понедельник, 1 января 2018 г.

ЯНГИ ЙИЛ: Самарали ислоҳотлар

Ўтган 2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамлар қўйилди. Жумладан, қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу йил қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради.


Ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси ҳам босқичма-босқич таъминланмоқда. Ўтган йилда имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жойлар қуриш лойиҳаси амалга оширила бошланди. Шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Миллий валютамизнинг эркин конвертацияси йўлга қўйилди. 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди.
12 та умумтаълим мактаби янгидан барпо этилди, 320 таси реконструкция қилинди, 152 та мактаб капитал таъмирланди. 107 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинди ва қурилди, 195 та боғча капитал таъмирланди. Мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. 11 йиллик таълим қайта тикланди.
Янги ташкил этилган институт ва филиаллар ҳисобидан юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 81 тага, ҳудудлардаги филиаллар 15 тага, хорижий университетлар филиаллари 7 тага етди. Олий таълим муассасаларида иқтисодиётнинг реал секторидаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, сиртқи ва кечки бўлимлар очилди.
Ўзбекистон Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, унинг таркибида бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди.
Ижодий уюшмаларнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, шунингдек, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида “Дўстлар клублари” ташкил этилди.
Ўтган 2017 йил жисмоний тарбия ва спорт соҳаси бўйича ҳам катта ишлар қилинди. Якунига етган йилда ўзбекистонлик спортчилар бокс, дзюдо, таэквандо, оғир атлетика, эркин кураш, самбо бўйича ўтказилган турли халқаро мусобақаларда салмоқли ютуқларга эришдилар. 2017 йил айниқса ўзбек миллий кураши тарихида ёрқин саҳифа бўлди. Сентябрь ойида Туркманистонда бўлиб ўтган Осиё олимпия кенгаши бош ассамблеяси йиғилишида ушбу миллий спорт турини Осиё ўйинлари дастурига киритиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Ўтган давр мобайнида ташқи сиёсат соҳасида хорижий давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида сезиларли натижаларга эришилди. Жорий йилда 21 та олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Натижада 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилди, қарийб 60 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги савдо ва сармоявий шартномалар имзоланди.

Яқин вақт ичида аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона қуриб, ишга туширилади. 2018 йилда 46 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади. Бу йилда намунавий ва арзон уй-жойлар қуриш кўлами жорий йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайтирилади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Ички туризм имкониятлари кўргазмада намойиш қилинди Сурхондарё вилояти ўзига хос ички туризм имкониятларига эга.  Шуни инобатга олган холда ...