«Пайғамбар ороли» мўъжизаси
Қадимги Термиз харобалари
қаршисида Амударё ўзанида майдони тахминан тўрт минг гектарлик сатҳга эга, узунлиги саккиз, эни беш- олти километр бўлган орол
жойлашган. Доим Амударё худди шу жойга келиб, нима
учундир табиатини ўзгартиради у «Пайғамбар ороли» номини олган. Катта оламдан
ажралган ўзига хос табиат хилхонаси қамишзору тўқайлар, саҳро-ю чакалаклардан
иборат бўлиб, унда турфа ҳайвонлар эркин, ёввойи ҳолда яшайдилар. Шунинг учун ҳам орол
Сурхон давлат қўриқхонасининг бир қисми
ҳисобланади. Лекин, орол
табиати қанчалик мафтункор бўлмасин, ундаги
асосий диққатга сазовор антиқа нарса
инсон қўллари билан яратилган,
афсоналарга чулғанган тарихий ёдгорликдир.
Ривоят қилишларича Исломгача
бўлган пайғамбарлардан бири, ўзининг жасадини вафотидан кейин қайиққа солиб,
дарёга оқизиб юборишларини ва қайси қирғоққа келиб тўхтаса, ўша ерда дафн
этишларини васият қилади. Лекин қайиқ дарё ўртасига келиб, тўхтаб қолади. Шунда
мўъжиза рўй бериб, дарё тубидан орол
қалқиб чиқади. Пайғамбарни мазкур оролга дафн этадилар. У Исломгача бўлган йигирма беш пайғамбарлардан
бўлиб Зул-Кифл - «кафолат соҳиби» номини олади.
Пайғамбар ўзининг халқини муҳтожликдан асраш маъсулиятини
олган, ҳамда уларга адолатли ҳакам бўлиш кафолатини берган. Зул-Кифл узоқ умр
кўрган ва берган кафолатларини тўлиқ
бажарган. Зул-Кифл милоддан аввалги VI-VII асрларда яшаб ўтган тарихий
шахс ҳисобланади.
Даставвал Зул-Кифл работи Калиф шаҳрида, Амударёнинг
ўнг қирғоғида бўлган. XI асрда, Ғазнавийлар даврида Зул-Кифл қабри оролга
қўчириб келтирилган ва мақбара билан масжид барпо этилган. Шу даврда,
манбаларда қайд этилишича, Амударёда орол орқали Маҳмуд Ғазнавий томонидан понтонсимон
кўприк қурилган. Умуман, ғазнавийлар Термизни ўзларининг муқаддас шаҳри
сифатида эъзозлашган. Оролда Зул-кифлдан ташқари, милодий
992 йилда вафот этган, келиб чиқиши асли турк бўлган машҳур ислом лашкарбошисп
Исҳоқ ибн Кундаж ҳам дафн этилган.
Оролнинг жанубий қисмида жойлашган Зул-Кифл ёдгорлиги
турли даврларда бунёд этилган гумбазли катта масжид ва жанубдан туташган
сағанали ҳилхона, ғарб томондан бириктирилган икки хонадан иборат. Масжид мурабба тарҳли, олди пештоқли, безаги ғишт чоргул ва
арча тарзида терилган, меҳробига
ганч гириҳ нақш ишланган. Масжид
сатҳидан бир метрча баланд қилиб
қурилган ҳилхонага жануб
томонидан турли безаклар билан безатилган зиёратхона ва даҳлиз орқали
кирилган, ҳамда икки эшиги орқали туташ қурилган икки хонага ўтилади. Ҳозирги
пайтда қўшни Афғонистондаги нотинчлик ва беқарорлик туфайли чегара ҳудудида
жойлашган тарихий меросимиз намунаси бўлмиш Зул-Кифл мажмуасига зиёрат хавфсизлик
нуқтаи-назаридан чеклаб қўйилган.
Комментариев нет:
Отправить комментарий