Юртимга ҳуш
келдинг Наврўзим
Юртимизнинг ҳеч бир ҳалқда учрамайдиган анъаналари ва
миллий қадриятлари борку, улар авлоддан-авлодга ўтиб, ўзининг улуғворлиги билан
қадрланиб келинади. Шундай анъанлардан бири баҳорни кутиб олишдан иборат бўлган
Наврўз байрамидир. Бу байрам нафақат ўзбек халқида, балки бутун Ўрта Осиёда,
Қозоғистон, Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Покистон ва Шимолий Ҳиндистонда
истиқомат қилувчи аҳолининг кўп асрлар мобайнида таркиб топиб келаётган
маданиятининг ажралмас қисмидир.
Тўрт минг йил йилдан буён нишонланиб келинаётган
Наврўз йилнинг бошланиши бўлиб, одамларни табиат қучоғига чорловчи, соф ҳаво,
олам гўзаллигидан, қуёш тафтидан баҳра олдирувчи, зерикарли ва қаҳратон қишдан
безган одамларга ҳис-туйғу ва завқ берадиган бир байрам сифатида шакллангандир.
Илмий далилларга келганимизда, Умар Ҳайём тузган
астраномик жадвалга кўра, осмон ўн икки буржга бўлинган бўлиб, Қуёшнинг Хут
буржидан Ҳамал буржига ўтиши ҳар йили 21-22-мартда кундуз соат 12 да содир
бўлади. Худди шу сана ва соат Наврўз бошланганидан дарак беради. Наврўзнинг
баҳорда нишонланиши жуда мантиққа мувофиқ бўлиб, баҳор йилнинг бошланиши:
ўсимликлар уйғонади, ҳашаротлар инидан чиқади, қишда узоқларга учиб кетган
қушлар қайтиб келади.
Наврўз бир кунда ўтиб кетадиган байрам бўлмасдан,
балки бир неча кун давом этадиган қатор сайлларнинг мажмуасидир. Чунончи,
Сумалак сайли, Лола сайли, Қушчи оши
каби маросимлар бир-бирига уланиб кетади. Наврўз байрамига тайёргарлик бир
ҳафта – ўн кун олдин бошланади. Ҳамма ўзига янги либослар тиктиради, уйлар,
ҳовлилар, ариқлар ва кўчалар яхшилаб тозаланади, сумалак учун буғдой
ундирилади.
Наврўз байрами
бошланган кундан эътиборан одамлар барча хафагарчиликларни унутишга,
гинахонликларга барҳам беришга интиладилар. Наврўз кунлари ҳеч кимнинг оғзидан
ёмон гап, ҳақорат чиқмаслиги шарт ҳисобланиб, уруш-жанжал ман қилинади.
Беъманигарчилик, ўғирлик, бадмастлик ва нимаики инсонга иснод бўлса,
жамоатчиликнинг ғазабига учрайди. Шу сабабли Наврўз кунлари ҳамма жойда
интизом, озодалик ҳукм суради. Юзларидан табассум аримайди, урушганлар ярашиб
оладилар, барча бир-бирига хушбахтлик, сиҳат-саломатлик, хотиржамлик каби эзгу
истакларини изҳор этади. Наврўз байрамига атаб аждодларимиз махсус кийимлар
тайёрлашган ва уларни кийиб байрам қилишган. Наврўз таомлари ҳам ўзига хос
бўлган. Улар орасида, айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлаш анъанавий одат тусига
кирган. Бу байрамда болаларнинг иштироки, айниқса, жуда фаол бўлган. Улар
Наврўз байрами ҳафталигида турли оммавий байрам ўйинлари ўйнаганлар. От ўйин,
чиллак, қўғирчоқ ўйин, тош, лапар, ип ўйинлари ва ҳаказолар шулар
жумласидандир.
Наврўз
далаларда, боғларда, қирларда, табиатнинг гўзал масканларида ўтказилар
экан, бунда ҳамкасблар, маҳалла-кўй, ёр-биродарлар бирга бўладилар, одамлар
баҳорнинг илк нишоналари лола, бойчечак, ялпиз териб сайр қиладилар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий