четверг, 29 сентября 2016 г.

Қадим дунё тамаддунига бешик дара

Зараутсой дараси... Қадимги одамларнинг манзилгоҳлари, қоятошлардаги расмлари диққатга сазовор бўлган, қарийб 10 минг йиллик тарихга эга маскан.. Бу қадимги давр санъат асари бир неча минг йилликлардан бери ўзгаришсиз сақланиб турибди.

Зараутсой тасвирлари дастлаб 1912 йили топограф Фёдоров томонидан аниқланган. Ушбу қоятош ёдгорлиги ҳақидаги умумий маълумотни Ю.А. Рогинская 1950 йили “Зараутсой” номли кичик рисолада чоп этган (Рогинская, 1950). Кейинчалик, буёдгорлик А.П. Окладников (Окладников, 1966), А.А.Формозов (Формозов, 1966), Ж. Кабиров (Кабиров, 1976), М. Хўжаназаровлар томонидан атрофлича ўрганилган.
   Зараутсой – Кўҳитанг тоғидаги Зараутсой камарида жойлашган. С.Ломаев, А.Рогинская томонидан 1938-39 йилларда ўрганилган. Зараутсой камарида ов манзарасини акс эттирадиган 200 та қоятош суратлари мавжуд. Улар асосан қизил-охра рангида чизилган. Расмларнинг энг қадимгиси юқори палеолит даврига тўғри келади. У юқори палеолитнинг Исканиядаги Альтамиро, Франциянинг Ласко, Бошқирдистоннинг Капова, Қирғизистоннинг Саймалитош ёдгорликлари каби машҳурдир. У Сурхондарёнинг мезолит даврига оид энг қадимий ёдгорлиги ҳисобланади. У эр.аввалги XII-VII минг йилликкка оид.
       1939 йилдан эътиборан фанга маълум ва машҳур бўлган Зараутсой суратлари тош асри одамларидан бизга мерос бадиий маҳсул, қоя рангтасвир санъатида табиий рангли бўёқда бажарилган нодир намуна, нафис, нозик, гўзал ва фақат ўзига хос суратлари дунёнинг ҳеч бир жойидагига ўхшамаган бетакрор жозиба, мингйилликларнинг бешафқат синовларидан давримизгача эсон-омон ўтиб кела олган  қадрият!
Аммо, санъатимизнинг мозий тубидаги сарчашмаси изсиз йўқолиш арафасида. Фалокат кўз ўнгимизда содир бўлмоқда. У биздан мадад сўраётганига ярим асрдан ошди.
Шу ўринда айтмоқчимизки бу ноёб дурдонани нафақат кўз қорачиғидек асраб, келажак авлодга етказишимиз, балки экотуризм манзилгоҳи сифатида хорижий туристларни ҳам жалб қилиб, маданий ва табиий меросимиздан баҳраманд қилдишимиз керак.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўтказилган экспедициялар (1943, 1945) ҳужжатларида 26 та камардаги 264 та сурат тадқиқ этилгани ёзилган. Зараутсойда 1964 йилда 212 та, 1976 йилда 88 та сурат қайд этилган. 2001 йилга келиб эса  8 та камарда 40 дан кўпроқ суратлар сақланиб қолгани аниқланди.
           Бебаҳо суратларнинг бирин-кетин йуқ бўлиб кетишига сабаб  “ёввойи сайёҳ”лар, яъни назоратсиз ҳолда Зараутсойга келган одамларнинг қадимий суратлар устига ёзиб, чизиб, учли буюм билан тирнаб ўзидан “дастхат” қолдирганида, яна ҳам даҳшатлиси эса расмлар юзасига тош ва металл буюмлар билан уриб шикастлантирганидадир! Инсонлардан кейинги хавф эса, у ёки бу даражадаги табиий ҳодисалар: сув, шамол, қуёш нури ва иқлим ўзгаришларининг ёдгорлик ҳолатига салбий таъсири ҳисобланади.
