понедельник, 23 марта 2015 г.

Муштипар онагинам!

Онагинам! Ҳеч ким ул зот каби сехр кўрсата олмайди. Онамнинг менга қараганларида кўзларида киши илғамас мехр ришталари мавжудлиги сезилиб турадики,  шу сабабданми менинг  кўнглимдаги ҳар битта саросимани дарҳол онам қалбида дард бўлиб акс этади. Бу боғлиқлик замиридаги мехр қандай эканлигини ҳатто ўзим тушуна олмайман, менимча хеч инсон ҳам айта олмаса керак. Зеро мўъжизакор бу туйғу изоҳлаб бўлмайдиган бир қудрат билан яралганким, уни фақат онам каби мунис аёллар қалбигина билиб, мендек фарзандлари нигоҳида намоён бўлади.


Биргина шу жиҳат оналарнинг чексиз туйғусининг моҳиятини ва умрини ташкил қилишини англатса ажаб эмас. Онамнинг ҳар бир нигоҳида ана шу сехрни ҳар сонияда кўраман. Менимча бу сеҳр оналарнинг гўдагини илк бора қўлига олганида пайдо бўлган ҳолда  намаён этиб, фарзандининг камолини кўра борган сари фахр ила юксалиб борса керак. Буни биз оналаримизга қараганда қувонч сифатида фақатгина кўра олсак керак.
Онам! Менинг муштипар онагинам. Умрини фарзандлари камолини кўрай деб, тиниб тинчимаган онам. Менга қувонч улашай, озор етмасин деб жонсарак бўладиган инсон. Шуларни ўйласам эшитган бир жумла қулоғим остида жаранглайди: “Дунёда она муҳаббатичалик муқаддас ва беғараз туйғу бўлмаса керак. Ҳар қандай садоқат, ҳар қандай меҳр бу туйғу ёнида ожиз”.  Ҳа шунинг учунми оналар деганда уларга мехри дарё дея таъриф беришади. Мехрининг дарёси олдида эса мана ман деган турфа туйғулар уммони қуриб кетиши йиллар тўзонида ичра  ўз исботини топган.
Бир одам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, менинг яхши муомала қилмоғимга ким ҳақлироқдир?”- деб сўрабди. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!” – деб айтдибдилар. У: “Яна ким?” –деб сўрабди. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!” – деб айтибдилар. У: “Яна ким?” –деб сўрабди. Жаноб Расулуллоҳ: “Онанг!” – деб айтибдилар. У: “Яна ким?” –деб сўрабди. Жаноб Расулуллоҳ (бу сафар): “Отанг!” – деб жавоб қилибдилар. Китобда ўқиганим  бу ривоят доим эсимда туради. Биргина шу ривоят орқали инсонлардан биринчи навбатда волидаи муҳтарамаси рози бўлса, шунда унинг келажаги нурли бўлажаги айтилган. Ҳам оналаримизнинг бир кунлик бедор туни ёнида, бизнинг уларнинг олдида  бир умрлик қиладиган ишлар йиғиндиси қуруқ сўзлар бўлиб қолади. Буни мен мана йигирма уч йиллик ҳаётим давомида англадим. Айтишим керакки дунё юзини онам ҳаётини ҳавфга қўйиши эвазига кўрганман. Кучга кириб, ерга илк қадамимни шу инсон қўлларини тутганча қўйганман. Яхши–ю, ямонни, ҳалол–у, ҳаромни ажрата олишни онам тарбияси ила ич–ичимга сингган. Энг олий Ватан туйғусини онагинам ўз муҳаббати билан ҳаётимга киргизган ва олий қадрият олдидаги бурчимни англашга имкон яратган. Ҳар тонг болаларим дея кўз очиб, кунни тунга улайдилар. Ўзи емай, нон тутган онам меҳри чексиз. Чунки барибир она мехрининг чегарасини топа олмаймиз. Айтсам бу инсонни мен учун қилган ишларини тугата олмасам керак.
 Онажон! Мен учун муқаддассиз! Сизни қанчалик шарафламай кам. Муҳаббатингиз бепаён. Бутун дунёни қўлларизда тутган зотсиз. Оламдаги барча фахр–ифтихор сиз каби оналар туфайли бунёдга келади. Сизга қанчалар гул тутмай, қай иш қилмай кам. Ҳар бир қадамимда сизга муносиб фарзанд бўлиш учун интилаяпман. Мана сиз туфайли  ижод олами инсони бўлдим. Сизнинг мададингиз билан танловларда исмим биринчилардан ўқилди. Қўлимга ҳар гал диплом олганимда кўз олдимга  сиз келасиз. Шунинг учун биринчи бўлиб ютуғимни сизга айтаман. Айтган кезларим эса уларнинг кўзларига доим ёш келади. Бу қувонч ёшлари. Ҳар гал уларнинг қувончини кўрсам, шунинг ўзи мени рухлантиради. Сиз  менинг ғуруримсиз онажон!
  Бу дунёда қанча оналар бўлса барчаси менинг онамдек бўлса керак. Қуёшсиз гуллар очилмагани каби, муҳаббатсиз бахтга эришиб бўлмагани каби, онамдек мунис аёлларсиз ҳаёт ҳам бўлмайди.


МАСТУРА ҲАМРОЕВА

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...