пятница, 24 марта 2023 г.

НОТЎҒРИ МАЪЛУМОТ НЕГА ЯРАТИЛАДИ?

 НОТЎҒРИ МАЪЛУМОТ НЕГА ЯРАТИЛАДИ?



Бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Қўлимиздаги телефон орқали дунёнинг исталган бурчагида рўй берган  воқеадан ўша заҳотиёқ хабардор бўлиш имконига эгамиз. Албатта, бу яхши, аммо кейинги пайтларда  фейк ахборотларнинг кенг тарқалиши ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳаққоний кўринган, аслида эса ёлғон бўлган ахборотни тарқатишдан   кўзланган мақсад нима? Инсонларни ахборот дунёсида чалғитаётган нотўғри маълумотлар нега яратилади?

Интернет асрида, яъни истаган одам истаганча ахборотни тарқатиши мумкин бўлган шароитда “фейклар” урчиб кетмоқда. Иш шу даражага етдики, фейклар ва дезинформация халқаро анжуманларнинг бош мавзуси даражасига чиқди.

Интернет барчанинг сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиши учун улкан қулайликлар тақдим этиб қолмай, унинг аудиторияси учун ҳам ахборот яратиш ва тарқатиш имконини бермоқда. Бироқ янги ахборот тизимида ёлғон хабарлар кўпаяётгани жиддий хатарга айланиб, фактлар ва ҳаққоний маълумотларни тўсиб бормоқда.

Афсуски, ахборотнинг нохолислигини билиб туриб ҳам уни  маълумот сифатида тақдим этиш ҳоллари учрайди. Айниқса ижтимоий тармоқларда аудиторияни жалб қилиш учун ҳам баъзан инсонлар  холис ва тўғри ахборотга етиб бориш ўрнига, ўзлари маълумотларни тўқий бошлайдилар. Тезкорлик биринчи ўринда, дея фикр юритган баъзи ижодкорлар фактларни текширмай ахборот тарқатади.  Интернет, норасмий журналистиканинг ривожи ахборотлар ранг-баранглиги ва  кўплигига йўл очса-да, анъанавий ОАВда мавжуд муҳаррирлик текширувининг йўқолиб боришига олиб келмоқда.

Кимдир ахборотни эшитади, эълон қилади, бошқалар эса тескорлик  васвасасида уни текширмай тарқатади. Ижтимоий тармоқлар фейкларни тарқатиш манбаларидан бири ҳисобланади. Ижтимоий медианинг тобора ортиб бораётган роли ва таъсири туфайли инсонларнинг ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ахборот билан ишлашларига тўғри келади. Бунинг ёмон томони ҳам йўқ, аслида. Чунки аккаунт эгалари ижтимоий медиадан ўз фикрларини билдириш воситаси сифатида фойдаланадилар. Бу эса жамоатчилик фикрини ўрганиш учун беминнат ва тезкор манба вазифасини ўтайди. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар турли муҳокамалар учун қулай ёрдамчидир.

Шундай бўлсада онлайн оламдаги барча инсонлар бирдек ҳаққоний маълумот тарқатади ва холисона фикр билдиради дея олмаймиз. Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали нотўғри маълумот  тарқатиш ортида  шахсий ва моддий манфаат доим етакчи бўлган. Шов-шув ва танилиш истаги инсонларни қандай йўл билан бўлмасин қаратишга асосланган бўлса, моддий томонлама эса кимларнингдир манфаати йўлида буюртма асосида материал тайёрлаш туради.

Бу эса ўз навбатида инсонларнинг фикрлашига катта таъсир қилиб бораётган онлайн оламда жуда қўл келмоқда. Кўр-кўрона тарқатилган маълумотга ишониб фикр билдириш ва муҳокамаларга киришиш бугунги кунда одатий холатга айланиб қолган. Бундай вазиятларни камайтиришнинг эса ягона йўли фактларни текшириш ва таҳлил кўникмаларини инсонларда шакллантиришдир.

Мастура Хамраева

Комментариев нет:

Отправить комментарий

  Сурхондарёда географик объектларни номлаш ишлари амалга оширилмоқда Ҳозирда географик объектларни номлаш жараёнлари 2018 йил 14 декабрда қ...