среда, 28 апреля 2021 г.

                            Мавсумий ишдан ҳам фойда кўрса бўлади!


Дастурхонимизни турли хил кўкатларсиз тасаввур қила олмаймиз. Уларни салатларга ишлатамиз. Аммо уларнинг бизнинг дастурхонимизга келгунга қадар қандай йиғиб олиниши ҳақида биласизми? Бозорларда бор-йўғи 1000 сўм бўлган бу маҳсулотни етиштириш ва териш жараёнлари катта меҳнат талаб қилишини биласизми?  Ана  шундай оғир меҳнатда тобланган аёллар борки,негадир ҳамиша эътибордан четда қолиб кетаверади. 

Сафия Шерматова. Дастлаб дўконда сотувчи   бўлиб ишлаган опа ишсиз қолганда,тушкунликка тушмади. Оиласига фойда келтириш йўлларини излай бошлади. Озми-кўпми, деҳқончиликдан хабари бор опа ўзи каби ишсиз аёлларни атрофига бирлаштирди. Фермерлардан далаларни ижарага олиб, мавсумга қараб кўкат етиштирди,  аёллар билан бирга далада кўкат терди ва сотишга бош-қош бўлди. Бугун Сафия опа ва унинг жамоаси қуёш  остида тонг саҳардан кечга қадар далада ишлайди.



Термиз шаҳри, Термиз, Ангор туманларида яшайдиган қарийб 120 нафарга яқин ишчи аёл вилоятнинг турли чеккаларида мавсумий иш билан банд бўлади. Ишсизман дея давлатдан ёрдам кутиб ўтирмаган аёллар рўзғор дея олисларда ҳам мехнат қилишга рози. Уларнинг маҳсулотларига чет элларда талаб жуда юқори. Шу боис  Сафия Шерматова ва унинг издошлари терган шивит, укроп кўкатлари салқинлантирилиб,маҳаллий тадбиркорларга етказилади. Улар орқали эса маҳсулотлар Россия Федерациясига экспорт қилинади.

Маҳсулотлари дунёнинг бир қатор мамлакатларига етказилаётган бу жамоада юзларини беркитиб, қуёшнинг жазирамасида тонгдан шомгача тиним билмай ишлаётган аёлларга етарлича шароит яратилганми, хизмат ҳақи қандай тўланиши билан қизиқдим. Камерага гапиришдан тортинган аёллар негадир бу саволга жавоб беришни исташмади. Ахийри, улардан бири –Раъно Алламуродова бу ҳақда шундай фикр билдирди: 


-Сафия сабаб доимий иш билан таъминландик. Топаётган маблағимиз билан рўзғоримизни эплаяпмиз.  Йигирма йилдан буён шу жамоадаман. Кунлик топаётган маблағимизни ҳисобласак,бир кунда 100 мингдан 200 минггача топамиз.Бу бир ойда уч ёки тўрт миллион сўм дегани. Нолимаймиз. Оз бўлса-да, оиламизга даромад келтиряпмиз. Кўкат мавсуми тугаса, пиёз, картошка теришга  Қизириқ, Ангор туманларига борамиз. Иш танламаймиз. Қаерда иш бўлса, борамиз. Муҳими –ҳалол меҳнат, пешона теримиз эвазига оиламиз тирикчилигига ўз ҳиссамизни қўшяпмиз.

Қарийб йигирма йилдан буён шу иш билан шуғулланиб келаётган Сафия опа баъзан ўз даласида, баъзан фермерлар даласида жамоаси билан ишлайди. Кўкат мавсуми тугаганда ҳам бу аёллар ишсиз қолмайди. Пахта теримига чиқишади...









Биз салқин, барча шароитлар яратилган офисларда ишлаймиз. Шунинг учун ҳам баъзан бу каби аёллар ва уларнинг иш жараёнини тасаввур қилишимиз қийин. Рост, ҳатто ўзим ҳам кўкат терувчи аёллар каби меҳнат қила олмаган бўлардим. Ярим кун улар билан суҳбатлашиб, иссиқ далада улар билан бирга бўлиб, шуни англадимки, иродаси метиндек бу аёлларга осон эмас экан. Аммо кимгадир қарам бўлгандан кўра, ҳалол меҳнатни афзал кўришади.

Чиройли офисларда ўтирган, бежирим кийинган тадбиркор аёлларни оммавий ахборот воситалари орқали кўрсатишга ўрганиб қолганмиз. Аммо нега машаққатли меҳнати билан рўзғор тебратаётган бу каби аёлларга эътибор қаратмаймиз?Ахир ойига 3 миллион сўм атрофида даромад кўраётган бу аёллар, кўп қатори ишсизман дея давлатдан ёрдам кутиб ўтиришгани йўқ-ку?!

Бугун бу аёлларни Шерободнинг пайкалларида учратдим. Эртага уларни қай манзиллар кутмоқда, билмайман... Билганим – бу манзиллар ҳалол ризқ манзилларидир...

 Мастура Хамраева

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...