пятница, 14 января 2022 г.

ОЛИС ҲУДУДЛАРГА БИР КУНЛИК САФАР


Юртдошларимизнинг табиий ва суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондириш мақсадида тизимда қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Натижада соҳага қарашлар, асосийси, соҳа ходимларига бўлган муносабатлар ўзгаряпти. Айниқса, республикамизнинг чекка ҳудудлари аҳолисининг эътибордан четда эмаслиги тизимдаги ишларнинг тўғри ташкил этилаётгани, олиб борилаётган залворли меҳнатнинг бесамар кетмаётганлигини англатади.

Бу борадаги ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида навбатдаги манзилимиз Сурхондарё вилоятининг сўлим Бойсун тумани бўлди.







Ушбу туман ўзига хос табиат ва гўзал манзараларга эга. Тумандаги “Дуғоба”, “Деҳбола”, “Ўрмонча” ва “Хўжайидод”  қишлоқлари Термиз шаҳридан 230 чақирим узоқда жойлашган. Осмонўпар тоғлар бағридаги бу қишлоқлар аҳолиси ҳам эндиликда суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланмоқда. Қизиқ томони ушбу манзилларга тор ва юқорига қараб кетган ҳамда жарликлардан иборат йўллар орқали борилади. Ҳар қанча қийин бўлса-да, “Boysuntumangaz” газ таъминоти бўлими ходимлари истеъмолчиларимиз учун ўз вақтида суюлтирилган газ баллонларини етказишмоқда. Ушбу қишлоқларда 1172 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Шу ўринда айтиш керак, республикамизда табиий  газ ва электр етказиш рентабеллиги жуда  паст бўлган тоғлар орасида ана шундай қишлоқлар анчагина. Жумладан, Сурхондарёда ҳам. Масалан, Сариосиё туманидаги “Чош” маҳалласи туман марказидан 120 км узоқликда, вилоят марказидан эса 320 км узоқликда бўлиб, 292 та хонадон мавжуд. Ушбу хонадонларга “Sariosiyotumangaz” газ таъминоти бўлими томонидан 215 дона маиший газ баллонда суюқ газ етказилмоқда. Узун туманида жойлашган “Боботоғ” тоғ олди ҳудуди эса вилоятимиз марказидан 250 км узоқликда жойлашган. 4 та маҳалла аҳолисига суюлтирилган газ баллонлари тарқатилади. 

Вилоятнинг олис тоғли ҳудудларида яшовчи аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонлари махсус йўл танламас “Камаз” ва “МАН” русумли автотранспорт воситалари орқали ўз вақтида етказиляпти. Улар орқали қўшимча айланма маиший газ баллонлари йиғиб олиниб, газ тўлдирилган бошқа газ баллон берилмоқда. Бу орқали истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб беришда муддат 50 кундан 40-35 кунгача қисқарган. Қолаверса, иқтисодий жиҳатдан автоуловларнинг кунлик босиб ўтадиган масофаси ва ёқилғи сарфи 1,5-2 баробарга камайишига эришилди.

- Олис тоғли қишлоқ аҳолисига суюлтирилган газ баллонларни қишнинг қировли кунлари бўлишига қарамасдан, йўлларда 60-70 сантиметр қалин қор бўлсада, истеъмолчиларга тарқатиш жараёнида уларнинг хурсандчилигини кўрганимда, барча чарчоқларимни унутаман. Баъзан қишлоқдан қайтиш жараёнида вақтимиз кечки соат 23:00 бўлиб қолади. Аммо хафа бўлмайман. Боиси, шарафли соҳада ишлаётганимдан жуда хурсандман, - дейди “Boysuntumangaz” газ таъминоти бўлими ҳайдовчиси Зокир Хурсанов.

- Мен 10 йилдан бери шу соҳада ишлайман. Туманимиздаги қишлоқларнинг масофаси бир-биридан узоқда жойлашган. Асосий қисми тоғ ва адирлардан иборат. Ушбу қишлоқларга ходимларимиз билан бирга суюлтирилган газ баллонлари олиб борганимизда, аҳолини кайфиятига, уларнинг сўзларига эътибор бераман. Газ таъминотидан розилигини сезсам, меҳнатимиз бесамар кетмаётганлигини англаб, ич-ичимдан мамнун бўламан. Авваллари чекка ҳудудларга газ етиб бормасди. Бугунги кунда мазкур муаммо бартараф этилиб, ҳозирда энг олис ҳудудларда ҳам таъминот узлуксизлигида муаммо бўлмайди. 35-40 кунда газ баллонлари етказиш йўлга қўйилган бўлиб, ҳозирда бир кунда ўртача 23 тонна суюлтирилган газ тарқатилмоқда, - дейди бўлим мутахассиси Феруз Атамуродов.

Эътироф этиш жоиз, йилдан-йилга аҳолига яратилаётган шароитлар кўлами кенгаймоқда. Соҳадаги ўзгаришлар шиддат билан ошмоқда. Масалан, авваллари истеъмолчи хонадонларига газ баллонларини олиб борадиган махсус аравалар йўқ эди. Бугун бундай улов турининг ташкил қилиниши фуқароларимиз билан бирга соҳа ходимлари учун ҳам қулай. Шундай ҳудудлар борки, бу жойларга маиший газ балонни араваларда олиб бориш ҳам имконсиз. Бундай вақтда соҳа ходимлари баллонларни қўлларида кўтариб олиб кириб, ўрнатиб беришади.

-  Бундан 5-6 йил илгари қишлоғимизда умуман газ йўқ эди. Овқат пишириш ва чой қайнатиш учун тоғларга чиқиб, ўтин териб келардик. Аёлларимиз ҳар кун ўчоқ ёқиб овора бўлишарди. Шукурки, ҳозир бундан муаммолар йўқ. Қишлоғимиз тоғлар билан ўралган. Қиш фаслида шаҳарга чиқиш қийин. Айниқса, қор ёққан пайтлари умуман ўтиб бўлмайди. Йўллар музлаб қолади. Шундай машаққатли бўлишига қарамасдан, газ ходимлари бизга ўз вақтида суюлтирилган газ баллонларини олиб келишмоқда. Биз тоғликлар бундан жуда мамнунмиз, - дейди “Хўжайидод”  қишлоғи фуқароси Юсуф Алиев.

      Қиш қаҳратонларида олис ҳудудларда яшайдиган юртдошларимизни совуқ кунларда овқат пишириш ва чой қайнатиш муаммолари ўйлантирар эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан тоғликларнинг ҳам ҳаёт тарзига енгиллик кириб келди. Бу юртимизда инсон қадрининг нечоғлик улуғлигидан далолатдир.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...