четверг, 9 августа 2018 г.

ТАЪЛИМДА 60 ЙИЛ.

Таълим соҳасида фидоий инсон, моҳир педагог ва етук олим сифатида танилган Хурсанд Худойбердиевнинг педагогик фаолиятига бу йил 60 йил тўлди. У 1942 йил 14 декабрда Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги “Хидиршо” қишлоғида таваллуд топган. 1961-1968 йилларда Самарқанд давлат университети тарих факультетида таҳсил олиб мазкур йилда Термиз давлат педагогика институтида ўз педагогик фаолиятини бошлаган. Институт ёшларига таълим ва тарбия берибгина қолмай дарсдан ташқари кенг жамоатчилик ишларида фаол қатнашиб келди. Жумладан: 1982 йил институтнинг тарбиявий ишлари бўйича проректори, 1984 йил ижтимоий фанлар ва ижтимоий касблар факультети декани, 2000-2004 йилларда ижтимоий - гуманитар фанлар факультети декани, 2004-2005 йилларда миллий истиқлол ғояси кафедрасининг мудири лавозимларида фидокорона меҳнат қилган.

1991 йилгача олимнинг 68 та илмий, 266 та илмий оммабоп ишлари эълон қилинган. Айнан мустақиллик йилларида эса самарали ва фидокорона меҳнати туфайли 213 та  илмий, 170 та илмий оммабоп мақолалари Республика ва  вилоят матбуотларида чоп этилган. Х.Худойбердиев олий ўқув юртларини ўқув қўлланмалари, дарсликлар билан таъминлаш соҳасига ҳам баракали ҳисса қўшган. “Диншунослик асослари”-(1995 й), “Сиёсатшунослик асослари”-(1997 й), “Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар”-(2001й), “Миллий истиқлол ғояси” дарслиги-(2005 й), “Миллий ғоя ва раҳбар маънавияти”- (2007 й) каби ўқув қўлланма ва дарсликларини ҳаммуаллифликда яратган.
Х. Худойбердиев ўзининг фидокорона меҳнатлари эвазига 1985 йилда “Халқ таълими аълочиси” 1995 йилда Термиз давлат университетида “Хизмат кўрсатган доцент”,  1997 йилда “Энг яхши мураббий”, 2004 йилда “Энг яхши воиз”,  2007-2010 йилларда “Энг фаол маънавиятчи ”,  2010 йилда “Термиз давлат университетининг профессори” каби унвонларга сазовор бўлган. У 2011 йил “Мустақилликнинг 20 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Ҳозирги пайтда Х. Худойбердиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ 2909-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалида ўз педагогик фаолиятини давом эттириб жорий ўқув йилида ўндан ортиқ илмий ишлар, 13 та илмий оммабоп мақолалар, 60 дан ортиқ маънавий – маърифий тадбирлар ўтказган.
Юқоридаги заҳматли меҳнат фаолияти туфайли Х.Худойбердиев  ўз касбини  нафақат севиб ардоқлаган, балки уни юксакликларга кўтарган фидоий педагог сифатида ҳар биримиз учун ҳаётий намуна ва ўрнак тимсолидир.Ўз навбатида биз филиалнинг “Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий” кафедра ўқитувчилари ҳам камтар, самимий, соддадил инсон, чин дўст ва заҳматкаш олим                Хурсанд Худойбердиев каби  меҳнатсевар киши билан бир жамоада ишлаганимиздан фахрланамиз. У кишига мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, келгуси илмий ишларида зафарлар тилаймиз.


     Б. Абдувохидов.
 Ислом Каримов номли ТДТ университети
 Термиз филиали ўқитувчиси.


Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...