          Анча вақтдан буён матбуотда, анжуманларда Зараутсойни асраб қолиш борасида бонг уриб келинди. Айникса, кейинги йилларда Зараутсойни муҳофаза қилиш ва уни аҳоли ўртасида тарғиб этиш бўйича бирмунча фаол  иш олиб бориляпти.
           2004 йилда тузилган “Зараутсой” жамоатчилик Маркази  бебаҳо меросни сақлаш, ёш авлод онгида фахр-ифтихор ва маданият ёдгорликларини эъзозлаш туйғусини тарбиялашга қаратилган тадбирларни режа асосида  ўтказиб турибди, тарих, маданият, санъат ва ўлкашунослик бўйича асарлар чоп этилишига баҳоли қудрат ҳаракат қилмоқда.
 Чунки, мамлакатимизнинг энг қадимий санъат ёдгорлиги  ҳақида халқимиз зарур ахборотга эга бўлиши ҳамда унинг муаммолари бўйича жамоатчилик фикри шакллантирилиши керак. Шу билан бирга юртимиз маданий меросини сақлаш ва муҳофаза қилиш амалиётига жамоатчилик жалб қилиниб, маҳаллий аҳолининг ҳам бевосита иштирокини кучайтириш  лозим.
Зараутсой ёдгорлигининг ҳолати, унга таъсир этувчи омиллар, шунингдек ёдгорликни консервация қилиш, тақдимотини амалга ошириш ва ёдгорликни муҳофаза қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш ишига маҳаллий аҳолини ҳам жалб этиш режаларини тузиш ва бажаришга йўналтирилган махсус дастурлар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Шунинг учун ҳам  вилоят аҳолиси (айниқса ёдгорликка яқин бўлган кишлоқлар аҳолиси) учун тарғибот тадбирлари Зараутсойнинг умумжаҳоний мерос сифатидаги аҳамиятини тушунтириш ёдгорликнинг тарихи бўйича илмий далилларга асосланган маълумотларни, ёдгорликни зиёрат қилиш қоидаларини ўз ичига оладиган, шунингдек, маҳаллий аҳоли(мактаб ўқувчилари)ни сайёҳлар, зиёратчилар ва бошқалар учун ёдгорлик ҳақида тушунтириш бера оладиган халқаро ва маҳаллий туристларни жалб эта оладиган  тегишли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бугуннинг асосий вазифаларидан биридир
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг тарихий меросимизни асраш, муҳофаза қилиш ва келажак наслларга етказиш борасидаги масъулият туйғуси анча ошди,  Ватанимизнинг улуғ ўтмиши, бугуни ва келажак тақдирига  бўлган дахлдорлик ҳисси, гўзал ва бетакрор юртимиз учун фахр-ифтихор туйғуси янада кучайди.  Шу билан бирга Зараутсой ёдгорлигининг ён-атрофи ва унга қўшни бўлган қишлоқлар муҳити, табиати, ўсимлик дунёси ва ҳайвонот оламига нисбатан маълум маънода янгича замонавий муносабатлар қарор топишига эришилмоқда, шу ўринда аҳолининг экологик билим-маданияти ҳам  юксалиши табиий.
Зараутсой ёдгорлиги ҳудудида экотуризм маршрутини яратиш ғояси пайдо бўлганлиги эса бу ишнинг янада истиқболга эга эканини билдиради. Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий Зараутсой ҳақида ўзининг “Сабьаи сайёр” достонида шаҳрисабзлик мусофир тилидан хабар берганлиги, асарда келтирилган таъриф фақат Зараутсойга мос эканлиги, бу ҳақда жамоатчилик албатта билиши лозимлиги ва ниҳоят бу  шунчаки маълумот бўлмай балки мазкур муқаддас масканнинг экотуризм учун аҳамиятини янада ҳам ошириши турган гап.

Фахриддин Турсоатов

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...