маъкул курибсиз. Ишларингиз, ижодингизга омад тилайман!

    ОтветитьУдалить

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...