среда, 28 декабря 2016 г.

Ибн Баттута у ҳақида нималарни биламиз? 

   Милодий 1304 йилда туғилиб, 1372 йилда, 68 ёшида вафот этган машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута “ўзининг 28 йиллик сафари давомида шимолий ва ғарбий Африка, Арабистон ярим ороли, Туркия ва Эрон, Ҳиндистон ва Испания, Ўрта Осиё ва шарқий Еврора ҳамда Хитойнинг юзлаб шаҳар ва қишлоқларини  кезиб чиқди” дея қайд этилган Н. Иброҳимов, Ибн Баттутанинг “Саёҳатнома” асарига муқаддима китобида.


   Ибн Баттута “Саёҳатнома” асарининг ўзбек тилига қилинган академик таржимаси  халқлар ва ўлкаларни бевосита кузатган холис ва ҳалол одамнинг таассуротлари бўлгани боис юртимиз ҳақида ҳам ўзи мансуб бўлган асрга оид ғоят нодир маълумотларни ўзида мужассам этади. Мутахассис олимлар эътирофига кўра, у XIV-аср биринчи ярмида Термиз шаҳри тарихини ёритиш бўйича асосий манба бўлиб хизмат қилади. Биз бу асарга қараб шаҳримиз тарихи ва маданий тараққиёти манзаралари тиклаймиз, янглиш саҳифаларини  тузатамиз. Зеро, унда тасвирланган воқеалар тўғрисида маълумот берувчи бошқа манбалар бизгача етиб келмаган.
   Шунингдек, ўн тўртинчи асрнинг биринчи ярмида Термиз шаҳри ҳукмдори бўлган Худовандзода Аъло ал-Мулкнинг мардлиги ва жасорати ҳақида хабар берувчи ягона манба мағриблик араб сайёҳи Ибн Баттута қаламига мансуб “Саёҳатнома” асари ҳисобланади. Мазкур асарнинг асл тўлиқ номи араб тилида “Туҳфат ан-нуззор фи ғаройиб ал-амсор ва ажойиб ал-асфор”, яъни “Ғаройиб шаҳарлар ва ажойиб сафарлар ҳақида назар соҳибларига туҳфа” деб аталади. Ибн Баттута академик И.Ю.Крачковскийнинг фикрича: “Барча мусулмон мамлакатларини кезиб чиққан сўнгги энг буюк сайёҳ”, географик кашфиётлар ҳақидаги монументал асар муаллифи Рихард Хеннинг уни: ”Магеллангача бўлган барча даврнинг энг буюк сайёҳи” деб ҳисоблаган. 
   Таъкидлаш лозим – Ибн Баттутанинг жаҳонгашталиги  28 йил давом этган, у жами 120 минг километрдан ортиқ йўл босган, 60 та ҳукмдор қабулида бўлган, юзлаб вазир, волий ва бошқа давлат арбоблари билан мулоқот қилган, шахсан таниган ёки қабрларини зиёрат қилган икки мингдан ортиқ кишини саёҳатномасида келтирган.
   Милодий 1325 йилнинг 14 июнида, 22 ёшида Марокашнинг Танжа шаҳридан саёҳатга чиққан Ибн Баттута Миср, Сурия, Ҳижоз, Ироқ, Эрон, Яман, шунингдек Африка қитъасининг Ҳинд океани қирғоқ мамлакатларида бўлади, уч марта ҳаж зиёратини амалга оширади. Сўнгра Кичик Осиё, Қрим ярим ороли, Дашти Қипчоқ, Олтин Ўрдани кезади. Олтин Ўрда пойтахти Сарой Беркада бўлган пайтида “туркларнинг энг гўзал шаҳри” Хоразм ҳақида эшитиб, шу томонларга йўл олади.
   У милодий 1333 йил қишининг чиқишида Хоразмдан Бухорога келган. Бир муддат Бухорода бўлиб, унинг осори атиқаларини зиёрат қилган, мўътабар кишилари, жумладан ҳали оламга келишига уч йил қолган соҳибқирон Амир Темурнинг она томондан бобоси Садр аш-Шариъа билан суҳбат қурган (Садр аш-Шариъа—шариат қозиси дегани, унинг асл исми Убайдулла ибн Маҳмуд ал-Маҳбубий). Сўнг Нахшабда- султон Тармаширин саройида икки ойча яшайди, Самарқандда бўлади.
   Ибн Баттута билан Термиз шаҳар ноиби Аъло ал-Мулк Худовандзода учрашуви ана шу  пайтларда содир бўлади.
   Баҳор фасли тугаб ёз бошланганида Жайҳунни кечиб ўтиб Мовароуннаҳрни бутунлай тарк этган сайёҳ“...Термизда каминани муносиб кутиб олишлари учун мактуб ёзиб берди” -дея, бу ҳақда алоҳида таъкидлаб ўтган муаллиф мазкур шаҳарда ўзига кўрсатилган ҳурмат-иззатни умр бўйи ҳечам ёдидан чиқармайди.

    Бунинг исботи - аввало, Ибн Баттута Термизда кўрган-билганларини  оламшумул асарига киритади, сўнгра, ҳинд диёрида кечиргани саккиз йил мобайнида бу ердаги термизликлар, хусусан саййидлар билан кўришиб, ҳатто борди-келди қилиб туради ва ниҳоят Худовандзода Аъло ал-Мулк билан кечган воқеа, унинг тақдири ҳақида эшитгани заҳоти ушбу саййиднинг мардлиги ва жасорати ҳақидаги лавҳани саёҳатнома китобига киритади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...