четверг, 23 ноября 2023 г.

 Дунё олимлари Термизда  халқаро илмий конференцияда мехмон

Ислом дини ривожи йўлида ўз хиссасини қўшган, хадисларни жамлаб тўплам шаклида бизгача мерос қилиб қолдирган муҳаддислар асарлари бугунги кунда бутун дунё миқёсида кенг ўрганилмоқда. Айни кунларда ҳам ҳамжамият эътибори юртимизга қаратилган. Муҳаддислик мактаби фаолиятига бағишланган халқаро конфереция Сурхондарё вилоятида ўтказилмоқда. “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзусида халқаро илмий конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июлдаги ПҚ-338-сонли “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг 2-иловаси билан 2023 йил 22-23 ноябрь кунлари Термиз шаҳрида ўтказилиши белгиланган.


Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу эзгу ташаббусларнинг мантиқий давоми сифатида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди.


Термиз халқаро аэропортида 20 га яқин  Туркия, Марокаш, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Франция, Россия, Эрон, Жазоир, Буюк Британия каби бир қатор мамлакатлардан келган хорижий  мехмонларни кутиб олишдан бошланган тадбир, эрта тонгдан Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Даставвал мехмонлар Қуръон тиловат этиб, дуо ўқишди. Шундан сўнг, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолияти, илмий тадқиқот натижалари, таржима ишлар ва нашр этилган китоблар  билан мехмонлар танишишди. Шунингдек, иштирокчилар Сурхондарё вилояти туризм салоҳиятини очиб берувчи фото кўргазма ўрин олган асарларни кўришди.

Навбатдаги манзилда иштирокчилар Термиз яқинидаги Султон Саодат мақбарасини зиёрат қилишди. Саййидлар хотирасига Қуръон тиловат этишди. Хорижлик меҳмонларга Султон Саодат мақбараси хақида мълумотлар берилди.   Айтиш керакки ушбу зиёратгоҳ X-XVII асрларга мансуб мақбаралар мажмуасидир. Ушбу мақбарада пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотима онамиз ва Ҳазрат Алининг бешинчи авлоди бўлган Саййид Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Шу боис у аслида Султон Саодот, яъни “Саййидлар султони” дея аталган. Кейинчалик мақбара атрофига унинг авлодлари ва бошқа саййидлар дафн этилган.

Тушдан сўнг мехмонлар Шеробот туманидаги Имом Абу Исо ат-Термизий мақбараси томон йўл олишди. Даставвал мехмонлар мақбарада Қуръон тиловат қилишди. Шундан сўнг иштирокчилар юртбошимиз томонидан янгитдан бунёд қилинган зиёратгоҳдаги ўзгаришлар билан танишди. Айтиш керакки  хорижлик олимлар томонидан Абу Исо ат-Термизий асарлари ҳозирда ҳам  кенг ўрганилади.   Унинг “Ал Жомиъ ас-сахиҳ”, “Аш-шамоил ан-набавийя” каби асарлари катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, инсонларни ҳалол, адолатли, иймон-эътиқодли, диёнатли, покиза, меҳнатсевар, мурувватли, раҳм-шавқатли, ота-она, аёлларга нисбатан ҳурмат-эътиборли бўлишга чорлайди. Бу ибратли панд насиҳатлар ва ўгитлар халқни, жамият аҳлини айниқса, ёш авлодни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

 Конференциянинг асосий иш жараёни иккинчи кунда бошланди. Конференцияни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев очиб берди. Унда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Жазоир Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқотлари маркази директори Аҳмад Бенсағир сўзга олиб, мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтдилар ҳамда конференция иштирокчиларига муваффақиятлар тилади.

Шундан сўнг конференция иштирокчилари икки шўъбага бўлинган холда  “Ҳанафий усулида ҳадис истилоҳлари – Косоний мисолида”, “Халқаро илмий–тадқиқот марказлари муштарак мақсад йўлида”, “Имом Доримий ва Имом Буҳорий ўртасидаги илмий алоқалар”, “Имом Мотуридий “Таъвилот-ул Қуръон” асарида ҳадислардан фойдаланиш услублари” мавзусидаги маърузалар тингланди. Шуъбаларда Қирғизистон Қуръон ўрганиш маркази директори Алишер Собиров сўз олиб Доримийнинг "Сунан"и бир қанча тадқиқотчилар томонидан Ибн Можа ўрнига 6-ишончли тўплам сифатида эътироф этилишини алоҳида такидлади. У ўз маърузасида Қирғизистонда Мотуридийнинг "Китоб ат-тавҳид" асари қирғиз тилига таржима қилинганлигини айтиб ўтди .

Конференцияда Туркиялик Чанкири Каратекин университети профессори Абдусалам Арвас ҳам маъруза қилди. Унда Имом Термизийнинг "Сунани Термизий" асари ҳақида Туркия диёнат вақфи томонидан тайёрлаган энциклопедияда кўплаб маълумотлар берилганлиги қайд этилди.

Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов ўз маърузаларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга қилинган туҳматларни бартараф қилишда тарихий манбалар асосида замонавий тадқиқотлар қиёсий таҳлил қилди.









































Мастура Хамраева

 

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...