четверг, 4 февраля 2016 г.

«Олтин қалам» ни олдим.

Саҳнада турибман. Гулдурос қарсаклар ила исмимни айтишди. Таниганлар менга табриклагандек нигоҳда, танимаганлар ким экан дея ғолибни атрофга аланглаб қидирмоқда. Мен эса ҳали ҳануз ғолиб бўлганимга ишонмаяпман. Секин зинадан тепага юқорилаяпман. Журналистлар ижодий уюшмасининг рахбарининг ўзи менга юксак мукофотни топширмоқда. Ҳатто мақтаб ҳам қўйдилар. Энди сўзламоқчи бўлиб турувдим ҳам атрофимдаги ҳашаматли сахнаю, мехмонлар, мукофот йўқолиб, ҳар қаердан соат чиқ чиқлай бошлади. Эхх шу тобда соатнинг бонг уриши, чиққилаши бўлмаса эканда. Ҳаёлларимни бузиб, тарқатиб юборди. Аттанг орзуларим дунёсига сингиб «Олтин қалам» мукофотини доим қўлимга оламану, дилимдаги сўзларни айтаман деганимда нимадур ҳалал бериб ҳаёлларим учиб кетадия.

 Болалик онларимдан журналист бўлишни орзу қилгандим. Орзуга, ҳаёлга кўпроқ берилувчан бўлганим учунми, доим ниманудир ният қилсам доим унга етушгунча ҳаёлларимни эгаллаб юради. Шунинг учун ҳам мактабда ўқиб юрган кезларим бир маротоба адабиёт дарсида шеър ёдлаб бормаганим сабаб жахл билан ўқитувчим иқтидорли эмассан, яна журналист бўлмоқчиман дейсан. Бунинг учун иқтидор билан туғилади инсон дея айтганди. Шундан сўнг иқтидор билан туғилмаган бўлсамда  изланиб орзуимга етаман дея орзу қила бошладим. Бир неча йиллар олиб борган мақолаларим газеталарда нашр қилинмаса ҳам ёзишда тўхтамадим. Таҳририят аҳийри ёзганларим муҳаррирларга ёқдими дейман биринчи мақолам 2008 йилда чиқди. Демак харакат қилиб излансам журналист бўла оларканманда дея яна орзу қилиб, олдинга интилдим.   Шунинг учунми оқ қоғоз ҳамроҳим, қалам эса яқин дўстимга айланди. Аммо инсон хоҳлаганидек бўлавермас экан. Журналистика фаъкултетида ўқишни ният қилгандим. Лекин шароит сабаб йиллар ўтсада Миллий университет остонасига қадам қўйиш насиб этмади. Шунингдек, Олий маълумотли бўлмаганим сабабли газетада, телевидение ёки бўлмаса радиода ишлаш мен учун орзулигича қолайверди. Лекин орзуимга биринчи қадам қўйишимга "Маънавият гулшани" газетаси таянч бўлди. Ижодга кирганимда 7 йил тўлиб илк бор мени қўллаб-қувватлаб, газетада ишлашдек масъулиятли ва шарафли касбга айни шу газета бош муҳаррири Норқувват ака Тўраев сазовор қилди. Шу инсон мени мухбир сифатида ишга таклиф қилган он ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди.
 
