воскресенье, 25 марта 2018 г.

ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА УНГА ҚАРШИ КУРАШ

Ҳозирги кунда, диний экстремистик оқимлар ва террористик гуруҳлар ўз сафларини кенгайтиш мақсадида турли усулларни қўлламоқдалар. Жумладан, улар кўпинча ҳали мавкуравий жиҳатдан тўлиқ шаклланмаган ёшларга диний таълим бериш ниқоби остида, ҳар хил алдов йўллари билан ўзларининг қўпорувчилик ғояларини сингдириб, кейинчалик давлатимизда нотинч вазиятни юзага келтириш орқали, ўзларининг диний давлат қуришга бўлган уринишларини амалга оширишда фойдаланишга ҳаракат қилиб келмоқдалар. Ачинарлиси ана шундай алдовларга учганлар орасида ватандошларимиз ҳам бор.


Ўзбекистон аҳолисининг сони 31 млн.дан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94% дан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5% га яқин фуқаролар православ динига мансуб бўлиб, қолганларини бошқа конфессия вакилларини ташкил этади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессияга мансуб 2 238 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2064 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Булардан ташқари конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.
Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади.
Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганларидек: “Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни  ташвиш ва хавотирга солмай қўймайди”.
Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзини “Ислом давлати” (ИШИД), “Жабҳат ал-Нусра” деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган “мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиб даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига бориб қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Афсуски, ёшлар муайян қисми ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Нави Пиллэй эълон қилган маълумотга кўра 2012 йилнинг июл ойидан бошлаб Сурия ва Ироқда ҳар ойда 5000 нафар одам ўлмоқда. Ўлаётганлар орасида қариялар, аёллар, оилалар, ҳатто эмизикли гўдаклар ҳам бор.
Сўнгги вақтда Марказий Осиёдан чиққан жангариларнинг бир қисми Суриядан ўз мамлакатларига суқилиб кириб олиб пинҳона фитна чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар. Вазиятнинг бундай таҳликали ўзгариб бориши республикамизда барча жонкуяр фуқароларидан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин оширишларини тақозо этади. Тинчликни сақлаш хушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим.
Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу-хунарлари билан ахлоқий фазилатларини ҳам ўстириб боришимиз керак. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муҳим бурчларидан биридир.


Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...