четверг, 5 апреля 2018 г.

Миллатимизнинг куч кудрати рамзи

Мустақиллик йилларида юртимизда тарихни ёзма манбалар асосида тадқиқ этишга эътибор кучайдики, аждодларимиз томонидан узоқ ўтмишда яратилган маданий-маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб қилиш  каби масалалар, илм-фан, маданият ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг унутилган номлари қайта тикланди.  Моҳир саркарда, давлат арбоби, илм-фан, маданият ҳомийси бўлган Амир Темур ана шундай тарихий шахслардан биридир.


Миллатимизнинг суянган тоғларидан бири, халқимизнинг абадий фахри ва ғурури бўлган Амир Темур ҳакида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов  «Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак!» деган эдилар. Дарҳакикат ҳазрат соҳибқирон марказлашган давлатга асос солди, уни ҳар томонлама мустаҳкамлаб, ривожлантириб, шон-шуҳратини бутун жаҳонга ёйди, буюк салтанатнинг ҳукмдори сифатида миллатлар ва ҳалқларни бирлаштирди. Унинг ҳукмдорлик йилларида маданият, илм-фан, меъморчилик, тасвирий санъат, мусиқа ва шеърият юксак чўққига кўтарилди.
Ул зот Туронзаминни мўғуллар истилоси асоратидан озод этди, мамлакат ва халқ дахлсизлигини, тинчлигини ва осойишталигини, ободлик ва фаровонликда ривожланишини тўлиқ ва ишончли кафолатлай оладиган марказлашган қудратли давлатни вужудга келтирди, унинг амру иродаси остида бу ерда ҳаёт ҳар тарафлама гуллаб-яшнади. Юртимиз  Амир Темур даврида Буюк Ипак йўлининг қайноқ, гавжум, файзли-баракали гўшалардан бирига айланди.
Амир Темур салтанати Ўрта Осиёда 35 йил  ҳукм сурди. У Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангадан то Сирдарё ва Зарафшонгача, Тян-Шандан то Босфоргача улкан империя барпо этди.
Амир Темур ҳаётлик пайтида давлат бошқаруви ҳақида “Темур тузуклари” деган номда машҳур бўлган махсус китоб ёзилган эди. Унда бу машҳур давлат арбоби ва саркарданинг ҳарбий санъатга, давлат тузилиши ва мамлакатни бошқаришга оид қарашлари акс этди.
“Куч адолатда” шиори бутун Амир Темур давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланди.
Амир Темур ҳаётлик пайтида бунёд этилган ўнлаб меъморий ёдгорликлар инсон тафаккури, ақли ва салоҳиятининг беназир тажассуми эди.
Амир Темур ва Темурийларнинг аёлларга бўлган меҳрибонларча муносабатларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Амир Темур ўзининг суюкли рафиқаси Бибихоним шарафига Самарқандда улуғвор жоме масжид қурдирди. Бибихоним номи билан аталувчи бу масжид Амир Темур даврининг энг маҳобатли биноларидан бири саналади. Масжид 1399-1404 йилларда қурилган ва ҳозирга қадар яхши сақланган. Буюк бобокалонидан ўрнак олган бобурий Шоҳжаҳон суюкли рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим учун 1652 йилда мақбара — дунё мўъжизаларидан бирига айланган нодир меъморий ёдгорлик қурдирди.
Европалик олимлар Амир Темур ва унинг фаолияти ҳақида бундан тўрт юз йил илгари гапира бошлаган эди. 1553 йилда Флорентсия (Италия)да италян олими Перондино қаламига мансуб “Скифлик буюк Тамерлан” китоби босилиб чиқди. Бу Европада Амир Темур ҳақидаги илк илмий тадқиқот ҳисобланади.
Испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ва у билан бирга  Амир Темур ҳузурига Бобил (Миср) ва Туркия султонининг элчилари Самарқандга келган.  Самарқанд салтанатини ўз кўзи билан кўрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ёзишича, Амир Темур “Қайси бир мамлакатни забт этган ва бўйсунтирган бўлса, уларнинг ҳаммасидан одамлар, Самарқанд ва унинг атрофидаги ерларга жойлаштирди. Шоҳ ҳар хил ҳунармадларни йиғишга, айниқса, кўп ҳаракат қилди”.  Европа тилларида (испан, инглиз, француз) эълон қилинган ёзма манбалар ичида биринчи ўринда испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга Амир Темур саройига саёҳат кундалиги  туради.
Буюк Рембрандт Бобурийлар замонидаги ҳинд миниатюраларидан илҳомланиб, Амир Темурни унинг ворислари Умаршайх, Заҳириддин Бобур, Ҳумоюн ва Акбар даврасида тасвирлайди. Машҳур инглиз шоири ва драматурги Кристофер Марлонинг “Буюк Темур” номли трагедиясида ёш Темурбек ўзининг тенгсиз ақли, салоҳияти ва шижоати билан жаҳон тарихидаги қудратли подшолардан бирига айлангани намойиш этилган. Трагедия Англияда театр мавсумини бошлаб берган.
Бир неча европалик бастакорлар операларда Амир Темур образини яратганлар. Италян бастакори Гаспирни “Тамерлан” операсини яратди. Мазкур опера Вена театрида саҳна юзини кўрди. Бастакор Лео уни Неапол театрида саҳналаштирди. Антонио Вивалди, Сколари, Гендел ва бошқа бастакорлар ҳам бу мавзуда мусиқа асарлари яратганлар.
Бугун жаҳоннинг элликдан ортиқ мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда. Темур ва Темурийлар даврига бағишланган кўплаб китоблар чоп этилмоқда. Ўтган олти юз йил мобайнида Европа тилларида Амир Темурга бағишлаб ёзилган салмоқли асарларнинг сони 500 га етди, Шарқ тилларида эса 900 дан ошди.  У ҳақда Италиянинг Марко Поло институти томонидан нашр этиладиган “Марко Поло” журналининг 2006 йил 2-сонида махсус мақола ҳам босиб чиқарилган.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг бундай қарашларга барҳам берилди. Амир Темурнинг жаҳон тарихида тутган ўрни ўз жойига қўйила бошланди. Ўзбекистонда унинг фаолиятини ўрганишга ва уни оммалаштиришга кенг йўл очилди. Унинг номи юртимизда абадийлаштирилди. Кўплаб шаҳар ва қишлоқлардаги шоҳ кўчалар, майдонлар, жамоа хўжаликлари, мактаблар, кинотеатрлар ва бошқа унинг номи билан аталди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди.  1996 йил Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди. Ҳудди шу йили «Амир Темур» ордени таъсис этилди ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди. Ҳар йили Ўзбекистонда  буюк саркарда Амир Темур таваллуд куни кенг нишонланади.

Мастура Ҳамроева

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...