понедельник, 27 мая 2013 г.


ФАЁЗТЕПА
 
Бу маскан Буюк ипак йўли тармоқларидан бирида жойлашган Ўрта Осиёдаги дастлабки буддавий ибодатхона ёдгорликларидан биридир
Фаёзтепа қадимда Тармита деб аталган эски Термиз атрофида жойлашган. Унинг очилиши, 1968 йилнинг баҳорида чўпон Абсад Бекнаев томонидан кўчма қум устида оқ тошдан ишланган ҳайкалтарошлик намунасини топиб, Термиз ўлкашунослик музейига топширишдан бошланди. Ёдгорлик 1968-76 йилларда археолог Л.И.Альбаум томонидан ўрганилди.


Қазув ишларида вилоят ўлкашунослик музейининг директори Раҳмат Фаёзовнинг хизматлари ниҳоятда беқиёс бўлди. Шунинг учун ул зот вафотидан кейин, унинг номига бу ёдгорлик Фаёзтепа деб атала бошланди. Тадқиқот давомида ёдгорлик ҳудудидан кўплаб қадимги бақтрия ҳамда ҳинд ёзувлари, 50 дан ортиқ тангалар, ноёб деворий суратлар топилди. Ҳозирда улар пойтахтимиздаги Ўзбекистон Давлат тарихи музейида сақланмоқда.

Айниқса, тошдан ишланган Будда ҳайкали жуда ноёб ҳисобланади. Унинг баландлиги 70 см.дан ошиқроқ. Бунда Будданинг меҳмон бўлиб даврада ўтирган ҳолати тасвирланган бўлиб, унинг тутамланган сочлари, фусункор чеҳраси унга гўзаллик бағишлайди. Будда арка ва муқаддас бодха дарахти шохлари остида ўтирибди, икки ёнида тик турган роҳиблар эса, унга илтижо қилган ҳолатда тасвирланган.

Саждагоҳ деворлари ранг-баранг суратлар билан безатилган. Ҳайкалларнинг аксарияти қизил ранг билан бўялган, устидан олтин суви юргизилган. Топилма тенги йўқ санъат намунаси сифатида эъзозлидир. Бу обида Ўрта Осиёда буддавийлик динининг тарқалишида асосий манзил бўлиб хизмат қилгани аниқ. Ватани Ҳиндистон ҳисобланмиш буддавийлик қадимги динлардан бири ҳисобланади.

Кейинчалик у Гандхара ўлкаси (Ганга дарёси ҳавзаси)дан, сўнг Ҳиндиқуш тоғлари оша Бақтр Балхга кириб келган. Янги маълумотларга қараганда, Термизда буддавийлик ибодатхонасига илк бор миллодддан аввалги I асрларда асос солинган.

Буддавийликнинг оқими милодий I асрдан бошлаб Термиздан Ўрта Осиё орқали Шарқий Туркистон, кейин Хитой ҳудудидан Японияга тарқалган. Араблар истилоси арафасида Термизда 12 та будда ибодатхонаси мавжуд бўлиб, унда мингга яқин буддавий коҳинлар ҳақида ёзма маълумотлар мавжуд.

Фаёзтепанинг меъморий тузилиши, қурилиш босқичлари таркибини аниқлашда янги тадқиқотлар муҳим бўлди. Ҳозирда у Ўрта Осиёда ягона тўлиқ қазиб очилган ва илмий жиҳатдан ўрганилган, боз устига, тарихи аниқланган ибодатхона мажмуаси ҳисобланади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш жоизки, Афғонистон ёки Шарқий Туркистон буддавийлик ибодатхоналари ҳанузгача тўлиқ ўрганилмаган. Уларни фақат Фаёзтепа тузилишига қараб баҳолаш мумкин.

Шимолдан жанубга қараб 118 метрга чўзилган бўлиб, 3 қисмдан: ибодатгоҳ, монастр, (бу ерда коҳинларнинг матнларни кўчириши учун махсус жойи бўлган) ва ступадан иборат. Ступа Будданинг хоки устида қурилган меъморий иншоот. Ибодатхона Сотер Мегас (“буюк халаскор” деган маънони англатади) подшолик қилган Кушонлар даврида тўлиқ шаклланган. Кейинчалик Кушон подшоси Вима Кадфиз подшолиги даврида эса унинг ички қисмида қурилишлар амалга оширилган.

Канишка даврида ибодатхонада йирик қурилиш ишлари амалга оширилган. У III аср охирларига келиб, вайронага юз тутган ва кейинчалик IV асрда яна қайта тикланган. Бироқ, V аср охиридан бошлаб, у яна секин харобага айлана бошлаган. Фаёзтепани қайта кашф қилиш чоғида хоналардан 16 та Кушон даври тангаларининг топилиши муҳим воқеага айланди. Улар саналарни аниқлашда жуда муҳимдир. Маълумки, академик Эдвард Ртвеладзе бақтрия тилини мукаммал биладиган археолог.

Фаёзтепадан топилган бақтрия Катхарини ўрганишда у кишининг хизматлари катта бўлди. 70 дан ортиқ Фаёзтепа ёзувларининг катта ва майда бўлаклари қадимги Ҳинд, жумладан, Кҳарошҳи Браҳма алифбосида битилган. Аксарият бўлаклардаги ёзувларда матнлар яхши сақланиб қолган. Бу ёзувлар франциялик профессор Ж.Фуссман томонидан ўрганилмоқда. Ёзувлар милодий 20-50-йиллардан милодий 350 йилгача вақт ичида яратилган.

Термиздаги Фаёзтепа ибодатхонаси энг қадимгилардан ҳисобланади. Ҳолбуки, ҳозирги мавжуд маълумотларга кўра, Хитойда IV асрдан бошлаб ибодатхоналарга асос солинган. Яъни улар Фаёзтепадан кейин 300 йилдан сўнг юзага келган. Бундан кўринадики, Термиз буддавийлик дини тарқалишида муҳим ўрин эгаллаган экан. Кейинчалик ибодатхона қурилиши ундан узоқ бўлмаган Қоратепада ҳам ривожланган.

2004 йилдан бошлаб, Фаёзтепани қисман таъмирлаш ва тиклаш ишлари бошланди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг, “Маданий мерос” ёдгорликларини сақлаш ва ундан фойдаланиш бош бошқармаси, ЮНЕСКО нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Япония ТРАСТ Фонди ва бевосита Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Термиз Давлат университети иштирокида шу лойиҳа амалга оширилди.

 Мастура Хамроева

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи   Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон х...