“Бизнинг театр” да амалий илмий-амалий анжуман
Юртимизнинг барча театрларида
бўлгани каби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 январдаги
“2018-2022 йилларда давлат театрларининг моддий техника базасини мустаҳкамлаш
ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги
9-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти мусиқали драма
театрида ҳам “Бизнинг театр” мавзусидаги илмий-амалий анжуман кўтаринки руҳда
ташкил этилди.
Анжуман аввалида томошабинлар учун Сурхондарё санъат саройи давлат муасасаси фоесида театр ижодий
фаолиятини акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди. Кўргазмада театрнинг
ҳаракатдаги репертуридан ўрин олган спектаклларнинг либослари, эскизлари,
рассомларнинг ижодий ишлари, программа ва афишалар, театр ижодий фаолиятига оид
китоблар, тарихий сиймолар образларининг либослари, “Театр менинг ҳаётимда”
мавзусидаги фотосуратлар намойиш этилди.
Анжуман иштирокчиларига кўргазма ҳақида
мутахассислар томонидан батафсил маълумот ва тушунчалар берилди. Шунингдек,
санъат саройи биносининг олд қисми, фоеси ва томошабинлар залида ўрнатилган
электрон таблоларда театр репертуаридан ўрин олган спектаклларнинг видео
роликлари намойиш этиб борилди. Анжуманда “Режиссура ва режиссёрларнинг театр
ижодий фаолиятида тутган ўрни”, “Театр тарихи ва бугунги фаолияти, театрнинг
жамият ҳаётида тутган ўрни”, “Театрда асарлар саҳналаштиришда сценографик ечим”,
“Устоз-шогирдлик анъаналари”, “Театр ижодий фаолиятида драматургиянинг ўрни ва
муаммолари” каби мавзуларда маърузалар қилинди. Анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев раислигида 2019 йил 19 мартдаги "Ёшлар билан ишлашни
самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот - технологиялар, китоб
ўқишга қизишни ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш
тўғрисида"ги 12-сонли видеоселектор мажлис баёни ижроси юзасидан театрда
ташкил этилган ижодий клублар иштирокчиларининг чиқишлари томошабинларда катта
қизиқиш уйғотди. Вилоятнинг кенг жамоатчилик вакиллари, ўқитувчи-мураббийлар,
талаба ёшлар, маданият ходимлари, театр жамоаси иштирокида ўтказилган анжуманда
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевич Сайфуллаев ҳам
иштирок этди. Маълумки, Сурхон воҳаси бой тарихга, илмий манбаларга асос
бўлган, дунё илм фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк истеъдод соҳибларига
макон бўлган заминдир. Ўтмишни англаш, тарихий хотиралардан сабоқ олиш, дунёни
зиё нурлари билан нурафшон этиш йўлида хизмат қилган буюк инсонларимиз маданий
меросларидан ўсиб келаётган авлодни баҳраманд этиш ҳар биримизнинг олий мақсадимиздир.
Шуни мақсад қилган театр жамоаси
томонидан Комил Ҳамроев асари асосида режиссёр Фарход Болтаев томонидан саҳналаштирилган
“Зиё қальаси” спектаклининг “Бизнинг театр” мавзусидаги
илмий-амалий анжуман якунида томошабинларга намойиш этилиши, анжуман
иштирокчиларида катта таъсурот қолдирди. Асардаги воқеалар IХ аср охири Х асрнинг
бошларида Термиз шаҳрида бўлиб ўтади. Айтиш керакки кейинги йиллар “Ҳакимия”
тариқатини дунёга ёйган Муҳаммад ал-Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари ва шу нисба
билан ижод қилган Термизийлар авлодларининг маънавий меросини ўрганишга алоҳида
эътибор қаратилаяпти. Шундай эътибор ва эътирофга муносиб гўшалардан бири Сурхон
воҳасидаги Қирққиз қалъасидир. Хусусан бу жойда IХ асрда “Аёллар академияси”
бўлганлигини исботловчи “Дорулҳикма муҳри” топилган. “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим Чил духтарон Гулсум Муҳаммад Ҳаким 19
шаввал 213 ҳижрий” сўзлари дид билан ёзилган ушбу муҳр олимларнинг илмий
изланишларига асос бўлди ва қалъада дунёда биринчи қизлар дорулфунуни ташкил
қилинганлигини исботлади. “Зиё қалъаси” спектакли ҳам аллома Варроқ
Термизийнинг қизлари, “Аёллар академияси” асосчиси Руҳайда бинти Варроқ ал
Бўғий ҳаётини акс эттирувчи саҳна асаридир.
Театр ижодкорлари томонидан яратилган спектакл
ҳақида билдирилган фикрлар ва давомли олқишлардан ҳам англаш мумкинки, бу асар
юртимизда илм-у маърифат ривожи йўлида қилинаётган эзгу ишларни тарғиб қилиш,
ўсиб келаётган ёшларимизга бой тарихимиз ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотиш ва маънавият
ривожи йўлидаги эзгу ишларимизни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Маълумот
ўрнида таъкидлаш керакки, “Бизнинг театр” мавзусидаги илмий-амалий анжуман доирасида
мазкур ҳафта давомида театрда энг сара спектакллар томошабинларга намойиш этилади.
Бу эса театр ва томошабин ўртасида жонли мулоқот ўрнатилиб, уларнинг театр
ҳақида кўпроқ билим ва таъсуротлар олишларга замин яратади.
М.ҚОРАҚУЛОВА
ТЕАТР ДИРЕКТОРИ
Комментариев нет:
Отправить комментарий