 2014 йил 28 октябрь. Айни шу куни қалбимда бир олам қувонч ва ҳаёжон ила таҳририят остонасига қадам қўйдим. Мени қандай қабул қилишар экан, маълумотсиз ҳаваскор журналист бўлсам, менинг қоралама ёзган ижод ишим уларга ёқармикан деган минг ҳаёл ила иш бошладим. Хадикларим кун ўтгани сайин йўқолиб борди. Газета жамоаси мени очиқ чеҳра ила қарши олди. Масъулиятли, тиришқоқ, талабчан, билимдон, тажрибали, ўз ишининг устаси ва  ҳар қандай ҳолатда мени қўллаб-қувватлайдиган биринчи  устозим  бош муҳаррир Норқувват ака Тўраевдек, газетамизнинг  хар сонини саҳифалашдан чарчамайдиган, насиҳатларини аямайдиган мухбир, дизайнер Исмоил ака Шокировдек, менга  яқин бўлиб қолган, меҳрибон компьютер оператори Дилбар опа Шокировадек, харектери оғир бўлсада маҳоратли журналист Нурмуҳаммад ака Муҳаммадиевдек,  акамдек бўлиб қолган, моҳир фотомухбир Икром ака Тўраевдек, жамоага қувноқлиги билан табассум олиб келадиган бухгалтер Норбой ака Ёрматовдек, шўх ва беғубор Азиза Қаҳҳоровадек инсонлар жам бўлган жамоа билан ишлашдан фахрланаман ва улардан миннатдорман. 
Умримнинг бир ярим йилини газетага бағишлаб ўтказаётган бўлсам, шогирд сифатида қабул қилган Норқувват ака мақолаларимда йўл қўйган камчиликларимни тўғирлашим учун сабоқ бериб, ўргатишдан сира чарчамаяпти. Неча йиллар журналистикага қизиққан бўлсамда устозим бўлмаган, эндиликда бу соҳанинг сир-асрорларини ўргата оладиган тажрибали устозга эга бўлгандим. Бу мен учун катта тажриба мактаби бўлмоқда. Зеро, ўша вақтгача менга ҳеч ким босма нашрларга қай тариқа мақола тайёрлашни, мезонларини, машаққатини, интернет журналистика янгиликларини ўргатмаган, ўзим мустақил ўзлаштириб келгандим. Шунинг учун ҳам тажрибам анча кам эди. Ўз навбатида устозимнинг менга берган сабоқларини оқлаш учун ҳам танловларда иштирок этиш учун ижодий ишларимни тақдим эта бошладим. Орзуим ғолиб бўлиб устозим мен билан фахрланишини кўриш эди. «Инсон ҳуқуқлари журналист нигоҳида» танловига ҳужжатларимни жўнатаётганимни эшитган баъзи инсонлар дастлаб менга «Олий маълумотли журналист эмассан, сенинг ижодий ишларинг ҳатто хакамлар ҳайъати ҳам кўрмаса керак» деганлар ҳам бўлди. Бу сўзлар мени ўксинтирди. Зеро, ҳар қадамда маълумотсизлигимни таъна қилиши янада пастроққа итаришаётгандек туйиларди. Лекин ундай бўлмади. Ижодим ҳакамларга ёқибди. Менга телефон орқали Тошкент шаҳридаги «Shodlik palase» мехмонхонасига етиб келинг, танловнинг тақдирлаш маросими бўлади дейишганда орзуларим яна барқ ура бошлади. Бордим. Диплом ва эсталик совғасини олиб Термизга қайтар эканман, ич ичимдан «Устоз шогирдингиз ишончингизни оқлайди бундан буён дея» ўзимга такрорладим. Вақт ўтган сайин вилоятимизда ўз ўрнимга эга бўлдим, мухбир дея мени аташар, ўтказилаётган семинарлар, йиғилишларда иштирок этардим. Ҳар гал семинарларда журналистикага оид маълумотларни ўззгача ҳаяжон билан қарши олардим. Менинг қизиқувчанлигимни кўрган инсонлар «Нега доим ниманудур ўрганишга қизиқасан, кўзинг порлаб турадия,»-дея ажабланиб гапиришарди. Айниқса энг ажабланарлиси танловларда имконият борми йўқми барибир ижодимни тақдим этиб ҳужжатларимни топшира бошладим. Самараси ўлароқ ўтган 2015 йил август ойида вилоятда ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» танловида интернет журналистикаси бўйича 1-ўрин, ноябрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ўзбекистонда  оналик ва болалик муҳофазаси бўйича хизматларни такомиллаштириш” лойиҳаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ҳудудий ОАВнинг салоҳиятини ошириш” лойиҳалари доирасида Европа Иттифоқи ва ЮНИСЕФнинг молиявий кўмагида журналистлар учун “Ўзбекистонда оналик ва болалик муҳофазаси бўйича хизматларни такомиллаштиришнинг ОАВда ёритилиши” мавзусида энг яхши журналистик материал учун танловида «Интернет нашридаги энг яхши мақола» номинациясида, 2016 йил  январь ойида «Қариялари қадрланган юрт» вилоят танловида mastura.uz блогидаги мақолалари учун номинациясида ғолибликни қўлга киритдим. Оз бўлсада устозим Норқувват ака ва ота-онам ишончларини оқлаб ютуқларга эришдим. Мени журналист сифатида эътироф этиб 27 июн «Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Термиз шаҳар Кенгаши томонидан табрикнома билан табриклашди. Бунинг ўзи мени янада олға интилишга чорламоқда.
Мен бир неча йиллардан буён «Олтин қалам» миллий мукофотини орзу қиламан. Шунинг учун унга муносиб кўрилган инсонлар фаолиятига қизиқиб, ижодларини ўрганаман. Мен ҳам улардек сермазмун ижодкор бўлишни ният қиламан. Бу ният ҳаёлларимга сингиб кетган. Чунки мендек хали ғўр, тажрибасиз, олий маълумотсиз қизгина фақат орзу қила олади. Юртимизда журналист касбини танлаган инсон борки олий мукофот «Олтин қалам»ни совриндори бўлишни орзу қилмаса. Мен шундай ўйлайман. Шу мукофотни олишни, менга ишонч ила қаламим ўткир бўлишига ҳиссасини қўшаётган инсонлар юзини ёруғ қилишни, ижодим ила журналистика факулътетида ўқишни орзу қиламан. Ҳаёл қиламан. Бир қўлимда олтин қалам мукофоти. Саҳнада туриб ота-онам ва устозимга «Менга бағишлаган умри, мехнати учун ерга бошим теккунча миннатдорман. Ишончларингизни оқлайман» дея сўзламоқдаман. Шу орзунинг ўзигина мени бир олам ҳаёжонга солади. Олдинга интилишга ундайди. Нима қилибди олий маълумотли журналист бўлмасам. Бизнинг юртимизда ҳеч бир дунёнинг мамлакатларида учрамайдиган имконият бор. Бу иқтидорли ёшлар истеъдоди ҳар қандай вақтда ҳам рағбатлантирилади. Шунинг ўзи мени рухлантиради. Насиб изланиб, меҳнат қилиб юксак мукофотни албатта қўлга киритаман. Оилам ва устозим мен билан фахрланади.  Шунда баралла айтаман  : «Мен «Олтин қалам»ни олдим» деб.

Мастура Ҳамроева
Орзуманд мухбир.


Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...