понедельник, 11 марта 2024 г.

 Журналистлар  учун  ташкил қилинган экстремал  жараёнлардан  ўзгача адриналин
“Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи. Ҳисор тоғ тизмалари бағрида “Узун” давлат ўрмон хўжалигининг 27 минг 851 гектар майдонида ташкил этилган гўзал манзара.  Тоғлар билан ўралган миллий боғ ўзининг бағрида “Қизил китоб”га киритилган ноёб жониворлар, қушлар, дарёларида қизил фарель балиқларини, турли дов-дарахт ва шифобахш ўсимликлар, ранг-баранг гулларни қўриқлаб, асраб келмоқда. Мана шундай ўзига хос табиат мўъжизаларига эга бўлган миллий табиат боғи билан танишиш мақсадида вилоят Туризм бошқармаси, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда журналистлар учун медиа-тур ташкил қилинди.

Тонг саҳардан йўлга чиққан иштирокчилар манзилга яқинлашар экан кенг тоғлар орасида қўним топган фойдали минералларга бой бўлган Тўпаланг сув омборида тўхташди. Тоғлардаги қор ва муз эришидан йиғиладиган сув манзараси журналистларда катта таассурот қолдирди.   Айтиш керакки биргина ушбу жамланган сув бугунги кунда  “Тўпаланг” сув омбори лойиҳасининг  биринчи босқичи асосида Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борган.  Лойиҳанинг иккинчи босқичида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади. Бундан Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги икки миллионга яқин аҳоли бемалол фойдаланади. Лойиҳани эса 2024 йилда ўз ниҳоясига етказиш мўлжалланган.


 “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ходимлари бошчилигида шу каби маълумотларга эга бўлган иштирокчилар навбатдаги манзилда миллий боғ остонасида жойлашган “Кундаи жувоз” қишлоғининг гўзал табиат билан танишди. Қишлоқда ташкил қилинган мехмон уйлари, туризмни ривожлантириш ва сайёҳларни жалб қилиш бўйича қилинаётган ишларни кўришди. Йиллар давомида табиат берган неъматларни асраётган “Кундаи жувоз”  ва  “Усточи беоб”, “Мизот”, “Занбек”, “Зинчоб”, “Киштут”, “Тамархуд”, “Зевар” каби ҳудудларда тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган турли дов-дарахтлар, “Қизил китоб” га киритилган ноёб жониворлар ва қушлар, дарёларида қизил форель, маринка балиқлари учратишингиз мумкин.  Қишлоқда дуч келишингиз мумкин бўлган ажойиб манзараларни эса фақатгина эртакларда кўришингиз мумкин.

-Миллий  табиат боғи Ҳисор тоғ тизмасининг жауби-ғарбий қисмида 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, мазкур худудда Ҳисор тизмасидаги тоғ-ўрмон экотизими, ноёб ҳайвон ва ўсимлик турлари муҳофаза қилинади. –деди миллий табиат боғи директори Нуриддин Саттаров. Умумий майдони 27581 га бўлиб, шу жумладан, тоғ ўрмонлари эгаллаган ҳудуд 7294,0 га ни қамраб олади ва денгиз сатҳидан 1000-3800 метргача бўлган баландликдаги ҳудудни ўз ичига олади. Энг юқори нуқтаси Сагдор сойи бўлиб, денгиз сатҳидан 3800 метр баландликка эга. Баландлиги 600-800 метр келадиган тик қоялар тоғ юзасидан ажралиб туради. Энг йирик сойлар Зеварсой, Дилисой, Обиферузасой, Тамархудсой, Бордонсой, Хўжасиддиқсой, ва бошқалар бўлиб, улар ичида энг серсуви Зеварсой ҳисобланади. Машхур сойларимиздан бири Хўжасиддиқсой бир неча 100 йиллик тарихга ега жой хисобланади.

Айтиш керакки  миллий табиат боғининг тоғ минтақасида арчазорлар ва кенг баргли ўрмонлар катта майдонни эгаллайди. Арчазорларда зарафшон арчаси асосий тур ҳисобланади ва аччиқ бодом, тоғ олча, зирк, ирғай, учқат, шумдарахт, четан, дўланалар, жийда, ёнғоқ, олма, дўлана, шафтоли, тол, терак наъматакнинг бир нечта тури каби дарахтлар ва буталар кенг баргли ўрмонларни ташкил қилади. Юқори Тўпаланг миллий табиат боғи ўсимлик турларига бой бўлиб, ушбу худудда 667 турдан ортиқ ўсимлик учрайди. Улардан 30 дан ортиқ ўсимлик тури камёб ва муҳофазага муҳтож бўлиб, Ўзбекистон "Қизил китоб ига киритилган. Анна кирпи ўти, қизил ер астрагали, Бухоро астрагали, Алберт ширачи Севоров ширачи нор ширачи бир неча турлари ва бошқа ўсимликлар шулар жумласидандир. Баҳор маликаси бўлган лолаларнинг 6 турини ҳам айнан шу ерда кўришингиз мумкин.

Медиа-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари тик тепаликдан пастга тушиб “Тўпаланг” суви бўйлаб махсус йўлга қўйилган катерда табиат манзарасини ҳам кўришди.   Бир олам маълумот ватаассуротлар билан бирга хавонинг  инжиқлиги тутиб  ёмғир ёға бошлаши, тепаликдан пастга ва яна юқорига кўтарилиш экстремал жараёнларнинг ҳаммаси  журналистлар учун  ўзгача адриналин бўлди.

 Мастура Хамроева

ЎзЖУ Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси


Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...