четверг, 30 марта 2023 г.

ФEЙКЛАР: ҚОНУН ЁЛҒОНГА ҚАРШИ НИМА ҚИЛА ОЛАДИ?

 

ФEЙКЛАР: ҚОНУН ЁЛҒОНГА ҚАРШИ НИМА ҚИЛА ОЛАДИ?

Сохта ахборот. Кунда ўқиётган маълумотлар орасида уларга ҳар биримиз деярли дуч келганмиз. Ёлғон ахборотлар муаллифлари кўпинча кўзга яққол ташланадиган, «қичқирувчи» сарлавҳалардан ёки бошдан-оёқ тўқима воқеалардан фойдаланиб ўқувчилар аудиториясини оширишга ҳаракат қилишини эса аллақачон билиб ҳам олдик. Ҳатто улар моддий манфаат учун фойда олиш принципини қўллаб, қанча кўп одам тарқатаётган ахборотини ўқиса, бошқаларга улашса ва ўша ресурсга кирса, реклама берувчилар сони ҳам шунчалик ортади дея ўйлашади. Аммо бир жиҳат ҳам борки, оқибатини улар унитишган.  Фейк   маълумот тарқатганлик учун қонунларимизда  жавобгарлик бор. Хўш юртимизда ёлғон ахборот тарқатганлик учун қандай жазо муқаррар?

Қонунга кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик учун тегишли кодексларга маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи нормалар киритилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимча (202-2-модда)га кўра:

Шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50 баравари (1 февралгача 11 млн 150 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50–100 баравари миқдорида (22 млн 300 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Шу билан бирга Жиноят кодексига киритилган қўшимча (244-6-модда)га кўра:

шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс ушбу ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса, БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорида жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Жамоат  тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида юқоридаги жиноятларни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда содир этганлик учун яна ҳам оғирроқ жазо чоралари (БҲМнинг 400 бараваригача (89 млн 200 минг сўм) жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш) белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликда ёлғон ва нотўғри маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик бор. Шунинг учун   ишонмаган ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмаслигимиз лозим.  Мазкур қонун юртдошларимизни ҳаққоний ва тезкор маълумотлар олиши учун хизмат қилмоқда.   

Мастура Хамраева, журналист

Комментариев нет:

Отправить комментарий

  Сурхондарёда географик объектларни номлаш ишлари амалга оширилмоқда Ҳозирда географик объектларни номлаш жараёнлари 2018 йил 14 декабрда қ...